Линклар

logo-print

Тожикистон фойдасига жосусликда айбланган ўзбекистонлик 16 йилга қамалди


Ўзбекистон ҳарбий суди Тожикистон фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топилган Шарифжон Асроровни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ўзбек телеканалларига кўра¸ судланувчи 90-йиллардан бери Тожикистон махсус хизматларига давлат сири бўлган маълумотларни етказиб берганликда айбланган.

4 апрель оқшомида Ўзбекистон давлат телеканали намойиш қилган “Хоин” номли ҳужжатли фильм Ўзбекистон фуқароси Шарифжон Асроров ишига бағишланди.

90-йиллар охирларидан бери Тожикистон махсус хизматларига давлат сири ҳисобланган маълумотларни бериб турганликда айбланган Асроров устидан суднинг қачон ва қаерда бўлиб ўтгани айтилмайди.

Фильм муаллифлари жосусликда айбланган Шарифжон Асроров Тожикистон махсус хизматлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларга Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган қамоқхоналар, қочқинлар, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий унвонлар ҳақидаги маълумотларни етказиб турганини айтадилар. Судланувчи Асроров мазкур фильмда содир этган жиноятларига иқрорлик келтиради.

Кадр ортидаги овоз иддаосича, Шарифжон Асроров Тожикистон фуқароси бўлган аёлга уйланган.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари бу фильмда илгари сурилган иддаолар¸ хусусан¸ суд ҳукмига ўз муносабатини билдирмади.

Ўзаро муносабатлари таранглигича қолаëтган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳуқуқ тизимлари сўнгги йилларда ўнлаб фуқаросини қўшни давлат фойдасига жосуслик қилганлик айблови билан қамоққа ташлаган.

Сув, транзит ва бошқа сабаблар туфайли вақти-вақти жиққамушт бўлиб турадиган Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар ўтган йили бироз илигандек бўлди. Декабрь ойида Тожикистон пойтахтида икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликларининг консультациялари бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар МДҲ ва ШҲТни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар ҳамда бу каби сиёсий консультацияларни ўтказиш орқали кўплаб икки томонлама муаммоларни ҳал қилиш йўлини топиш мумкин, деган хулосага келдилар.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқалар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан совий бошлаган. “Ўзбекистон исломий ҳаракати” жангарилари хуружидан сўнг Ўзбекистон бир томонлама Тожикистон билан чегарани миналаштирган. Ўша пайтда икки мамлакат ўртасида жорий этилган виза тартиби ҳозирга қадар кучда қолмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги тортишув 2010 йили Душанбе ўз кучи билан Роғун ГЭСини қуришга қарор қилганидан кейин авж олди.

Ўзбекистон раҳбарияти¸ бу тўғон қурилиши минтақада урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG