Линклар

Карикатуралар кўргазмасига қўйилган бир асарда Тошкентнинг "Гитлер"и акс этди


Рассом Шавкат Музаффар асари

Рассом Шавкат Музаффар асари

Тошкентдаги “Фотография уйи” кўргазмалар залида ўзбекистонлик таниқли карикатурачилар кўргазмаси очилди. "Табассум", деб номланган кўргазмадан узоқ йиллар “Муштум” журналида ишлаган ва дунëнинг энг зўр 100 карикатурачиси рўйхатига кирган рассом Ҳусан Содиқов, шунингдек, Маҳмуд Эшонқулов, Радик Азизов, Шавкат Музаффар, Мирсаид Ғозиев ва бошқа сатирик рассомлар асарлари ўрин олди.

Кўргазма ташкилотчиларидан бири Фатҳилла Алметовнинг Озодликка айтишича¸ кўргазмада 200 дан ортиқ асар намойиш қилинмоқда:

- Уларнинг асосий қисми - карикатура жанридаги ўткир сатирик мазмундаги асарлар. Бу расмларда кундалик ҳаëтимиздаги иллатлар ҳажв тиғига олинган. Масалан, битта расмда бўрининг қўйларга чўпонлик қилаëтгани акс этган. Бу жуда долзарб тема. Билсангиз, Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими шу кунларда матбуотда танқид қилиняпти. Менимча, бу расм прототипи айнан шу қабилдаги ҳокимлардир¸ дейди кўргазма ташкилотчиси.

Суҳбатдошга кўра¸ кўргазмада миниатюра усталари Баҳодир Хожиматов ва Мария Коровиналар ва юмористик мазмундаги сопол ҳайкалчалар ясайдиган Эркин Абдукаримхўжаев¸ Нодирбек Шаҳобиддинов лар асарлари ҳам ўрин олган.

Кўргазма ташкилотчисининг айтишича, тадбир томошабинлар билан гавжум:

- Замонавий санъат кўргазмасига одам кам келади одатда. Лекин сатирик асарлар кўргазмаси томошабинлар билан тўла. Одамлар завқ билан¸ юзида кулги билан томоша қиляпти. Чунки рассомлар оддий ҳаëтни кулгили қилиб тасвирлаган¸ дейди суҳбатдош.

Кўргазма ташкилотчиси, Озодлик илтимосига кўра, томошабинлардан бирини телефонга чақириб берди. Ўзини Наргиза, деб таништирган 20 яшар олийгоҳ талабаси кўргазмадан олган таассуротини ўртоқлашди:

- Кулгили жудаям. Роса кулдим. Бошқалар ҳам куляпти. Менга масалан, қайнона-келин жанжали ҳақидаги карикатуралар жуда ëқди. Матбуотда карикатура йўқ, шу боис бу кўргазма айни муддао¸ дейди Наргиза.

Бир шаҳарда икки карикатура кўргазмаси

Тошкентдаги “Фотография уйи” кўргазмалар залида бошқа рассомлар қаторида асарлари қўйилган карикатурачи рассом Радик Азизов айни бир пайтда Икуо Хираяма номидаги маданият карвон саройида шахсий кўргазмасини ҳам ўтказмоқда. Кўргазма зали мудири Гавҳар Саодатованинг Озодликка билдиришича¸ 14 апрелга қадар очиқ турадиган бу кўргазма фақат Радик Азизовнинг асарларидан иборат:

- Карикатура билан биргаликда рассомнинг мойбўëқда ишланган юмористик-қувноқ асарлари ҳам намойиш қилинмоқда. Кўргазманинг номини “Кулги калейдоскопи”, деб атадик. Нега бундай атаганимизни кўргазмага келсангиз биласиз. Ўн марта эшитгандан бир марта кўрган яхши дейдику. Азизовнинг расмлари баҳор мавсумига мос ранг-баранг. Шу билан бирга бу асарларида кучли ирония бор¸ дейди кўргазма зали мудири Гавҳар Саодатова.

Рассом Радик Азизов

Рассом Радик Азизов

50 яшар рассом Радик Азизов Тошкент вилоятининг Тўйтепасида туғилган. Карикатура ва анимацион фильмларга расм чизишга ихтисослашган. Тўқсондан ортиқ халқаро карикатура кўргазмалари қатнашчиси. Радик Азизовнинг исми “Карикатура катта энциклопедияси”- га киритилган.

Шу кунларда "Муштум" журналидан ташқари бирорта нашрда карикатура чоп қилинмаслиги боис рассомлар кўргазма воситасида ўз асарларини намойиш қилишга мажбур.

Насриддиндан бошланган жанр

Туркистонда 19-асрда тошбосма китоб саноати ривожлангани асносида илк карикатуралар пайдо бўлган эди. Бу карикатуралар тошбосма усулда чоп қилинган Афанди латифаларига чизилган расмлар эди.

1923 йилнинг февралдан чоп қилина бошланган биринчи ўзбек ҳажвий журнали - “Муштум” Марказий Осиëда карикатура ривожи учун имкон яратди.

1991 йили 160 минг нусҳада ойда икки марта нашр қилинган "Муштум" журнали шу кунларда ойда бир марта 3 минг нусҳада чоп қилинмоқда.

Айни пайтда интернетдаги Eltuz.com нашри ўзбек карикатурачиларининг асарларини чоп қилишни йўлга қўйди.

Eltuz.com рассомиТуз мўйқаламига оид расм

Eltuz.com рассомиТуз мўйқаламига оид расм

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG