Линклар

Тоғли Қорабоғда ҳарбий тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганлар жасадларини излаш мақсадида "Сукунат вақти" эълон қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Тоғли Қорабоғдаги вазият 2 апрелга ўтар кечаси таранглашиб кетган. Дипломатик аралашув воситасида 5 апрель куни жанговар ҳаракатлар тўхтатилгунига қадар бу ерда 70 дан зиёд одам ўлган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованнисян Фейсбук орқали ёзишича, 2 апрелдан 8 апрелгача бўлган муддат ичидаги тўқнашувларда 44 нафар арман ҳарбийси ўлган.

Расмий Боку тўқнашувларда 31 нафар озарбайжон аскари қурбон бўлганини хабар қилди.

Ўзини Бокудан мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ бўлгаси учун Озарбайжон ва Арманистон 1988 йилдан 1994 йилгача уруш олиб борган ва бу уруш 30 мингдан зиёд киши ҳаётига зомин бўлган.

Халқаро миқёсда “музлатиб” қўйилган бу зиддиятга 20 йилдан буён якуний ечим топилмаяпти ва вақти-вақти билан Тоғли Қорабоғда ўт чиқиб турибди.

5 апрелдаги сулҳдан сўнг Россия ва АҚШ жанг қилаётган томонлар музокара столига қайтишига умид билдирди. 6 апрель куни Берлинда Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашувдан сўнг чиқиш қилган Арманистон президенти Серж Саркисян халқаро ҳамжамиятни Тоғли Қорабоғдаги айирмачиларга “ўз тақдири ва келажагини ўзи белгилаш” ҳуқуқи тан олишга чақирди.

XS
SM
MD
LG