Линклар

logo-print

Тожикистонда жиҳодга отланган ўсмир 7 йилга қамалди


Ҳусайн Нуралиев маҳкама қаршисида.

Ҳусайн Нуралиев маҳкама қаршисида.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Вахш туман суди 17 ёшли Ҳусайн Нуралиевни хорижий давлатдаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишга ҳозирланганликда айбдор, деб топди. 9-синфни битирганидан кейин Россияга кетган ўсмир у ердан Туркия орқали жиҳод учун Сурияга ўтмоқчи бўлган.

Вахш туман судида ўтган маҳкамада Ҳусайн Нуралиев айбига иқрор бўлди. У ўзини жиҳодга чақирганларини ва янглиш фикрлар етовида Сурияга кетмоқчи бўлганини эътироф этди.

Судда Вахш туман прокуратураси вакили Ҳусайн узоқ вақт мобайнида “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали “Исломий давлат” гуруҳи аъзолари билан алоқада бўлгани, пировардида улар ўсмирни Сурияга жиҳод учун бориш лозимлигига ишонтиришганини айтди.

Ўсмирнинг адвокати Талбон Сафаров суд Ҳусайннинг вояга етмаганини ҳамда содир этган қилмишидан таассуфда эканини ҳисобга олиб, бу каби жиноят учун бериладиган 12 йиллик қамоқ жазоси ўрнига унга 7 йиллик қамоқ жазоси тайин қилганини қайд этди.

Суд материалларига кўра, Ҳусайн 2015 йили Россияга ишлаш учун кетган. У ерда ўсмир Абу Анас лақабли турк билан танишган. Ўтган йил августида у Туркияга йўл олган, бироқ Сурия чегарасидан ўтаётган пайтда туркиялик тартиб посбонлари томонидан қўлга олиниб, Тожикистонга топширилган.

Ҳусайннинг онаси Зулайҳо Алекова 8 апрель куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда оиладаги иқтисодий танглик ўғлини меҳнат муҳожирлигига жўнатишга мажбур қилганини айтди.

- Мен унинг Сурияга кетиш нияти борлигини билмаганман. Ўғлим 2016 йил январидан бери алоқага чиқмаётганди, телефони ўчиқ эди. Милиция ходимлари эса бизга: “Ўғлингиз Туркияда” дейишиб, унга Тожикистонгача чипта олиш учун 800 доллар пул сўрашди, - дейди Зулайҳо Алекова.

Ҳусайннинг отаси Заур Нуралиев эса алдов қурбони бўлиб қолмаслик ҳақида ўғлига кўп марта насиҳат қилганини айтади.

- Аммо, афсуски, шу иш бўлди. Ҳозир Ҳусайнни қамашди, лекин биз суд ҳукмидан розимиз. Мен президентимиздан ўғлимизни афв қилишни сўрадим. Агар ўғлимни озод қилишса, армия хизматига юбораман, - деди ўсмирнинг отаси.

Ҳусайн Нуралиев Туркияда бор-йўғи бир ҳафта бўлган, Тожикистонга қайтарилганидан кейин эса бир неча ой мобайнида Қўрғонтепадаги ҳибсхонада тутиб турилган.

Вахш туманидан яна 14 йигит Сурияга кетгани, бироқ уларнинг кўпи жанг чоғида ўлдирилгани маълум.

Тожик расмийларига кўра¸ ҳозирда 1000 дан зиёд тожикистонлик Сурия ва Ироқдаги жиҳодда жанг қилмоқда.

Аввалроқ бу мамлакат расмийлари Бош прокуратура томонидан Сурия ва Ироқдаги террор гуруҳлари сафига қўшилган 417 нафар тожикистонликка қарши жиноий иш қўзғаганини билдирганлар.

XS
SM
MD
LG