Линклар

logo-print

Ҳафта бошида Тоғли Қорабоғда юзага келган тўқнашувлар давомида дронларнинг янги тури, яъни камикадзе дронлардан фойдаланилди.

4 апрель куни Озодлик радиоси арман хизмати мухбири Карен Чилингарян 4 апрель куни Тоғли Қорабоғда олган видеода ҳарбий дрондан фойдаланилганини кузатиш мумкин. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, видеодаги дрон Исроилда ишлаб чиқариладиган Harop русумли дрондир.

Видеода дроннинг ҳаводан ўзига хос товуш чиқариб учиб ўтганини ва бирданига тепалик ортига шўнғиганини кўриш мумкин.

Кейинроқ Арманистон Мудофаа вазирлиги можаро жойига кўнгиллиларни олиб кетаётган автобусга Озарбайжон дрони ҳужум қилганини, натижада етти нафар одам ҳалок бўлганини билдирди.

Кейинги йилларда дронлар анча мукаммаллашди. Ҳозирги кунда улардан назорат қилишдан тортиб, ҳарбий ҳужумларни амалга оширишгача фойдаланилмоқда.

АҚШ “Ал-Қоида” каби террор гуруҳларига қарши курашда дронлардан кенг қўлланиб келади.

Ҳозирги кунда асосан, АҚШда ишлаб чиқариладиган дронлар шуҳрат қозонган бўлса-да, Исроил, Россия ва бошқа бир қатор мамлакатлар ҳарбий амалиётларда фойдаланиш ва экспорт қилиш учун зўр бериб ўз дронларини ишлаб чиқармоқда.

Ҳарбий ҳужум учун мўлжалланган дронларнинг аксарига ҳаводан қуруқликка ўқ отувчи мослама ўрнатилади. Америкада ишлаб чиқарилувчи Hellfire дрони бунга яққол мисолдир.

Jane’s Defence Weekly ҳафталик журнали тарқатган маълумотга кўра, Harop дронига 15 кг портловчи моддаси бўлган каллак ўрнатилади. Бу дрон камикадзе амалиётлар учун мўлжалланган.

Ўтган йили Harop дронларини ишлаб чиқарувчи Israel Aerospace Industries ширкати бундай дронларни исми ошкор қилинмаган мижоз учун синаётганини билдирган эди. Jane’s Defence Weekly журналида куни кеча чоп этилган мақолада ўша мижоз Озарбайжон эканлиги ошкор бўлгани таъкидланган.

Озодликнинг Israel Aerospace Industries ширкатининг Шимолий Америкадаги офиси билан алоқага чиқишга қаратилган уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG