Линклар

logo-print

Жой тор бўлгани учун сарлавҳани қисқа ёздик. Унинг (сарлавҳанинг) тўлиқ варианти будир: Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келадиган андижонлик, фарғоналик, наманганлик, жиззахлик, сирдарёлик, самарқандлик, қашқадарёлик, сурхондарёлик, навоийлик, бухоролик, хоразмлик ва қорақалпоғистонликларнинг мақомини қирғизистонликларнинг мақомига тенглаштирди.

Ҳафтада 5 кун, таътил-маътил чиқариб юборилса, йилда 45-50 ҳафта матн ёзаверсанг, эсингдан чиқиб қолар экан, нимани ёзиб, нимани индамай ўтиб кетганинг.

Қирғизистонлик, масалан, ўшлик ўзбек Тошкентда яшайдиган қариндошиникига борса, унинг уйида ётиб қолиши мумкинмаслиги тўғрисида ёзганманми-йўқми – эрталабдан бери сайтимизни титиб тополмадим.

Ёзгандайману лекин тополмаяпман.

Ё ёзмаганмиканмана?

Излай-излай Меҳрибоннинг мақоласини топиб олдим. Мана у. Ишорани босишга эринганларга Меҳрибоннинг мақоласидан биттагина кўчирма:

Хорижлик (қирғизистонлик, деб ўқинг) Тошкентдаги қариндошининг уйида тунаб қолиши мумкин эмас, у Тошкентдаги фақат чет элликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга меҳмонхонада яшаши лозим.

Энди бу чекловни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келадиган андижонлик, фарғоналик, наманганлик, жиззахлик, сирдарёлик, самарқандлик, қашқадарёлик, сурхондарёлик, навоийлик, бухоролик, хоразмлик ва қорақалпоғистонликлар учун 1 апрелдан кейин кучга кирадиган чекловларга қиёсланг.

Меҳрибоннинг кечаги мақоласидан ҳам биттагина узинди:

Тошкентга 5 кундан ортиқ муддатга меҳмонга келган одамдан милиция бўлимида ҳисобга туриш учун қариндоши ёки танишининг уйида яшаш учун тузилган ижара шартномаси талаб қилинади. <...> Республика ОВИР бўлими расмийси вилоятдан Тошкентга келганларни меҳмонхонада туришларини тавсия қилди.

Тошкентга борадиган андижонлик, фарғоналик, наманганлик, жиззахлик, сирдарёлик, самарқандлик, қашқадарёлик, сурхондарёлик, навоийлик, бухоролик, хоразмлик ва қорақалпоғистонликнинг мақоми қирғизистонликнинг мақомига тенглашиб қолганини илғадингизми?

Мутлақо тенглашмабди, деярли тенглашибди, дейсизми?

Тўғри айтасиз. Деярли тенглашди.

Яқин келажакда “деярли” сўзи йўқолиб қолмаслигини сўраб, дуо қилинг.

***

Ҳа, айтганча, эринмасангиз, мана бу матнни ҳам ўқинг. Шу матн остида мана бу шарҳ чоп этилган экан:

муаллиф: узбек қаердан: шу олам

01.12.2015 17:35

Бу кетишда андижонликлар тошкентга хам виза билан кирса керак. энг кизиги узбек уз пойтахтида бемалол юра олмайди нима тошкенлик одам колган вилоятлилар ойдан тушганми !.Мен масалан россияда тошкентга караганда жуда хам ЭРКИН юрибман сабаби бу ерда ИНСОН кадри писта пучоги эмас!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG