Линклар

logo-print

Россия ФСБси полицияси билан ҳамкорликда ўтказган махсус амалиёт давомида Москванинг икки жойида ИШИДга алоқадорликда гумонланиб 18 нафар муҳожир ҳибс этилди. Ҳуқуқ тизимлари иддаосича¸ Ўзбекистон фуқаролари экани айтилаётган мигрантларнинг қалбаки ҳужжат тайёрлаш билан шуғулланиб келган.

ИШИДга алоқадорликда гумонланаётганларнинг аксари - ўзбеклар

29 март куни Москвада “Исломий давлат” террорчилик ташкилотига одам ёллаганликда ва у ерга кетаётганларни қалбаки ҳужжатлар билан таъминлаганликда гумонланаётган бир гуруҳ хориж фуқароси ҳибс этилди.

"ФСБ ва полиция олиб борган ҳамкорликдаги амалиёт давомида ИШИДга алоқадорликда гумонланаётган 20га яқин одам қўлга туширилди. Дастлабки маълумотларга кўра, Москвада улар ИШИДга янги аъзолар қидириш ва ëллаш билан шуғулланганлар", деб ёзди РИА-Новости.

Айтилишича¸ махсус амалиëтлар Москвадаги бир қатор манзилда¸ хусусан¸ Симоновский валдаги хусусий квартиралардан бирида ўтказилган. Ҳибсга олинганларнинг телефон ва компьютерлари мусодара қилинган¸ улар ëнидан турли давлатлар¸ хусусан¸ Туркия паспортлари топилган. Озодлик манбаларига кўра¸бу мавзедаги икки хонали квартирада 5 киши, 5 хонали яна бирида – 13 киши қўлга олинган.

Россия ҳуқуқ тизимларига кўра¸ бу паспортлар сохта ва улар ИШИДга ëлланганларнинг Россия ҳудудидан ортиқча текширувсиз чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида ҳозирланган.

Россия оммавий ахборот воситаларида аввалига ушланган мигрантларнинг 20 нафар экани, уларнинг барчаси Туркия фуқароси экани тўғрисида маълумот тарқалди. Кейинроқ, махсус амалиёт давомида қўлга олинганларнинг аксари Ўзбекистондан келгани, тинтув пайтида икки дона Туркия ҳайдовчилик гувоҳномаси топилгани маълум бўлди.

Айтилишича¸ ўзбекистонлик муҳожирлар ҳозирда полиция бўлимида сақланмоқда.

НТВ телеканали эфирга узатган видеохабарда террорчи ташкилотга алоқадорликда айбланаётганлар полиция ходимларига қаршилик кўрсатмагани ва сўроқ давомида террорчиликка мутлақо алоқаси йўқлигини гапиргани кўрилади.

- Мен 20 кун Москвада бўлмаган эдим.

- Нима қилаяпсан бу ерда?

- Бу ерда мен яшайман. Подмосковьеда ишлайман.

- Бу ҳужжатлар кимники?

- Билмадим.

Бу русчани базўр гапираётган кўринишидан ўзбек йигити ва мухбир ўртасида бўлиб ўтган суҳбат.

Видеолавҳада мусодара қилинаётган бир нечта сканер, компьютер ва принтерларларлан ҳамда топилган қалбаки патентлар, тиббиёт дафтарчалари, регистрациялар ва бошқа миграция ҳужжатларидан ўзбекистонлик йигитларнинг Москвага ишлагани келаётган юртдошларига сохта ҳужжатлар расмийлаштириш билан шуғулланиб келгани наглашилади.

Полиция матбуот хабарларини тасдиқламади

НТВ телеканалига берган интервьюсида Россия Федерация Кенгашининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича раиси биринчи ўринбосари Франц Клинцевич Россия махсус хизматлари “мамлакатда мавжуд террорчилик тармоқларини доимий тозалаб бораётгани”га қарамасдан, “Россияда ичкарисида террорчилик хуружларини уюштиришга интилаётган” гуруҳлар бор деган фикрни билдирди:

- Содир бўлаётган бу ҳодисалар кўлами бениҳоят катта! Бу йигитлардан мусодара қилинган техникага маблағ керакку. Примитив шаклда бўлса ҳам, улар қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб, хориждан келаётган ва кетаётганларни таъминлаб келган, жумладан Сурия ҳудудига одам жўнатиб турган, деди депутат Клинцевич.

Айни пайтда, ФСБ ва полиция томонидан махсус операция тафсилотлари борасида бирор аниқ маълумот берилганича йўқ.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмий сайтида 30 март куни соат 13:37 да қўлга туширилган муҳожирлар текширувдан ўтказилгани,“бир нечтаси миграция қонунчилигини бузгани”, яна иккитаси “сохта ҳужжатлар тайёрлагани учун жиноий жавобгарликка тортилгани” хабари чиқди.

Бу хабар билан Москва полицияси Россия оммавий ахборот воситалари “ИШИД террорчилари” тўғрисида олдинроқ хабар қилган маълумотни инкор этди.

Москва шаҳар полиция бошқармасининг Озодлик мухбири боғланган расмийси 29 март куни қўлга туширилган “ишидчилар” борасида маълумотга эга эмаслигини билдирди:

- Кечирасиз, афсуски бу ҳақда конкрет маълумотларим йўқ. Бу хабарларни на тасдиқлай ва на инкор қила оламан, деди Москва шаҳар полицияси бошқармасининг навбатчи офицери.

“Россия ҳукумати қўрқув ҳиссиётини кучайтирмоқда!”

Озодлик сўнгги пайтларда Россиянинг турли ўлкаларида “Исломий давлат” гуруҳи, “Ҳизб-ут Таҳрир”, “Нурчилар” ва Россияда тақиқланган бошқа диний ташкилотларга алоқаси борлигида гумонланиб меҳнат муҳожирларининг қама-қамалари кескин кўпайгани тўғрисида хабар бериб бормоқда.

Екатеринбургда бир гуруҳ ўзбеклар "ишидчилик"да айбланмоқда

Екатеринбургда бир гуруҳ ўзбеклар "ишидчилик"да айбланмоқда

Москвалик диний фаол, “Мусулмонлар ҳақлари учун” жамоатчилик ҳаракати раҳбари Али Чаринский Озодликка 29 март куни ушланган ўзбекистонликларни шунчаки майда қаллоблар эканига ишонишини гапиради. У охирги пайтларда оммавий ахборот воситалари Россия жамиятида “аксилтуркчилик” кайфиятини сунъий равишда қўзғатаётгани сабабларига тўхталди:

- ОАВ ва кучишлатар тизимлар – бу ижрочилар. Кремль эса бу сиёсат ёрдамида одамларда қўрқувни кучайтирмоқчи. Биз Сурияга кирганимиз, миллиардлаб доллар харажат қилганимиз ва ҳеч қандай натижасиз у ердан чиқиб келганимизни яна нима билан изоҳлаш мумкин?! Энди мана яна Палмирага спецназ жўнатаяпмиз! Одамлар ахир фикрлаяпти: хўп, Украинадаги уруш Қрим билан боғлиқ эди... Сурияда Россия нима излаяпти? Шу ерда маҳаллий газета-телевидение саҳнага кўтарилиб “Мана, бизни террорчилар йўқ қилмоқчи!” қабилида турли ёлғон репортажларни ва мақолаларни тарқатмоқда. Яъни Кремль бу кайфиятни кучайтирмоқда: ОАВ буюртмани бажардими – пулингни ол, ФСБ шов-шув кўтардими – мана сенга пул! Бундай ёлғон сиёсатдан эса¸ биринчи навбатда¸ Россия мусулмонлари норози, улар кимнингдир манфаатини кўзлаб ўз биродарларини ўлдиришни истамаяпти, деди Али Чаринский.

Айни пайтда¸ “Исломий давлат” гуруҳи 30 март куни Россия ҳудудида содир этган учинчи террорчилик ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Барча портлашлар Доғистон ҳудудида бўлиб, ўлдирилганларнинг ҳаммаси ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG