Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:17

Миллиардларни ўмарган футбол мансабдори, лифтда қамалган мижоз ва кетмони учган киракашлар


Жиззах футбол федерацияси мансабдорлари миллионлаб маблағни ўмарган. Самарқандлик ошиқ маъшуқасига уйланаётган куёвни ўғирлади. Нозим Тўлахўжаев актёрлар кам ҳақ олишидан нолиди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Сенатнинг прокуратура устидан назорат қилувчи комиссияси таркиби тасдиқланди

Олий Мажлис Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси таркиби тасдиқланди (“Оила даврасида”, 7 апрель). Мазкур масала Сенатнинг 31 март – 1 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди. Комиссия аъзолари сенаторлар орасидан, уларнинг ваколати муддатига, республиканинг барча минтақасидан вакил бўлган ўн беш кишилик таркибда сайланди. Комиссия прокуратура органлари устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириши кўзда тутилган.

Жиззах футбол федерацияси мансабдорлари миллионлаб маблағни ўмарган

Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Жиззах филиали ижрочи директори Бахтиёр Ғофуров масъул лавозимдан чўнтагини қаппайтириш йўлида фойдаланди (“Даракчи”, 7 апрель). Бахтиёр Ғофуров 2010-2014 йилларда ҳужжатларни сохталаштириш ва бошқа “маккорона усуллар” билан жамғарманинг 2 миллиард сўмдан ошиқ маблағини ўмарган. Масалан, 2013-2014 йилларда жамғарма филиали ҳисобига ҳомийлардан 793 миллион сўм келиб тушган. Мазкур маблағдан 786 миллиони сохта ҳужжатлар ёрдамида ўзлаштирилган. Қайд этилишича, Жиззах футбол федерацияси биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов, федерация мутахассиси Саҳобжон Хўжаев ҳам жуда катта миқдорда маблағни ўмарган. Суд ҳукмига кўра, Б. Ғофуров 7 йил, Э. Ўринов 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. С. Хўжаев эса амнистия билан озодликка чиқарилган.

Самарқандлик ошиқ тўйни тўхтатиш учун маъшуқасига уйланаётган куёвни ўғирлади

Самарқандлик Нодир Абдуҳамидов одам ўғирлагани учун 3 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 7 апрель). Қайд этилишича, Н. Абдуҳамидов бир неча йил давомида яхши кўриб юрган қизига етишолмаган. Севган қизи бошқа йигитга унаштирилгач, тўйни тўхтатиш учун бўлажак куёвни ўғирлаб кетган. “Куёв ўғирлаш операцияси”га қариндошлари Ҳабибулла Абдуҳамидов ва Аббос Ибрагимовларни ҳам жалб этган. Куёв ўғрилари милиция аралашуви билан ушланган. Н. Абдуҳамидовга куёв ўғирлашда ёрдамлашган қариндошлари 3 йилга кесилган.

Киракашларнинг байрам баҳона кетмони учяпти

8 март ва Наврўз байрамларида ҳар йилгидек Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан Тошкентга келиб кетувчи кира машиналар нархи икки-уч баробарга кўтарилди (“Ҳуррият”, 6 апрель). Масалан, Тошкентдан Самарқандгача кира ҳақи 50 минг сўм, Ғаллаоролгача эса 35 минг сўмга чиққан. “Байрам олдидан узоқдаги қавму қариндошини йўқлашни ният қилган йўловчилар, ота-онаси ёнига қайтаётган талабалар ушбу ҳолатдан жиғибийрон бўлиши тайин”, деб ёзади газета. Қайд этилишича, йўловчилар байрам баҳона “кетмони учган” ҳайдовчилар билан ҳар қанча баҳслашмасин, нарх туширилмаган.

Бухорода меҳмонхона лифтида қамалиб қолган мижоз меҳмонхонадан маънавий зарар ундирди

Бухородаги “Grand Bukhara” меҳмонхонаси сифатсиз хизмат кўрсатгани боис суд томонидан жавобгарликка тортилди (“Истеъмолчи”, 6 апрель). Меҳмонхона маъмурияти андижонлик Илшат Гимадаевга кўнгилдагидек хизмат кўрсатмаган. Боз устига, мижоз Гимадаев 7-қаватдан тушаётганда лифтда 40 дақиқа қамалиб қолган. Лифт созлангач, у поездга аранг етиб олган. Шундан кейин И. Гимадаев Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти ишонч телефонига мурожаат қилган. Суд меҳмонхона мижозга 130 минг сўм маънавий зарар тўлаши ҳақида қарор чиқарган.

Коллеж директори ўринбосари пора билан ушланди

Самарқанддаги Сартепа туризм ва маиший хизмат коллежи директори ўринбосари Зарина Муродова пора билан ушланди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, директори ўринбосари 2015-2016 йилги ўқув йили учун қабулда жиянини ўқишга киритиш эвазига фуқаро Замира Шамсиевадан дастлаб 200, кейин 300 доллар пора талаб қилган. Директор ўринбосари талаб қилинган суммани олаётганда ушланган.

Нозим Тўлахўжаев: Актёрлар кам ҳақ олади

Ўзбекистонлик таниқли актёр Нозим Тўлахўжаев “Даракчи” нашрига берган интервьюсида актёрларга берилаётган ҳақ кам эканини қайд этди. “Бош роль ижрочиси фильмнинг ассистентидан уч баравар кам гонорар олади. Кўпчилик актёрларнинг хусусий фильмда иштирок этиш учун югуриши сабаби ҳам шунда”, деган у. Н. Тўлахўжаев актёрлик касби машаққатли эканини ҳам таъкидлаган. “Ёдимда, Санкт-Петербургда бир сериалда суратга тушганимда 40 даража совуқда ишлаганимиз етмаганидек, мени қорга кўмишган. Актёр соғлиғини хавфга қўйиб, ўзини минг кўйга солади, ахир. Бизнинг касбимиз ҳаётий хавфлилиги жиҳатидан учувчилардан кейин иккинчи ўринда туради”, дейди актёр.

XS
SM
MD
LG