Линклар

ЕХҲТ ўз ходимлари Украина шарқидаги айирмачилар тўйида қатнашганидан афсусда


Ўтаётган ҳафтада Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти – ЕХҲТнинг икки ходими шарқий Украинадаги россияпараст айирмачи қизнинг тўйида иштирок этгани акс этган суратлар Интернетда пайдо бўлди. Ташкилотнинг Украинадаги миссияси бу ҳолатдан афсусланиш билдирди.

Суратларнинг бирида исми ошкор қилинмаган ЕХҲТ кузатувчисини айирмачи Володимир Тимофеев қучоқлаб турганини кўриш мумкин. ЕХҲТ сайтида ёзилишича, кузатувчиларнинг вазифаси “тангликларни озайтириш, тинчлик, барқарорлик ҳамда хавфсизлик ўрнатишга ҳисса қўшишдан” иборатдир.

Бу суратларни украинанинг Hromadske.tv телеканали журналистни Евгений Спирин ўз Facebook саҳифасида эълон қилди. Журналист суратларни ўз навбатида VKontakte сайтидан олган.

2015 йилнинг июнида бўлиб ўтган тўйда ЕХҲТ кузатувчиси ва унинг таржимони қатнашган.

Яна бир суратда Тимофеевни кузатувчини қучоқлаб, камерага қараб кулиб турганини кўриш мумкин.

Шириннинг шарҳи Facebookда оммалашганидан кейин ЕХҲТнинг Украинадги Махсус кузатув миссияси (МКМ) суратлар ҳақиқийлигини тасдиқлади, лекин кузатувчилар тўйда ҳақиқий меҳмон бўлмаганини айтди.

ЕХҲТ 7 апрель куни расмий Facebook саҳифасида “ЕХҲТ МКМ бўлиб ўтган ҳодисадан афсусда. Кузатувчилар тўйда бевосита иштирок этмаган бўлса-да, сурат улар нотўғри иш қилишганини кўрсатади. Бу кузатувчилар миссияни тарк этишган”, деб ёзди.

ЕХҲТ МКМнинг вакили Озодлик радиосига юборган хатда ёзилишича, кузатувчилар тўйга келган меҳмонлар суратга тушаётган майдонандан ўтиб кетаётган бўлишган. Улар тўхтаб суҳбатлашишган, кейин суратга ҳам тушишган. Хатда яна кузатувчилар қачон ёки қай йўсинда миссиядан четлатилгани ошкор қилинмаслиги айтилган.

Яқинда Тимофеев ва унинг айирмачи шериклари ўртасида муаммолар пайдо бўлди.

Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилинган ҳудуд раҳбари Игорь Плотницкий Тимофеевни Стаханов шаҳрида бир қатор оғир жиноятга қўл урганликда айблади. Украин матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, айирмачилар Тимофеевни март ойида қўлга олган.

Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаганидан бери айирмачилар Киев кучлари билан тўқнашиб келади. Ҳар икки тараф ЕХҲТни бетараф бўлишга чақириб, танқид қилиб туради.

Анна Шаманская

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG