Линклар

Президент Алиев оиласининг оффшор фирмалари фош қилинди


Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева.

Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева.

Панамада жойлашган Mossack Fonseca юридик ширкатидан сиздирилган ҳужжатларга кўра, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг оиласи махфий оффшор ширкатларига эгалик қилади.

3 апрель куни журналистлар халқаро консорциуми Mossack Fonseca сўнгги 40 йил давомида тайёрлаган 214 мингга яқин ҳужжат бўйича дастлабки ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатларда ёзилишича, Алиевнинг турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиева 2015 йил Панамада жойлашган оффшор ширкатнинг етакчиларидан бири ўлароқ кўрсатилган. Бу ширкат ўз навбатида AtaHolding конгломератини бошқарган.

Яна бир ҳужжатда Алиевнинг уч фарзанди ҳамда юқори лавозимли солиқ хизмати ходимлари бенефициар, яъни тушган фойдани олувчи шахслар ўлароқ кўрсатилган. Лекин бу таклиф расман қабул олингани ёки йўқлиги номаълум.

Бундан ташқари, Алиевнинг икки қизи Озарбайжон олтин конларини бошқарувчи ширкатлар гуруҳи акцияларига эгалик қилувчи Панама ширкатини бошқарган.

Ҳужжатларда президентнинг опаси 2005 йил Британия Виргин оролларида очилган ширкатнинг ягона эгаси эканлиги айтилган. Лондоннинг бадавлат қисмида жойлашган уй унинг манзили сифатида кўрсатилган.

Бир йил аввал президент Алиев ва унинг яқинларига тегишли оффшорларнинг Озарбайжон бюджетига солиқ тўламагани ҳақида хабар қилинган эди. Ўшанда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда унинг оила аъзолари бошқарувидаги ширкатлар мамлакат бюджетига 600 миллион доллар кам пул тўлагани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG