Линклар

Туркияда полициячилар автобуси портлатилди


Диёрбакирдаги полиция автобуси портлатилган жой.

Диёрбакирдаги полиция автобуси портлатилган жой.

Туркиянинг Диёрбакир шаҳрида полиция автобуси портлатилиши ортидан 7 нафар полициячи нобуд бўлди, 20 дан зиёд одам яраланди.

Аҳолисининг аксариятини курдлар ташкил қилувчи бу шаҳардаги портлашда ичига мина ўрнатилган автомобилдан фойдаланилган. Турк хабар агентликлари портлаш террорчилар томонидан содир этилганини ёзмоқда. Бу атама Туркияда кўпроқ курд исёнчиларига нисбатан қўлланилади.

Вашингтондаги ядровий хавфсизлик бўйича саммитда юрган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон мазкур ҳужум “террорнинг тасқара башарасини намойиш қилади”, дея баёнот берди ва Туркия куч ишлатар тузилмалари бу террорга чек қўйишда қарорли эканларини билдирди.

Туркия куч ишлатар тузилмалари ва бу мамлакатда тақиқланган “Курдистон ишчи партияси” жангарилари ўртасидаги тўқнашувлар қабатида сўнгги пайтларда Диёрбакирда ҳужумлар сони кўпайган. Хусусан, ўтган ҳафта бу гуруҳ шаҳар четидаги назорат-ўтказиш масканида содир этилган ва уч нафар хавфсизлик хизмати ходими умрига зомин бўлган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Анқара маълумотига кўра, 2015 йилда зўравонлик кучайганидан кейин Туркияда ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган 300 дан зиёд ходим ҳалок бўлган.

Номига қарамай, партия эмас, балки кўпроқ қуролли гуруҳ бўлган “Курдистон ишчи партияси” қисқа муддатли сулҳдан сўнг ўтган йил ёзида жанговар фаолиятини қайта бошлаган. Марксча-ленинча тамойилларга асосланмиш мустақил Курдистон давлатини қуриш иддаоси бўлган партия вакиллари қўлларига қурол олган 1984 йилдан буён икки ўртадаги тўқнашувларда 40 мингдан зиёд одам ўлгани айтилади.

XS
SM
MD
LG