Линклар

logo-print

Ўзбекистонга қарашли пансионатларни Қирғизистон ўз ихтиёрига ўтказмоқчи


Иссиқкўлдаги дам олувчилар.

Иссиқкўлдаги дам олувчилар.

Қирғизистон Бош вазири 4 март куни Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга тегишли тўрт пансионатни 80 гектар ери билан Бишкек ихтиёрига ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Мазкур пансионатлар Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистондаги турли давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобидан бунёд этилган эди.

Қирғизистон ўзбек пансионатлари учун Тошкентга ҳақ тўлаши ёки тўламаслиги номаълум

Қирғизистон ҳукуматининг матбуот хизмати маълумотига кўра, 4 апрель куни Бош вазир Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли бўлган “Роҳат”, Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистонга қайтариб олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

Мазкур пансионатлар Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистондаги турли давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобидан бунёд этилган, мустақилликдан сўнг эса уларнинг мақоми ноаниқ бўлиб қолаётган эди.

Ўзбекистонга тегишли бўлган “Олтин қум” пансионати ҳозирда Тошкент механика заводи, деб аталётган собиқ Чкалов номидаги авиация заводи томонидан 1972 йилда барпо этилган. Механика заводи расмийси Николай Колодов қирғиз ҳукуматининг бу қарори ҳозирда завод раҳбарияти томонидан ўрганилаётганини айтди:

- Бу иш билан ҳозир тегишли органлар шуғулланаяпти. Мен бу қарор ҳақида эшитдим. Лекин ҳозирча бирон нарса дея олмайман. Қирғизистон ҳукуматининг қарори муносабати билан пансионатнинг директори Тошкентга чақиртирилган. Ҳозир бу қарор тегишли давлат органлари томонидан ўрганилиб, муҳокама қилинаяпти. Аммо бир нарсани айтиш лозимки, бу пансионат заводимиз ҳисобидан қурилган эди, бу ерда жуда кўп ишчиларимиз дам олар эди, - деди Николай Колодов.

Қирғиз ҳукумати қарорида қайд этилган пансионатлардан яна бири “Роҳат” бўлиб, мазкур пансионат Ўзбекистон миллий банкига тегишлидир. Миллий банкнинг ўз номини айтишимизни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган расмийси айни пайтда банк раҳбарияти қирғиз ҳукумати қароридан хабардор экани, бироқ ҳозирча Бишкекдан бу масалада расмий билдирув келмаганини айтди. Миллий банк расмийси Қирғизғистон томони Ўзбекистон маблағи ҳисобига қурилган пансионатлар учун қирғиз томони ҳақ тўлаши ёки тўламаслиги ҳам номаълум бўлиб қолаётганини айтди.

Қирғизистон ҳукумати эса Ўзбекистон билан 1994 йилда имзоланган “Икки давлат ўртасидаги ҳусусий мулк ҳуқуқини мувофиқлаштириш шартномаси” ҳамда Қирғизистон парламентининг 1992 йилдаги Иссиқкўлда МДҲ мамлакатларига тегишли бўлган пансионатларни Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисидаги қарорига асосан пансионатлар Бишкек балансига ўтказилаётганини билдирмоқда.

Иссиқкўлдаги Ўзбекистон пансионатларида асосан қозоқлар ва руслар дам олади

Бироқ “Роҳат”, Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларининг бугунги кундаги бозор нархи бир неча ўн миллион долларни ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонга тегишли пансионатлар расмийлари пансионатларни Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш масаласи икки давлат ўртасида молиявий муаммони келтириб чиқаради ва бу жараён жуда узоқ давом этади, деган фикрда.

- Масалан, бизнинг пансионатимизнинг баланс қиймати жуда катта. Бозор нархида 6 миллион долларга баҳоланган. Қирғизистон пансионатларни ўз ихтиёрига ўтказиш бўйича бир томонлама қарор қабул қилаяпти. Бу эса Ўзбекистон билан муносабатларни янада совуқлашувига ва қўшимча муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бу масалани Ўзбекистон билан ҳамкорликда, маслаҳатлашиб ва музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилиш керак эди. Мен Тошкентдагилар пансионатларни битта қарор чиққани учунгина бериб қўяди, деб ҳисобламайман. Бу жараён жуда узоққа чўзилади, - деди Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли пансионатлардан бирининг ўз исмини айтишимизни истамаган менеджери.

Унинг айтишича, мазкур пансионатларда ишловчиларнинг 20-30 фоизи Ўзбекистон, қолганлари эса Қирғизистон фуқароларидир. Ўзбекистонга тегишли пансионатларнинг асосий меҳмонлари қозоғистонликлар ва россияликлар ҳисобланади. Менеджернинг айтишича, пансионатдаги нархлар жуда қиммат бўлгани учун ҳам, бу ерда дам олувчи ўзбекистонликлар сони умумий дам олувчиларнинг 15 фоизидан ортмайди.

Ўзбекистонлик учун Иссиқкўлдаги ўзбек пансионатида дам олиш ўртача 1000 долларга тушади

Тошкентдаги сайёҳлик ширкатларидан бири Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга тегишли пансионатларга дам олувчиларни жалб қилиш билан шуғулланади. Ширкат менеджерларидан бирининг айтишича, Иссиқкўлдаги Ўзбекистон пансионатларида йил сайин бир неча минг ўзбекистонлик дам олиб қайтар эди. Икки кишининг бу пансионатларда 10 кунлик дам олиши ўрта ҳисобда 1000 доллар атрофида бўлар эди.

- Катталар учун самолётда бориш-келиш билети 1 миллион 200 минг сўмни ташкил қилади. Бишкекдан Иссиқкўлгача етиб олиш учун яна 60-70 доллар сарфланади.Икки кишилик номер бир кунига 88 доллар туради. Ўн кунга бўлса 880 доллар бўлади. Уч маҳал овқатланиш ҳам мана шу пулнинг ичида, - деди сайёҳлик ширкати менеджери.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Бишкек ҳукуматининг қарори Иссиқкўлдаги пансионатлар билан ишлаётган сайёҳлик ширкатларини ҳам ташвишга солиб қўйган. Бироқ мазкур пансионатлар раҳбарияти билан ўтказилган телефон суҳбатларидан сўнг, пансионатлар одатдагидай ишлаётгани, уларни Ўзбекистон балансидан Қирғизистон балансига ўтказиш жараёни бир неча йилларга чўзилиши аён бўлган ва Иссиқкўлга путёвкаларни сотишни тўхтатмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган.

Айрим кузатувчилар Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳарбийларининг ўзбек-қирғиз чегарасида март ойи сўнггидаги ҳаракатларига жавоб ўлароқ ушбу пансионатларни қайтариб олаётганини айтмоқда.

18 март куни Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритган, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ўта кескинлашувига сабаб бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG