Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:00

Ўзбекистонлик "виртуал-қуёв" 3 йилга қамалди


 Виртуал-куёв Умид Жабборов
Виртуал-куёв Умид Жабборов

Москвалик аёллардан 1 миллион рублдан зиёд пулни алдаб олган ўзбекистонлик “виртуал-куёв” 3 йилга қамалди. Москва прокуратурасига кўра, ёш ва бадавлат рус аёллари билан ижтимоий тармоқлар орқали танишган Умид Жабборов уларнинг ишончини қозониб, катта миқдорда пул “қарз” олиб қочган. Останкино туман суди қарори билан ўзбек муҳожири нафақат умрининг кейинги уч йилини колонияда ўтказади, балки алданганларга етказган моддий зарарни ҳам қоплайди.

Москванинг Останкино туман суди 4 апрель куни қаллобликда айбланган ўзбекистонлик 32 ёшли Умид Жабборовни қамоқ жазосига маҳкум этди.

- Унга айблов қарори чиқарилди: у умумий режимдаги ахлоқни тузатиш колониясига 3 йилга жўнатилди. Шунингдек, суд даъвогарларнинг талабларини тўлиқ қондирди, деди Озодликка Москванинг Останкино туман суди раиси муовини Кристина Ботирова.

Москва прокуратурасига кўра, Умид Жабборов 2014 йил давомида танишув сайтларига кириб, у ерда пулдор аёлларнинг кўнглини овлаган.

У ўзини Бирлашган Араб Амирликларидан Россияга борган пулдор йигит қилиб кўрсатиш учун қиммат автомобил, квартираларни ижарага олган, гуллар совға қилган, ресторанларга таклиф этган.

Аёллар билан алоқаси мустаҳкамлангач, катта миқдорда қарз олиб, ғойиб бўлгани айтилмоқда.

- У аввалига роса кўнглимни овлади. Мени қандайдир ўрашга ҳаракат қилди. У ўзини менинг орзуимдаги эркак қилиб кўрсатишга уринди. Гуллар берди. Аслида эса жуда айёр одам экан. У мени қаерда ишлашим, яхши пул топишимни ва мен унга қарз бера олишимни билган, дейди алданган москвалик аёллардан бири.

Терговчилар аёллар ишончига кирган ўзбекистонлик муҳожир уларга “бизнеси хавф остида экани”, “бир-икки ой ичида янаям кўпроқ ишлаши ва пулни қайтариши” тўғрисида гапирган. Ниятлари “жиддий” эканини намойиш қилиш учун у ҳатто чўнтагидан қутичадаги никоҳ узугини олиб кўрсатган.

Москва шаҳар прокуратураси маълумотича, хотинбоз йигит 2014 йилнинг октябридан 2015 йилнинг январигача 30-40 ёшлардаги уч москвалик аёлдан 190, 720 ва 340 минг рублдан пул олган ва жуфтакни ростлаган.

Пойтахт полицияси Жабборовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 159 моддаси (“товламачилик”) асосида жиноий иш очди.

Москва шаҳар полицияси матбуот хизмати раҳбари Андрей Галиакберов Озодликка Умид Жабборов ўз “режасида катта хатога йўл қўйгани” – алданган аёлларни бири-бири билан таништиргани ҳақида сўзлади:

- Пойтахт полициясига мурожаат қилган 32 ёшли косметик фирма эгаси унга номаълум кимса алдов йўли билан 720 минг рубль миқдорида пул олиб, бир неча ҳафтадан буён қочиб юрганини хабар қилди. Москва жиноят-қидирув бўлими ходимлари тез кунларда 32 яшар марказий осиёликни ҳибсга олди, деди Андрей Галиакберов.

Халқаро қидирувга берилган Умид Жабборов махсус амалиёт давомида 2015 йилнинг 24 ноябрида қўлга олинди.

Товламачиликда айбланаётган Умид Жабборовнинг Ўзбекистонда аёли ва икки нафар фарзанди борлиги аниқланди.

Терговчиларга барча қилмишларида иқрор бўлгани ва тавба қилганини ҳисобга олган суд унга 3 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

XS
SM
MD
LG