Линклар

Нобиометрик паспорт билан Россияга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик жаримага тортилади


Бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирнинг эски паспорт билан Украинадан Россия орқали Ўзбекистонга кетиш уринишига муносабат билдирган Россия Чегара хизмати эски ўзбек паспорти билан мамлакат сарҳадига яқинлашган ҳар бир фуқаро жаримага тортилишидан огоҳлантирди.

Украинанинг Харьков вилоятида ишлаб келган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожир самолëт билети қимматлигидан Россияга ўтиб¸ Москвадан поезд ëки автобусда ватанга қайтишга бир эмас¸ бир неча марта уриниш қилди.

Ниёзали исмли қашқадарёлик муҳожир йигитга кўра¸ уларга ўзини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси деб таништирган шахс электрон мактуб орқали шундай маслаҳат берган:

- Ўтган ойдан бери Харьков границасига икки маротаба бордик. Биз Украинадан Ўзбекистонга кетишимиз керак эди. Биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ёзган эдик, “Ўтсаларинг бўлади – яқинда қонун қабул қилдик”, деди. Икки мартадан бери борамиз – Россия ўтказмаяпти, ортга қайтариб юбораяпти. Фақат самолёт билан прямой рейс орқали Ўзбекистонга учсаларинг бўлади, деяпти. Биз ёзганимизда “Любой транспорт билан ўтсаларинг бўлади” деган эди, деди Ниёзали.

Суҳбатдошнинг айтишига қараганда, улар икки маротаба чегарага бориб иккала тараф томонидан ҳам жаримага тортилган.

Бундай қиммат ва бесамар уринишлардан кейин Ниёзали ва уч шеригининг Ўзбекистондаги қариндошлари учоқ билетига пул жўнатишини кутиб ëтишдан ўзга чораси қолмаган:

- Ўзбекистонга самолётда учамиз – бошқа иложи йўқ! Ҳар бир борганимизга чегарачилар бизни икки минг рублдан штраф қилди – билмаймиз нима учун... “Документларинг, как қоғоз. Россияда бўлганларингда Ўзбекистонга кетсаларинг бўларди. Россия орқали кета олмайсизлар: ҳеч қайси транспортда Россия орқали кета олмайсизлар”, дейилди ўша ерда. Шуни билганимизда, бирданига пул харажат қилмасдан¸ учиб кетган бўлардик Украинадан. Икки маротабадан бери бориб, Украинага ҳам, Россияга ҳам штраф тўладик! Россиядан, Москвадан Ўзбекистонга қатнайдиган автобуслар кўп-ку, арзонроқ бўладими, деб ўйлаган эдик. Ҳозир бу ерда маслобойнига ишга чиқиб турибмиз: кунига 80-100 гривна (салкам 4 АҚШ доллари – таҳр.) ишлаб, кунимизни ўтказаяпмиз. Уйдан пул чақиртирдик. Москвагача автобусга олган билет пулимизни ҳам қайтариб бермади шоферлар. “Билет олсанг охиригача, Москвагача оласан. Ўтасанми-ўтмайсанми чегарадан – бизга қизиғи йўқ”, дейди, деб ҳикоя қилади қашқадарёлик меҳнат муҳожири.

Россия ФСБсининг Белгород ва Воронеж вилоятлари бўйича Чегара бошқармаси расмийси нобиометрик ўзбек паспорти эгаларининг жорий йил 1 январидан Россия ичкарисига киритилмаслиги, шунингдек ҳеч қандай транзит йўллар билан Ўзбекистонга ўтказилмаслигини билдирди.

- Эски паспорт билан ҳеч кимни ўтказишмайди. Янги йил бошидан Ўзбекистон фуқароларида биометрик чипи бор паспортлар бўлиши шарт. Эски паспортлар амал қилмайди ва улар эгани Россияга киритилмайди. Россия орқали транзит йўли билан ҳам бу шахслар Ўзбекистонга кириб бора олмайди. Ундан ташқари, улар ҳар келганда жаримага тортилаверади, деди Россия Чегара бошқармаси вакили.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эски нусхадаги нобиометрик паспорт билан фақат ватанга қайтиш мумкинлиги ҳақида махсус хабар берган эди.

Ҳужжатда эски паспортлар чет давлатларда “муддати ўтган” деб ҳисобланиши, 1 январдан бошлаб уларни Ўзбекистонга қайтиш билети олишдан ташқари бошқа нарсаларга ишлатиш умуман мумкин эмаслиги айтилган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ичкарисида бу паспортларни алмаштириш учун белгиланган аввалги муҳлат 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди.

Озодликнинг “Биометрик паспорт: Минг бир савол ва жавоб” саҳифаси орқали биометрик паспортга ўтиш жараëнига оид саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG