Линклар

logo-print

Тожикистон жанубида бозорда ишлаган савдогарлар низо қўзғаганликда айбланмоқда


Тожикистоннинг Хатлон вилоят прокуратураси “Зелло” интернет-радиоси орқали аксилҳукумат ташвиқотини олиб борганликда гумонланган 6 нафар тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатди.

Расмийлар Абдураҳмон Жомий туманидаги марказий бозорда ишлаган бу савдогарларга 36 ёшли Фарҳод Ҳайитов бош бўлганини иддао қилмоқдалар.

Хатлон вилоят прокуратураси ходимлари 1 апрель куни Озодликнинг тожик хизматига Фарҳод Ҳайитов, Некрўз Жумаев, Фарҳод Меликов, Сафарали Саидбеков, Жасур Рашидов ва Маҳмадкарим Алиев февраль ойи бошида тумандаги марказий масжид имом-хатибини кўпчиликнинголдида ҳақорат қилганидан кейин ҳибсга олинганларини маълум қилганлар.

Хатлонлик терговчилар иддаосича, шундан кейин Фарҳод Ҳайитов ўз шериклари билан бўш вақтини “Зелло” интернет-радиосида ўтказиб, у ерда аксилҳукумат ташвиқоти юритгани аниқланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда савдогар йигитларга қарши Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 1-банди 2-қисми (интернетдан фойдаланган ҳолда экстремистик фаолиятга ошкора чақирганлик) ва 307-модда 3-банди (мансабидан фойдаланган ҳолда экстремистик бирлашма тузганлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

- Тергов уларнинг WhatsApp дастури орқали ўзаро видеоматериаллар алмашгани, кейин бу материалларни ижтимоий тармоқларга жойлаганини аниқлади. Шунингдек, улар “Зелло” интернет-радиоси орқали ҳукуматни танқид қилганлар ва бошқаларни қонунга бўйсунмасликка чақирганлар. Улар иш жойларида ҳам шунақа ташвиқот тарқатиб юрганлар. Уларга қарши ўнлаб одам гувоҳлик кўрсатмаси берди, - дея иқтибос келтиради прокуратура вакили сўзларидан Озодликнинг тожик хизмати.

Айни пайтда Фарҳод Ҳайитовнинг укаси Шерали туғишганининг “туҳмат қурбони” бўлганини айтмоқда.

Шералига кўра, Фарҳод бозорда мобиль телефонлар ва флэшкалар сотган, баъзан мижозларга пул эвазига ўз интернетидан фойдаланишга рухсат берган.

- Кимдир унинг жиҳозларидан фойдаланган экан, энди эса барча айбни унга тўнкаяптилар, - деди Шерали.

У акасининг муллани ҳақорат қилганига оид айбловлар ҳам ёлғонлигини айтади.

- Гап шундаки, у маълум вақтдан бери намоз ўқимай келяпти, ҳеч қанақа баҳсда ҳам иштирок этмаяпти. Аксинча, у бу мулла билан салом-алик қилиб юрган. Фарҳод қўлга олинганидан кейин бу мулла биздан қочадиган бўлиб қолди, - деди Шерали.

Тожикистон расмийлари экстремизм мамлакат учун жиддий хавф туғдиришини айтиб келадилар. Сўнгги икки ой ичидаёқ Тожикистонда Салафийлик оқимига мансубликда айбланган 100 га яқин одам ушланган.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, мингдан зиёд тожикистонлик Сурия ва Ироқдаги урушларда иштирок этиб юрибди. Расмийлар бу фуқаролар урушга экстремистик ғоялар ташвиқоти таъсирида кетган, деб ҳисоблайдилар.

XS
SM
MD
LG