Линклар

logo-print

Бир яхши гап айтиб қўйиш эҳтиёжи сайтимизнинг пана-пучмоғида бекорчиликдан мудраб ётган “Телевизор” рукнини уйғотишга мажбур қилди. Сал кечроқ айтилаётган гап, лекин гап яхши бўлса, менимча, қачон айтса ҳам бўлаверади. Гапки, Озодбек Назарбековнинг қарийб икки ой олдин “Ёшлар” кўрсатган концерти ҳақда.

Озодбекни мен бундан 8 йил олдин – 2008 нинг ёзида Ўшдаги уйимнинг салқин айвонида “танидим” - ўша йилги концерти ёзилган дискни чалқанча ётволиб, икки марта эшитдим.

Кейин болалик ўртоғим келди. "Озодбек деганни эшитганмисан", дедим ўзим каби мусиқадан узоқ ўртоғимга.

"Йўқ", деди у ва мен “янги чиққан артис боланинг” “яхшийди” деб тугайдиган қўшиғини хиргойи қила бошладим. Ўртоғим менга қараб турди-турди-да, хиргойимни шартта бўлиб, “Агар сенга ўхшаб айтадиган бўлса, Озодбегингнинг овози икки пулга қиммат экан” дедию, гапни доллар курсигами, гўшт нархигами бурворди.

Ўшандан бери ҳаммомда ёлғиз қолсам ҳам хиргойи қилмайман.

Мен ўртоғимга Озодбекнинг овозини мақтамоқчимасдим – ўлай агар, тушунмайман бу нарсани: қанча қаттиқ чиқса, овоз шунча яхши, деб ўйлайман.

Мен ўртоғимга Озодбекнинг интонациялари (атайлаб “оҳанглари” демаяпман чалғимаслик-чалғитмаслик учун) спектрининг фавқулодда ранг-баранглигини айтмоқчи бўлгандим.

Интонациялардаги ньюанслар эпкиндай енгил, тушдай ҳавойи эканлигини, ўша енгил, ҳавойи ньюансларнинг ҳар бири менинг эканини, ҳар бирини ўз умримда кўп марта яшаб ўтганимни ҳис қиларимни айтмоқчи бўлгандим.

Айттирмади ўртоғим. Гапни доллар курсигами, гўштнинг нархигами бурворди...

Ўшандан бери ўйлардим Озодбекнинг спектри бой интонацияларини. Овозининг имкониятларидан, деб билардим. Овознинг ўзи ўйнайди, деб ўйлардим.

Ўзи ўйнамас экан, эгаси ўйнатар экан. Интонациядаги ҳар бир ньюанс меҳнат, изланиш маҳсули экан, деб тушундим унинг қарийб икки ой олдинги концертини youtubeдан кўриб-эшитиб.

Озодбекнинг Бобур ғазалларига басталаган қўшиқларидан иборат концерти шакли билан ҳам, мазмуни билан ҳам мени йиқитди.

"Уйқу келсин"га бошлаган эдим кўришни, уйқумни қочирди.

Озодбек “минг” йиллик штамплардан қоча олганини кўрдим.

Назм қисми филология профессорига, Наво қисми консерватория профессоригагина қизиқ бўлган навбатдаги “минг" йиллик “Назм ва Наво” қилиб қўймаганига суюндим.

Бобурнинг ғазалини бар курсисида ўтириб ҳам, гитара чалиб ҳам айтса бўларини, шундай қилинса, осмон узилиб, ерга тушмасини кўрдим.

Адабиётни "Одобнома" деб биладиган ўзбек адабиёти муаллимларининг кўнгилни айнатувчи пафосидан Озодбек турган саҳна ҳоли бўлганига суюндим.

Ўша пафос пастда – тик турган кўрувчи-талабалар орасида қўшиқлар орасидаги блиц-интервьюларда сезилди, албатта. Лекин саҳнада сезилмагани муҳим.

Муҳими, миллат ўша уятли пафосдан ҳеч йўқ битта концертда - Озодбекнинг концертида қутулди.

Скрипкачилар оркестрини кўриб кўзларим қувнади, эшитиб мазза қилдим.

Минимализм стилида ишланган саҳна безаги эса, алоҳида бир “қўшиқ”.

Баҳайбат экранларда ҳадеб булутларни кўрсатаверишгани аввалига бироз эриш туюлди. Учинчи қўшиқдан бошлаб булутлар ўрнига “минг” йиллик усулларни қўллай бошлашларидан: мавзудан келиб чиқиб, Бобурнинг, минораю мақбараларнинг суратларини, Шарқ рассомларининг миниатюраларини кўрсатишларини кутиб, қўрқиб ўтирдим. Йўқ, кўрсатишмади йигитлар. Беш кетдим.

Менга фақат бир нарса – Озодбек куйлаган ғазалларнинг матнлари етмади. "Ортдаги экранларга чиқарса, қандай бўлардийкин?" деб ўйладим. Ўйладиму ўйимдан қайтдим: дизайн концепцияси бузилган бўларди. Караоке-барга ўхшаб қоларди.

Балки телевизорда бераётганларида экран остига ёзсалар бўлармиди?!

Бошқаларни билмадиму, шахсан менинг нафақат мусиқага, балки шеърга ҳам, айниқса ўрта асрлар шоирлари матнига қулоғим оғирроқ. Масалан, Шерали Жўраевнинг “Баҳор айёмидур”ини минг марта эшитганману лекин айнан қандай сўзлар айтилаётганини ҳануз илғай олмайман :)

Хуллас, қутлуғ бўлсин Озодбекка концерти.

Ҳаммамизга қутлуғ бўлсин.

Катта яхши кўриб турсин уни. Ёмон кўриб қолишидан Худо сақлаб турсин.

***

Ҳа, айтганча, Ўшдаги ўртоғимга жўнатвордим концертга ишорани. Бир кўрсин, маза қилсин, долларнинг курсию гўштнинг нархидан бошқа нарсалар ҳам борлигини билсин хумпар...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG