Линклар

Вашингтонда ядровий хавфсизлик саммити очилди


АҚШ президенти Барак Обама (ўртада), Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе (чапда) ва Япония бош вазири Синдзо Абэ (ўнгда) ядровий саммитда, Вашингтон, 2016 йил 31 марти.

АҚШ президенти Барак Обама (ўртада), Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе (чапда) ва Япония бош вазири Синдзо Абэ (ўнгда) ядровий саммитда, Вашингтон, 2016 йил 31 марти.

31 март куни АҚШ пойтахтида ядровий хавфсизлик бўйича тўртинчи саммит очилди. Икки кун давом этадиган саммитнинг асосий мавзуси Шимолий Корея ядровий дастури туфайли юзага келган хатар ҳамда “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи қўлига ядро қуроли тушиб қолиш эҳтимоли бўлиши кутилмоқда.

Тадбирда элликка яқин давлат раҳбари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашади, бироқ улар орасида Россия президенти Владимир Путин бўлмайди. Буни ғарбликлар Украина шарқидаги қуролли тўқнашув ва Қримнинг аннексия қилиниши туфайли НАТО ва Москва ўртасидаги алоқалар совуб кетгани билан боғламоқдалар.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Бен Родс саммит ядровий материалларнинг террорчилар қўлига тушиб қолишининг олдини олиш ва “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашни кучайтириш каби масалаларни кўриб чиқиш имкониятини яратишини билдирди.

Родс 2010 йили Вашингтонда ядровий хавфсизлик бўйича ўтказилган биринчи саммитдан кейин ядровий материалларни қўриқлаш соҳасида катта иш қилинганини қайд этди.

АҚШ президентининг ёрдамчиси, шунингдек, “Россия саммитда иштирок этишдан бош тортиш орқали ўзини ўзи изоляция қилиб олди”, дея баён қилди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг саммитдан бош тортишини "анжуман масалалари ва мавзуларини ишлаб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорликдаги муайян танқислик" билан изоҳлади. Ядровий саммит АҚШ президенти Барак Обама ташаббуси билан 2010 йилдан буён икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда.

XS
SM
MD
LG