Линклар

Бельгия Париждаги терактда гумонланган Салоҳ Абдесламни Франция топширади


Бельгия расмийлари ўтган йилнинг 13 ноябрида Парижда содир этилган террор ҳужумларида асосий гумонланувчи бўлмиш Салоҳ Абдесламни Францияга экстрадиция қилишга қарор қилдилар.

Бельгия прокурорининг маълум қилишича, Абдесламни Францияга ўтказиб бериш учун “авторизация” олинган.

Тўрт ойдан буён қочиб юрган Салоҳ Абдеслам 18 март куни Брюсселда ҳибсга олинганди. У 130 кишининг ҳаётига зомин бўлган Париж терактларини ҳозирлаш ва содир этишга кўмаклашганликда айбланмоқда. Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Абдесламнинг адвокати Седрик Моис ўз ҳимоясидаги шахснинг Франция расмийлари билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилаётганини айтди.

Франция адлия вазири Жан-Жак Урвоа, агар ҳеч қанақа фавқулодда ҳолат юз бермаса, Абдеслам яқин 10 кун ичида топширилишини, бельгиялик терговчилар уни Францияда тергов қилишда давом этишлари мумкинлигини билдирди.

Бельгия расмийлари Абдеслам Брюссель аэропорти ва метросида 22 март куни терактлар содир этган камида икки худкуш билан алоқада бўлган, дея гумон қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG