Линклар

logo-print

Москвадаги ўзбекистонлик бир аёлдан OzodMikrofonга келган мурожаатда депортацияга ҳукм қилинган муҳожирлар марказида сақланаётган аёллар аҳволидан шикоят бўлди. Аудеомурожаатда айтилишича, марказда бир неча ойдан бери алоҳида камераларда сақланаётган аёллар ўта оғир шароитда қолган. Ҳатто, бир аёлнинг жинсий тажовузга учраганини иддао қилиб, ватандошига мурожаат қилгани айтилди.

Аудиомурожаатни йўллаган аёл Москва областининг Троицкий туманидаги "Хориж фуқароларини сақлаш" депортация марказида қолаётган ўзбекистонлик аёллар шикоятини айни марказда сақланаётган қариндошидан олганини айтган.

"Шу хабарни эшитганимдан бери ухлолмаяпман. Аёллар алоҳида сақланар экан, аҳволи ўта оғир экан. Ишқилиб, жинсий зўрлик, деган ишлар бўлаяпти экан. Менинг танишим ўзига келган посилкани олгани чиққанда унга ўхшаб яқинини кўргани чиққан бир ёшгина аёл билан кўришиб қолибди. Ўшанда бу аёл йиғлаб, тез-тез айтиб берибди: "Аҳволимиз оғир, бизга ёрдам беринглар, зўравонликлар бўлаяпти", депти. У аёлни уч киши дачага олиб бориб, роса қийнаганмиш. Илтимос, Озодлик, шу аёлларимизга ёрдам беринг!" деб иддао қилинди аудиомурожаатда.

Қуйида ушбу мурожаатни тинглашингиз мумкин:

Озодлик исмини ошкор қилишни истамаган бу аёл кўмагида айни марказда яқинлари қолаётган бир неча ўзбекистонлик билан боғланди. Исмини очиқламаслик шарти билан гаплашган икки ўзбекистонлик эркак шундай шикоятдан хабари борлигини айтди.

"Лекин, аниғини билмаймиз, чунки у аёллар билан ҳеч ким кўриша олмайди. Рухсат йўқ. Бунақа приёмникларда аёлларнинг аҳволи оғирлиги аниқда. Кўпининг ишлашга рухсатномаси йўқ, шунинг учун қўлга тушган ва катта миқдорда жарима солинган. Энди ҳам жаримани тўлаши керак, ҳам Ўзбекистонга кетадиган билетни сотиб олиши керак. Бу бечораларда пул йўқ, орқасидан борадигани ҳам йўқ, шунинг учун ойлаб ётибди. Уларни ишлатишаяпти ҳозир. Яъни, жарима ва билетга яраша пулни ишлаб топсин, деб. Шу аёллар ҳозир калиш заводида ишлаяпти", деди ўзбекистонлик муҳожирлардан бири.

Москвадаги яна бир ўзбекистонлик мухбир билан микрофонсиз суҳбатда ушбу марказда бир ойдан бери қизи қолаётган кекса андижонлик кишини учратганини сўзлаб берди:

"Бечора бир ой югуриб, қизига солинган 13 ярим минг рублни топиб келган экан. Қизларнинг аҳволи оғир, егулиги ҳам жуда ночор экан, деб нолиган эди у киши. Энди макарон эканда, бор овқати. Ҳеч ким билан кўриштирмайди, аёлларни алоҳида боксларга қамаб қўйган. Бечоралар дардини ҳеч кимга айтолмайди", деди шу кунда бир яқини айни марказда қолаётган ўзбекистонлик муҳожир.

Озодлик таҳририятга келган ушбу мурожаатдаги "жинсий зўравонлик" иддоасини тасдиқловчи бирор далил ёки расмий жавобга эга эмас. Аммо, таҳририят бир неча муҳожир томонидан билвосита тасдиқланган бу шикоят ортидан суриштирув бошлади. Тез орада ушбу сайтда қўшимча тафсилотлар билан танишишингиз мумкин!

Айни ҳолатдан хабари бўлган муштарийлар, марҳамат, бизга боғланинг:

WhatsApp + 420 724 971 539, + 420 602 612 713

VIBER + 420 602 612 713

SKYPE ozodskype, ozodlikonline, ozodovoz

------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG