Линклар

Тошкент метрополитени ва маршрут таксиларида йўловчиларни “огоҳликка ундовчи” янги мазмундаги плакатлар пайдо бўлди. Авваллари айтиб келинган “шубҳали буюмларни кўрганингизда¸ метрополитен ходимларига хабар қилинг” даъвати ëнига энди¸ “давлат сиëсатига қарши гапираëтган одамларни кўрсангиз¸ милиция ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг”¸ деган чақириқ қўшилди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан бири¸ пойтахт метроси бекатлари ва вагонлари ичида янги огоҳлантирув матнлари пайдо бўлганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади:

- Уч кунча олдин метрога тушганда¸ вагон деворида кичкина ҳарфлар билан ëзилган янги эълонга кўзим тушди. Тўлиқ матнини ҳозир айтиб беролмайман. Ëдимда қолгани¸ жамоат жойларида одамлар тўпланиб¸ давлат сиëсатига қарши гапираëтган бўлса¸ айнан гуруҳ бўлиб гапираëтган бўлса¸ милиция ходимларига хабар қилинг¸ деб бир қатор телефон рақамлари берилган. Ўзи ҳар бир метро бекатига ташқаридан кираверишда¸ кейин пастда¸ танга ташланадиган жойда милиционер туради ва каттароқ сумкалиларни текширади¸ ҳужжат сўрайди. Ҳар бир бекат ичида яна камида иккитаси туради. Сиëсатга қарши гапирганларни шуларга¸ ëки ишонч рақамларига телефон қилиб¸ чақиб бериш сўралаяпти¸ дейди тошкентлик манба.

Айни суҳбатдошга кўра¸ бундай эълонлар нафақат метрополитен¸ балки бошқа жойларда¸ хусусан¸ маршрут таксиларда ҳам пайдо бўлган:

- Бу нарса битта метрога тааллуқли эмас. Одамлардан қаерда бўлишидан қатъий назар¸ учта-тўртта одам тўпланган жойда давлат сиëсатига қарши гап бўлаëтган бўлса¸ шу ҳақда милицияга хабар қилиш сўралмоқда. Яқинда маршруткада ҳам айни шундай эълонга кўзим тушувчи. Унда Тошкент шаҳридаги ҳар бир район милициясининг тегишли рақамлари ëзилган эди. Автобусга чиқмаганим учун¸ уларнинг автобусда бор-йўқлигини билмайман¸ деди суҳбатдош.

Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич 1 апрель куни ўзи гувоҳ бўлган бундай плакатлар мазмунини аҳолини огоҳлик эмас¸ чақимчиликка даъват қилиш деб баҳолади.

“Ўзбекистон қонунчилигида кафолатланган сўз эркинлиги Ўзбекистонда террор ҳаракатига тенглаштирилди. Тошкент метросига осилган янги плакатлар шундан далолатдир. Бундан аввалги абстракт огоҳликка даъват қилувчи плакатлардан фарқли янгиларида фуқаролар очиқдан-очиқ чақимчиликка таклиф қилинмоқда”¸ дейди тошкентлик мустақил журналист.

Айтилишича¸ кўк рангли кичик ҳарфларда метро вагонлари ва касса деразасига ëпиштирилган оддий принтердан чиқарилган бундай варақалар фақат ўзбек тилида ëзилган.

2011 йилда Бош вазир Шавкат Мирзиëев қарори билан Тошкент метрополитенидан тижорий рекламалар олиб ташланган¸ 2013 йилдан эса¸ поездларнинг бўм-бўш деворларига аҳолини террорчиликдан огоҳ бўлишга даъват қилувчи матнлар ëпиштирилган эди.

Кўп ўтмай метрода “Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг¸ огоҳлик давр талаби” деган овозли чақириқларни узлуксиз қўйиш ҳам йўлга қўйилган эди.

2015 йил декабридан Ўзбекистонда жамоат транспорти ҳайдовчилари ва киракашларни террор ҳужумларига қарши ҳушёрликка чақириш жараëни бошланган эди.

Хусусан, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларга автотранспорт воситасида шубҳали шахс ёки шубҳали буюм борлиги аён бўлса¸ зудлик билан салондан йўловчиларни тушириб, милиция органларига хабар бериш лозимлигини уқтиришга киришилган эди.

Озодликка бундай чораларни изоҳлаган Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги расмийси автотранспорт воситаларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва террорчилик ҳужумлари олдини олиш мақсадида бу жараëнга қўл урилганини айтган эди:

- Шубҳали нарса ёки одамни кўрсангиз, диний даъватлар ёки террорчилик аломатларини кузатсангиз керакли жойга хабар бериш керак, машинани салонидами, автобусдами, бекатдами, бу ҳамма ҳайдовчиларга таалуқли. Ҳозир бу борада ҳайдовчиларга қўлланма ва йўриқномалар тарқатилмоқда. Ҳар бир автобус, микроавтобус ва енгил машина салонига илова қилинаётган тарғибот чақириқларини жойлаштиряпмиз, деган эди ўтган йил декабрида Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги расмийларидан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG