Линклар

logo-print

UzGazOil ширкатининг Тошкент шаҳридаги давлат нархида бензин сотадиган ёнилғи қуйиш шохобчалари сони қисқартирилиб, тижорий нархда сотадиган шохобчалари сони кўпайтирилади. Бу ўзгаришлар боис UzGazOil ширкатида катта қисқартиришлар ҳам кутиляпти. Бу ўзгаришлар UzGazOil АЁҚШларининг норентабеллиги билан боғлиқ экани айтиляпти.

UzGazOil раҳбариятига яқин манбанинг Озодликка айтишича, Тошкент шаҳрида давлат нархида бензин сотадиган ёнилғи қуйиш шохобчаларининг фақат саккизтаси қолади, қолгани хусусий қўлларга ўтказилади, тижорий нархда бензин сотадиган шохобчаларга айлантирилади:

- Чунки давлат нархида бензин сотадиган шохобчаларда тушум деярли бўлмаяпти, - деди манба.

Бу ўзгаришлар боис UzGazOil ширкатида катта қисқартиришлар ҳам кутиляпти.

Нотижорий нархда бензин сотувчи шохобчаларнинг ходимларини ишдан бўшатиш аллақачон бошланган.

– Ҳозир Тошкентда UzGazOilга қарашли АËҚШларда олти одам смена алмашиб ишлаяпти, лекин уларда тушум йўқ. Тижорийларда ишни уч одам эплаяпти, ишлар ривож¸ дейди манба.

UzGazOil ширкати шохобчаларида бензинни кам қуйиш, расмий баҳодан юқори нархларда чайқовчиларга сотиш оддий ҳолга айланиб қолгани, бунинг оқибатида ширкатнинг даромад кўрсаткичлари ҳам пасайиб кетгани хабар қилинган эди.

Афтидан, ширкат юзага келган вазиятни англаб етган кўринади.

UzGazOil ширкати мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда тижорий нархда бензин сотидиган шохобчаларни кўпайтириш режалаштирилаётганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда шундан ортиқ изоҳ беролмаслигини айтди.

- Бизда давлат нархида бензин сотадиган ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳам бор, тижорий нархда сотадигани ҳам бор. Лекин қанчаси тижорийлаштирилади, қанчаси қолади, бу ҳақда мен изоҳ бериш ваколатига эга эмасман. Лекин кўпчилиги коммерция бензинига ўтади, - деди Озодлик боғланган UzGazOil мулозими.

Ўзбекистонда халқ орасидаги оммабоп Аи-80 бензинининг бир литрининг давлат белгилаган нархи 2005 сўмни ташкил этмоқда.

Халқ орасида "коммерция бензини" деб аталувчи бензиннинг нархи 3000 сўм атрофидадир.

"Ўзнефтмаҳсулот" мулозимлари Тошкентда сотилаëтган арзон бензиннинг кўп миқдорда вилоятларга олиб кетилаётгани ва бензин чайқовчилиги манбайига айланаётганини айтишганди.

Zeromax нефт ва газ ширкати таркибига кирган UzGazOil АЁҚШлари 2005 йилда ишга туширилган.

Олти йил аввал Zeromax касодга учраши ортидан UzGazOil давлат тасарруфига олинди.

Шундан сўнг ширкатнинг даромад кўрсаткичлари кескин пасайиб кетди.

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги тез-тез кузатила бошлади.

Ўзбекистон ўз нефт захираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурслари ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг бензинга бўлган эхтиёжини қондириш учун четдан йилига камида 4 миллион тоннадан ортиқ бензин сотиб олишига тўғри келиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG