Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:05

Тошкентдаги Ядро физикаси институти ёпилишини рад этди


Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институти раҳбарияти мазкур илмий муассасанинг ёпилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига таяниб, Uzmetronom.com нашри Тошкентдаги Ядро физикаси институти шу йилнинг 1 июлидан фаолиятини тугатиши, институтдаги ВВР-СМ ядро тадқиқот реактори тўхтатилиб, илмий муассасанинг моддий-техник базаси Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент Давлат университети тасарруфига ўтказилиши ҳақида хабар берган эди. Илмий муассасанинг Озодлик боғланган раҳбар ходимлари буни "нотўғри, нохолис туҳмат ва бўҳтонга тўла хабар" деб атади.

Тошкентдаги Ядро физикаси институтининг раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда илмий муассаса 1 июлдан фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги хабарга шундай муносабат билдирди:

– Бу нотўғри, нохолис туҳмат ва бўҳтонга тўла хабар. Институтни ёпиш ҳақида қарор ҳали чиққани йўқ. Ҳозир биз Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси билан институт шаклини ўзгартириш масаласини мухокама этяпмиз холос. Ҳозир талаблар ўзгаряпти. Лекин, мен кўп маълумот беролмайман, чунки институтимиз ёпиқ муассаса ҳисобланади, - деди Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институтининг исми сир қолишини истаган илмий раҳбарларидан бири.

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институтига 60 йил аввал Совет Иттифоқи даврида асос солинган эди.

Уч йил ўтиб база негизида ВВР-СМ ядровий тадқиқот реактори ишлай бошлаганди.

Маълумки, Совет даврида Ўзбекистон Иттифоқнинг уран рудаси етказиб берувчи республикаси ҳисобланган.

Бойитилган уран эса Совет даврида 10 мегаваттлик тажриба реакторини ишга тушириш мақсадида Ўзбекистонга олиб келинар эди.

Ўзбекистондаги ушбу ядро реакторидан тинч мақсадларда тадқиқот олиб бориш ва медицина соҳаси учун махсус материалларни ишлаб чиқишда фойдаланилган.

Ўзбекистон мустақил давлат бўлгач тадқиқот мақсадларида фойдаланилган юқори даражада бойитилган ядровий ёнилғи қолдиғи Россияга олиб чиқиб кетилди.

Ўғирланиб янада бойитилиши туфайли қўлбола атом бомбаси, ёки "ифлос" бомба яратишга етарли бўлган ядровий хомашёнинг террорчилар қўлига тушиб қолиши хавфи борлиги боис бу модда 2004 йилдан Россияга олиб ўтила бошланди ва бу ишлар Атом энергияси халқаро агентлиги, Россия ва АҚШ амалга ошираётган Ядровий таҳдидни камайтириш бўйича глобал ташаббус доирасида амалга оширилди.

Тошкентдаги Ядро физикаси институтидаги ВВР-СМ ядро тадқиқот реактори эса паст даражада бойитилган уран ёнилғисига ўтказилди.

Кузатувчилар юқори бойитилган уран қолдиғининг Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилиши ортидан Тошкентдаги Ядро физикаси институтининг истиқболи ҳам сўнганини башорат қилишганди.

Лекин, Ядро физикаси институти ходимлари ўзлари ишлаётган муассаса келажагига ишонишмоқда.

- Бойитилган ураннинг олиб чиқиб кетилишининг институтимиздаги илмий ишларга ҳеч қандай таъсири йўқ. Ҳозир тадқиқот реакторида бошқача турдаги ёнилғидан фойдаланиш йўллари ҳам кўриб чиқилмоқда. Хуллас институтимиз ишлаяпти, - Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ядро физикаси институтининг исми сир қолишини истаган илмий раҳбарларидан бири.

XS
SM
MD
LG