Линклар

Ўзбек мигрантлари сони икки йилдан буён камаймоқда


Эндиликда "зачистка"лар билан фақат полиция шуғулланади

Эндиликда "зачистка"лар билан фақат полиция шуғулланади

Россия Федерал миграция хизмати (ФМС) мамлакатда мавжуд хориж фуқаролари сонига оид рақамларни очиқлади. Идора ҳисоб-китобига кўра, жорий йилнинг ўтган март ойида Россияда ўзбек муҳожирлари сони камайган, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келаётган меҳнат ишчилари сони эса кўпайган. Миграция соҳаси мутахассислари ўзбек муҳожирлари сонининг камайиб бораётганини Россияда авж олиб бораётган иқтисодий инқироз, миграция қонунчилигининг кучайтирилиши билан боғламоқда.

Ўзбек мигрантлари сони камайди

Россия Федерал миграция хизмати (ФМС)нинг 2016 йилнинг март ойига келтирган сўнгги маълумотларига кўра, Россияда Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари сони камайгани, аксинча Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ишчи муҳожирлари сони кўпайгани қайдга олинган.

Бугунги кунда Россия Федерацияси ҳудудида 1.755.781 Ўзбекистон фуқароси яшаб, меҳнат қилмоқда. ФМС рақамларидан уларнинг 1.428.167-таси эркак ва 327.614-таси аёл эканини аниқлаб олиш мумкин.

Россияда, шунингдек, қарийб 589 минг қозоғистонлик (371 000 эркак ва 218 000 аёл), 574 минг қирғизистонлик (351 минг эркак ва 223 минг аёл), 878 минг тожикистонлик (727 минг эркак ва 151 минг аёл) ва 24 мингдан зиёд туркманистонлик (жумладан, 15,5 минг эркак ва қарийб 9 минг аёл) мавжудлиги айтилди.

Умумий ҳисобга кўра, апрель ойи бошига келиб Россия ҳудудида 3.821.685 марказий осиёлик муҳожир расман қайдга олингани ва ўтган ойга нисбатан улар сони 25 мингдан кўпроққа камайган.

С.Абашин: “Ўзбек муҳожирлари сони нафақат инқироз туфайли камаймоқда”

Бу ўзгаришларни Озодликка таҳлил қилиб берган Санкт-Петербургдаги Европа Университети профессори, тарих фанлари доктори Сергей Абашин ФМС келтирган рақамларда нафақат меҳнат муҳожирлари сони акс этганига эътиборимизни қаратди:

Тарих фанлари доктори С.Абашин

Тарих фанлари доктори С.Абашин

- Умуман олганда Ўзбекистон фуқаролари сонининг Россия ҳудудида камайиб бораётгани жараёни 2014 йилдан буён кузатилмоқда. Бунга икки йил бўлди. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, улар сонининг 2014 йилнинг апрель бошлари билан солиштирганда камайиши жами 27 фоизни ташкил этди. Бу катта рақамлар! Йилнинг энг гавжум даври – июнь, июль ва август ойларида улар сони 2,5 миллиондан зиёд бўлган. Ёзда бу камайиш 30 фоизга чиқади деган тахминларимиз бор. Аммо “буларнинг ҳаммаси меҳнат муҳожири” деган фикр хато бўлади: улар жумласида элчилик, савдо ва турли корхона ваколатхоналари ходимлари, талабалар, маданият ва фан соҳаси вакиллари, даволанишга келган одамлар, сайёҳлар, кекса ва ёш болалар ҳам бор, деди профессор Абашин.

Сергей Николаевич бу рақамларга назар солганда қуйидаги бошқа муҳим жиҳатларга эътибор беришни ҳам сўради:

- Бу муайян вақтда қайдга олинган фуқаролар сонидир. Гап шундаки, одамлар йил давомида киради-чиқади, доимий ротация бўлиб туради. Яъни, биз йил давомида Россияга келиб кетган ўзбекистонликлар сони 2,5 миллиондан ошишини ҳисобга олишимиз зарур. Ўзбек муҳожирлари сони камайишига қатор омиллар сабаб бўлган бўлса, улардан асосийси – Россиядаги иқтисодий инқироз. Эсласангиз, 2012-13 йилларда Ўзбекистондан Россияга пул ишлагани ўзига тўқ “ўртаҳоллар” ҳам чиққан эди, чунки ўша йиллари ҳақиқатан яхши даромад олиш мумкин эди, деди Сергей Абашин.

Профессор Абашин Ўзбекистондан келаётган миграция оқимининг камайишига яна икки фактор жиддий таъсир этганини белгилаб берди: бу янги миграция қонунчилигининг кучайтирилиши (депортация, солиқлар ошиши, тинимсиз текширувлар) ва Ўзбекистон ичкарисидаги миграцияга қарши сиёсат (паспортлар алмаштирилиши, ҳорижда юрганлар устидан қатъий назорат).

Суҳбат сўнггида Сергей Абашин Россияда ФМС идорасининг тугатилиши ва уни яна Ички ишлар таркибига киритилишига салбий баҳо бериб, бу ўзгаришлар “муҳожирлар учун ҳеч қандай ижобий натижага олиб келмаслигини” тахмин қилди.

- ФМСни ҳамма танқид остига оларди. Аммо, яхшими-ёмонми у шаклланган тузилма эди, озми-камми амал қиларди, халқаро тузилмалар ва экспертлар билан ҳамкорлик қиларди... Уни “полицияча бошқарувда” танқид қилишарди, чунки у дарҳақиқат милиция таркибидан ажралганди. Энди эса яна полицияга қайтариб беришаяпти: миграция идораси кейинги бир неча йилни яна бошқаттан ўз ишини йўлга қўйиш билан шуғулланади – муҳожирлар масаласи иккиламчи бўлиб қолишидан қўрқяпман. Ким яна икки-уч йилдан кейин миграция тузилмаси тубдан ўзгартирилмаслигига кафиллик беради?! - деди профессор Сергей Абашин.

5 апрель куни Россия президенти Владимир Путин Федерал миграция хизмати ва Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизматини Ички ишлар вазирлигига бўйсундирган эди.

Икки кун ўтар-ўтмас Россия Ички ишлар вазирлиги полиция таркибига киритилган Миграция бошқармасига янги раҳбарни тайинлаганини расман эълон қилди. Янги тузилмани Россия Ички ишлар вазири муовини полиция генерал-полковниги Александр Горовой бошқариши маълум бўлди.

Эски бошлиқ Константин Ромодановский командасидан бирор киши янги бошқарувга киритилмагани тўғрисида маълумот тарқалди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG