Линклар

logo-print

Ҳисобот: Марказий Осиёдаги маҳкумларнинг учдан бири ўзбек қамоқхоналаридадир


Марказий Осиё минтақасида жойлашган беш давлат қамоқхоналарида жазо ўтаётган маҳкумлар сони 120 минг кишига етади, уларнинг учдан бир қисми Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтамоқда. Бу ҳақда Лондон қироллик коллежи қошидаги Қамоқхоналар тизимини ўрганиш халқаро марказининг янги ҳисоботида айтилади.

Қамоқхоналар тизимини ўрганиш халқаро маркази (The International Centre for Prison Studies – ICPS) ўзининг сўнгги ҳисоботида дунёдаги барча қамоқхоналарда 10 миллиондан зиёд маҳкум жазо ўтаётганини, улардан қарийб 120 минги Марказий Осиё минтақасидаги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон қамоқхоналарида ўтирганини қайд этади.

Ҳисоботда ўзбек қамоқхоналарида жазо ўтаётган кишилар сони аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, улар сони 42 минг чоғли экани айтилган.

ICPS ҳисоботига мувофиқ, минтақада энг кўп маҳкум бўлган мамлакат Қозоғистондир. Бу мамлакат қамоқхоналарида 48 минг 684 киши жазо ўтаяпти. Маҳкумлар сони энг кам бўлган Тожикистонда эса 9 минг 317 киши қамоқ жазоси ўтамоқда. Шунингдек, Туркманистонда 10 минг 953 киши, Қирғизистонда эса 9 минг 827 киши қамоқда ўтирибди.

Маҳкумлар сони Қозоғистондагидан камроқ бўлгани билан Ўзбекистон қамоқхона ва ҳибсхоналари ақл бовар қилмас даражада қийноқ ва шафқатсизлик маконига айлангани важидан халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг доим диққат марказида бўлиб келган.

Ўтган ҳафта Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистонда кенг қўлланилаëтган қийноқларга қарши янги акция бошлаган. “Ëлғонлар ва сирлардан тўйдик!” деб номланган ва бир ой давом этадиган бу акция давомида ташкилот фаоллари Ўзбекистондаги қийноқ марказлари деб кўрилувчи Жаслиқ қамоқхонаси¸ Тоштурма ва Миллий хавфсизлик хизматининг Юнусободдаги ҳибсхонаси манзилига “Биз бу ерда қийноқлар қўлланилаëтганини биламиз. Қийноқларни тўхтатинг!” деб ëзилган откриткалар жўнатишни режалаганлар. Ҳуқуқ фаоллари инсон ҳақлари бузилишига бефарқ бўлмаган барчани бу акцияга қўшилишга даъват этган.

Халқаро Амнистия ташкилоти откриткаларидан бири.

Халқаро Амнистия ташкилоти откриткаларидан бири.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарида сиёсий ёки диний мотивлар билан қамалганларга нисбатан шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабат айниқса кучайганини урғулайдилар. Ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар тахминича, мамлакат қамоқхоналарида бу каби сиёсий маҳбуслар сони 10 мингдан 12,5 минггача бўлиши мумкин.

Айни пайтда ўзбек расмийлари мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини ҳам, қамоқхоналарда маҳкумларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини ҳам тамоман инкор қилиб келадилар.

ICPS ҳисоботида маҳкумлар сони бўйича дунёда биринчи ўринни АҚШ эгаллаши, бу мамлакат қамоқхоналарида жазо ўтаётган 2 миллион 240 минг киши борлиги айтилади. 1 миллион 640 минг кишини қамоқда сақлаётган Хитой иккинчи ўринга, қамоқхоналарида 681 минг киши ўтирган Россия эса учинчи ўринга қўйилган.

XS
SM
MD
LG