Линклар

"Исломий давлат" Марказий Осиёдан оилаларни жиҳодга ёллашга уринмоқда


Ўзини Абу Амин, деб таништирган кекса жангари

Ўзини Абу Амин, деб таништирган кекса жангари

Ироқ ва Шомда жанглар кучайиб, талофотлари ошаётган "Исломий давлат" Марказий Осиёдан оиласи билан жиҳодга борган жангарилар даъвати ўрин олган тарғибот видеоларини пешма-пеш эълон қилмоқда. Ўтган ҳафтада экстермист гуруҳларнинг рус тилидаги сайтларида бола-ота-бобо тилидан даъватлар янграган икки видео чоп этилди. Улардан биридаги бобо - ёши 60дан ошган ўзбек жанггариси бўлди.

Янгиланган тарғибот

"Исломий давлат" (ИД) ғояларини ижтимоий тармоқларда ёйиб келаётган Furat Media гуруҳи тарқатган видеолардан бири 30 дақиқалик ва унда асли ўшлик бўлган 60лар атрофидаги жангари ҳамюртлари, айниқса, Туркияда юрган ҳамюртларини Сурияга чорлайди.

Ўзини Абу Амина, деб тақдим қилган кекса жангарининг кўзёшлари аралаш равон нутқ билан қилган даъвати Марказий Осиёнинг барча ёшдаги мусулмонларига қаратилган.

Яна бир видеода эса қозоғистонлик жангарилар болалари билан бирга ҳамюртларини Сурияга жиҳодга келишга чорлайди. Бу видеода 4-6 ёшлар атрофидаги гўдак қўлида қурол билан кадрга ўқталиб, президент Нурсултон Назарбоев номига таҳдид сўзларини такрорлайди.

Оилаларга чақириқ

Ҳар икки видеода жангарилар ИД ҳалифалиги бир давлатга айлангани, унинг ичида бошқарув ва давлат тизими шакллангани, мактаблар, боғчалар, ишхоналар ишлаб турилганига урғу бермоқдалар.

Ана шу асос билан улар ҳамюртлари оилалари билан жиҳодга ҳалифаликка келишга чорламоқдалар. Ҳар икки видеода жангарилар ўғиллари ва набиралари билан бирга акс этган.

Жумладан, ўшлик Абу Амина набираларидан бири билан тушган суратини ҳам эълон қилган. У аввал жуда кўп гуноҳ ишлар қилгани, Ўшдаги масжидлардан бирига қатнаб юриб, ҳақиқатни танигани ва бунинг ортидан оиласи ҳалифаликка келиб ерлашганини таъкидлайди.

Қизлари, куёвлари ва 60 яшар хотини билан ИД ҳалифалигига ўтиб, ойига 51 АҚШ доллари миқдоридаги маош билан яшаётганини айтган Абу Амина ҳалифаликда оилалари билан келаётган жангарилар учун ҳамма шароит борлигини даъво қилади.

Ҳикоясига кўра, бу ветеран жангари ИДга қўшилгунига қадар Афғонистон ва Покистонда ҳам бўлган.

ИД тарғиботи қаҳрамонлари

ИД тарғибот ролuгининг навбатдаги қаҳрамони - ўзини "Оллоҳнинг Ўшда катта бўлган қули" сифатида таништирган Абу Амина ўта равон ва аниқ мақсадга йўналтирилган нутқ билан ярим соат давомида кадрда қолади.

Озодлик бу жангари шахсига оид маълумотларни топишга уринди, ҳозирча муваффақ бўлмади. Озодлик илтимоси билан бу видеони томоша қилган қирғизистонлик экспертлардан бири эса унинг нутқини таҳлил қиларкан, бу "асосан, Туркиядаги марказий осиёлик мусулмонларга қаратилган ўта агрессив даъват" деб баҳолади.

"Нутқ услуби 90-йиллар бошида кўпайган кўча болалари - "разборщик"лар ёки қамоқда ўтириб чиққан "смотрящий"ларнинг услуби. Бир қанчаси синган-тушган тилла тишлари бу тахминни янада қувватлайди. Бир вақтлар бундай кишиларнинг бозори қайнаган. Ҳозир уларнинг аксарияти дин йўлига ўтиб, Сурияга кетворишди. Эътибор берилса, жуда агрессив ҳамда вақти-вақти билан самимий оҳангда сўзлаяпти. Илми ҳаминқадар, оми мусулмонга етадиган даражада. Нутқидаги даъволарнинг аксари "Салафийлар" оқимидан олинган тайёр кўчирмалардан иборат. ИД тарғиботчилари бу кишини бежиз танламаган", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ва исмини очиқлашни истамаган эксперт.

Бундан ташқари, бу қаҳрамонларнинг мусулмонлар ишончини қозониш мақсадида ўтмишдаги ҳаётини таъсирли услубда ҳикоя қилишга уриниши кузатилади. Жумладан, ўзини Ринат Жумабеков, деб таништирган қозоғистонлик жангари муқаддам ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаганию кейини Оллоҳни таниганини айтади.

Кекса ўзбек жангариси эса кўп йиллар давомида Афғонистон ва Покистонда юриб, кўплаб адашган ўзбек мужоҳидларини кўргани, булар орасида "Исломий жиҳод иттиҳоди" гуруҳининг етакчиларидан бири Нажмиддин Жалолов ҳам бўлганини айтаркан, "адашган" ўзбек мужоҳидларини бугунги ИД жангариларига қиёслаб, қоралайди.

ИД қарши кураш ва рақобат исканжасида

Туркия ва МОдаги марказий осиёликларга нисбатан кучли оҳангдаги тарғибот ўрин олган бу видеоларнинг тарқалиши ИДнинг талофотлари ошаётган ва унинг рақиби бўлган "Жабҳатан Нусра" билан рақобат кучаяётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Террорчи саналган ҳар икки гуруҳ тарғиботда бир-биридан фарқли ғоялардан фойдаланмоқда. ИД ҳалифалик ғояси, "Жабҳанат Нусра" эса ўз халқини эзаётган президент Асад армиясига қарши жиҳод ғоясини тарғиб қилмоқда.

Зеро, "халқини қираётган Асадга қарши жиҳод" ғояси Марказий Осиё ва Россиянинг мусулмон ўлкаларидан бораётган жангарилар учун ҳануз таъсир кучини сақлаб турибди.

Хусусан, Суриядаги ўзбек жиҳодчиларининг йирик гуруҳи - "Тавҳид вал Жиҳод" катибаси ҳам айни ғояни муттасил тарғиб қилади. Бу катиба ана шу мақсад остида "Ал-Қойда"нинг қаноти бўлган "Жабҳатан Нусра"га бирикканини эълон қилган.

Дарвоқе, "Тавҳид вал Жиҳод" катибаси ҳам ўз видеоматериалларини пешма-пеш ижтимоий тармоқларда ёйишга уринаркан, Сурияда рус учоқлари бомбаси остида қолган оддий аҳоли вакиллари акс этган кадрлардан фаол фойдаланади.

Хавфсизлик хизматлари таъсири

Бундан ташқари, кейинги пайтларда Марказий Осиё республикалари ва Россияда ҳам ИДга одам ёллаётган гуруҳлар ҳамда радикаллашаётган жамоалар устидан назорат кучаймоқда.

Хусусан, Ўзбекистондан четга ишлагани кетган ва ИДга хайрихоҳ бўлгану бўлмаган ҳамма-ҳамманинг яқинлари ўз юртида қисув ва назоратга олина бошлагани кузатилмоқда.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи босими остида қолган Туркия ҳукумати ҳам кейинги ойларда Сурия билан чегарасини қаттиқроқ назорат қилишга уринмоқда.

Бу каби чоралар натижасида жиҳод умидида дунёнинг турли ўлкалари, шу жумладан, Ўзбекистондан борганларнинг Сурия ва Ироққа ўтиши нисбатан озая бошлагани айтилмоқда.

Шу боис, ИД тарғиботни кучайтириш ва ижтимоий тармоқлар орқали мужоҳидларни даъват қилиш, ёллашга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG