Линклар

Россия Тергов қўмитаси раиси Владимир Маркин 22 йилга қамалган украиналик учувчи аёл Надежда Савченкони Украинадаги рус маҳбусларига алмаштириш мумкинлигини маълум қилди.

"Албатта 22 йиллик жазони ўтаса, адолатдан бўларди. Лекин Киев зиндонларида ўтирган яхши ва ҳалол инсонларни қутқаришга кўмаклашса, унда алмаштириш мумкин", деган Маркин.

Тергов қўмитаси раисининг ушбу баёноти "Вечерний Челябинск" газетасида эълон қилинган. Бироқ кечга бориб, мақола газета сайтидан олиб ташланган.

Украинадан ўғирланиб Россияга олиб келинган Надежда Савченкога нисбатан ҳукм 22 март куни Ростов вилояти Донецк судида ўқилган эди. У Украина шарқидаги урушни ёритаётган икки рус журналисти ўлимига алоқадорликда айбланмоқда. Адвокатлар журналистлар ўлдирилган пайтда Савченко Россия қамоғида бўлгани тўғрисида далил-исботлар борлигини айтиб келади, лекин суд бу далилларни инобатга олган эмас.

Украина президенти Петро Порошенко Савченкога нисбатан судни “шармандалик”, деб атаган ва учувчини Украина шарқидаги уруш жараёнида асирга олинган россиялик ҳарбийлар Александр Александров ва Евгений Ерофеевга алмаштиришга тайёр эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG