Линклар

logo-print

1985 йилнинг ёзида АҚШнинг Москвадаги элчихонасида ёш савдо атташеси Apple ширкатининг икки вакили билан учрашган. Майк Мерин уларнинг бири ёши каттароқ, иккинчиси эса новча, бир оз сабрсиз йигит бўлганини эслайди. Мерин Озодликка мазкур учрашув ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди.

Майк Мериннинг айтишича, ёши катта одам ўзини ширкатнинг юридик маслаҳатчиси ўлароқ таништириган.

Иккинчисининг визиткасида эса лавозими кўрсатилмаган бўлган. Шунинг учун Мерин иккинчи суҳбатдошига аввалига эътибор бермаган.

Меҳмонлар Меринга Совет Итифоқида Apple компьютерларини ишлаб чиқариш режалари ҳақида сўзлаб беришган. Мерин эса АҚШнинг Совуқ уруш давридан рақиби бўлиб қолган СССР қўлига мураккаб технологиялар тушишини олдини олишга қаратилган кўрсатмалар сабаб бундай қилишнинг иложи йўқлигини айтган.

Бу гап новча йигитга маъқул келмаган.

Мерин ёш йигит ўрнидан туриб, унга бақира бошлаганини, “Кимсиз сиз? Оддий расмиятчисиз. Нима қилаётганингизни билмайсиз!” деганини эслайди. Ўшанда Ал Эйзенштат – Мериннинг ёши катта суҳбатдоши – ўзининг ёш ҳамкасбини тинчлантирган.

Apple ширкатининг 40 ёшга тўлиши арафисида сўзлаган Мерин бу ҳодисани юзида табассум билан эслади. Мерин ўша куни кеч икки меҳмонни грузин ресторанига олиб борган ва гўштли таомларга буюртма берган. Ўша пайт Мерин аввалроқ эътибор бермаган ёш суҳбатдоши Apple ширкатининг асосчиларидан бири бўлмиш Стив Жобс эканлигини англаб етган. Мерин Жобснинг эт емаслиги ҳақида аввал эшитган бўлган.

Жобс ўшанда ўзига салат олган.

Бу Жобснинг Совет Иттифоқига қилган илк ва ягона ташрифи бўлган. Жобс 2011 йил 56 ёшда оламдан ўтганидан бери унинг совет Москвасига қилган сафарининг янги-янги тафсилотлари ошкор бўлди.

Қуйида Жобснинг Совет Иттифоқида бошдан кечирган беш саргузашти билан танишишингиз мумкин:

ДХҚ ёки МРБ

Жобс 1988 йил АҚШ Мудофаа вазирлиги терговчиларига Совет Иттифоқида халқаро ҳуқуқшуносни учратганини, назарида бу ҳуқуқшунос ёки Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ), ёки Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ходими бўлганини айтган. Аммо Жобс ҳуқуқшуноснинг разведка хизматида ишлашини кўрсатувчи далилга эга эмаслигини айтган.

Жобс яна Москвадаги меҳмонхонада унинг хонасига “бирор бир сабабсиз, чақирилмасдан” келган телевизор устаси жосус эканлигини шубҳа қилган. Бу ҳақда журналист Алан Дойчман қаламига мансуб биографияда ёзилган.

Macintosh инқилоби

Жобс Москвага боришидан аввал Парижда АҚШнинг ўша пайтдаги вице-президенти Жорж Буш билан учрашган. Буш Жобсни Совет Иттифоқида инқилоб келтириб чиқариш учун мамлакатга компьютерлар олиб киришга чорлаган. Бу ҳақда Уолтер Айзексон ўзининг “Стив Жобс” китобида ёзган. Мерин Озодлик билан суҳбатда Жобс Москвага қилган ташрифи давомида Буш билан суҳбатлашганини айтганини тасдиқлади.

Мериннинг айтишича, Жобс Бушнинг бу ғоясини тарғиб қилган. Буш агар Совет Иттифоқи бўйлаб Mac компьютерлари тарқатилса, аҳолида газета ва маълумот бюллетенлари нашр қилиш имкони туғилишига, бу эса ўз навбатида инқилобга туртки бўлишига ишонган.

“Ақл велосипеди”

Жобс Москвадалигида компьютер илмини ўрганаётган талабалар олдида нутқ сўзлаган. Бу нутқнинг тўлиқ транскрипти бор-йўқлиги номаълум. 2001 йил Россия Фанлар академияси ходими Виктор Захаров Жобс нутқининг қисқа транскриптини эълон қилди. Захаров Жобснинг Москвадаги лекциясини эшитган талабалар орасида бўлган.

Захаров таржимасининг қанчалик тўғри эканлиги маълум эмас. Шундай бўлсада, транскриптдаги гаплар Жобснинг одатий сўзлашув услубига мос келади. Унда Жобснинг компьютерлар ҳақидаги севимли гапи ҳам бор. Жобс Москвага келишидан аввал ҳайвонлар ҳаракатларининг самарадорлиги ҳақида илмий мақола ўқиган.

Транскриптда ёзилишича, Жобс “Кондор қуши биринчи ўринда туради. Аммо велосипед минган одам ҳам самарадорлигини анча оширади”, деган.

Жобс Apple ҳақида сўзлаганда компьютерларни “ақл учун велосипед” дея таърифлашни хуш кўрган.

Хорижлик троцкийчи

Айзексоннинг ёзишича, Жобс Москвада Лев Троцкий ҳақида тинмай сўзлаган. Большевиклар лидерларидан бири бўлган Троцкий кейинчалик “халқ душмани”, деб топилиб, сургун қилинган. Троцкий Совет диктатори Иосиф Сталиннинг буйруғи билан ўлдирилган. Айзексонга кўра, Жобсни Моксвада назорат қилиш учун тайинланган ДХҚ агенти тадбиркорни Троцкий ҳақида эҳтиёткорлик билан сўзлашга чақриган.

“Троцкий ҳақида гапирманг. Бизнинг тархичиларимиз бу ҳолни ўрганиб чиқишган. Биз эндиликда у буюк одам бўлган, деб ҳисобламаймиз”, деган агент.

Айзексоннинг ёзишича, бу гаплар Жобсни Троцкийни янада кўпроқ муҳокама қилишга чорлаган.

Элчининг дачаси

Айзексонга кўра, Жобс ва Эйзенштат АҚШ элчихонасининг 4 июлга бағишланган тадбирида иштирок этган. Лекин Мериннинг айтишича, совет расмийлари Жобс ва бошқа америкалик ишбилармонларга АҚШ элчисининг Москва четида жойлашган дачасида бўлиб ўтган алоҳида маросимда иштирок этишга изн бермаган.

“Улар америкаликларга, айниқса, тадбиркорларга элчининг дачасига боришга рухсат бермас эдилар. Бундан мақсад шунчаки ўзларини кўрсатиш бўлган”, дейди Мерин.

Карл Шрек

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG