Линклар

Оксана Чусовитина Жаҳон кубоги босқичида олтин медални қўлга киритди


Оксана Чусовитина

Оксана Чусовитина

Гимнастика бўйича 3 карра Жаҳон чемпиони бўлган Оксана Чусовитина Германиянинг Котбус шаҳрида бўлаётган халқаро мусобақада олтин медални қўлга киритди. Спортчини ғалаба билан қутлаган Лола Каримова-Тиллаева Instagramдаги саҳифасида уни "мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган спортчи" деб таърифлади. 41 яшар Чусовитина 1992-2012 йиллар оралиғида 6 бор Олимпиада ўйинларида иштирок этган ягона гимнастикачидир.

Котбусда бўлаётган мусобақаларда иштирок этаётган 41 яшар спортчи Оксана Чусовитина бу гал ҳам энг юқори балл - 14,700 балл тўплади.

Унинг рақиби бўлган хитойлик спортчи Ву жинг 14,350 балл, словениялик спортчи Тясе Кисселф эса 13,966 балл тўплади.

Оксана Чусовитина жаҳон спорт гимнастикаси тарихида кетма-кет олти Олимпиада ўйинларининг иштирокчиси бўлган ягона донгдор гимнастикачи саналади. Шунингдек, у уч бора Жаҳон чемпиони бўлган.

Асли ўзбекистонлик гимнастикачи оилавий шароити боис, 2006 йилдан буён Германияни намоён этиб келаётганди.

2013 йилда Халқаро Гимнастика Федерацияси Ижроий Қўмитаси Оксана Чусовитинанинг қайтиб Ўзбекистонни намоён этишига изн берган.

Шундан бери Чусовитина Европадаги қатор нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этди.

Шу йилнинг январь ойида гимнастика бўйича АҚШнинг Ҳьюстон шаҳрида ўтган халқаро мусобақада олтин ва кумуш медални қўлга киритди. Февралда ҳам Бакуда ўтадиган Жаҳон кубоги босқичида иштирок этиб, олтин медал қозонди.

Котбус шаҳридаги 2 апрель кунги ғалабаси эса сопртчини Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаева ҳам ўзининг Instagram тармоғидаги саҳифаси орқали табриклади ва уни "мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган спортчи" деб таърифлади.

Оксана Чусовитина спорт гимнастикасидаги карьерасини ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида, СССР терма жамоаси сафларида бошлаган.
Оксана йирик халқаро мусобақаларда қатнашаётган пайт унинг бугунги рақиблари ҳали дунёга келмаган эди.

Мустақиллик йиллари спорт гимнастикаси бўйича у Ўзбекистон терма жамоасига мураббийлик ҳам қилган.

Чусовитина 1975 йили Бухорода туғилган, спортдаги карьерасини 1991 йили бошлаган. У 1992 йилги Барселона олимпиадасида олтин, 2008 йилга Пекин олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган.

XS
SM
MD
LG