Линклар

Савченко яна очлик акцияси бошламоқчи


Украиналик учувчи Надежда Савченко.

Украиналик учувчи Надежда Савченко.

Россияда 22 йилга озодликдан маҳрум қилинган украин учувчиси Надежда Савченко 6 апрелдан эътиборан қуруқ очлик акциясини бошлайди. Бу ҳақда Савченконинг адвокати Николай Полозов Твиттер микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Полозовга кўра, Савченко зудлик билан Украинага қайтарилишини талаб қилмоқда. Аввалроқ адвокат Полозов учувчи аёлнинг соғлиғи барқарор экани, у фақат сув ичаётганини маълум қилган.

Украина шарқида 2014 йили россиялик икки журналистнинг ўлимига алоқадорликда айбланган Надежда Савченко шу йилнинг 22 март куни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Ҳукм 5 апрелдан кучга кирган.

Савченко ўзига қўйилаётган айбловни инкор қилган ҳамда ўзининг ҳибс этилиши ва судланишига норозилик ифодаси ўлароқ бир неча марта очлик эълон қилган.

Учувчининг адвокатлари олдинроқ Савченко ўзига нисбатан жиноят ишининг қонуний эканини тан олмагани учун суд ҳукми устидан шикоят аризаси ёзмаслигини билдиргандилар.

Савченко 2014 йил июнида Украина шарқида айирмачиларга қарши кўнгиллилар батальонида жанг қилаётган пайтда қўлга олингани ва Россияга ноқонуний равишда олиб келинганини айтиб келади. Украина президенти Петро Порошенко Киев Савченкони россиялик маҳбусларга алмашишга тайёрлигини билдирган, бироқ Кремль учувчи аёл қамоқ муддатини Россияда ўташини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG