Линклар

logo-print

Президент куни: Тожикистонда байрамлар сони яна биттага кўпаяди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари 11 апрель куни ҳукуматнинг мамлакатда Президент куни таъсис этиш ҳақидаги ғоясини қўллаб чиқишди. Эндиликда Тожикистонда 16 ноябрь Президент куни ўлароқ байрам қилинади.

Душанба куни тожик депутатлари ҳукуматнинг мамлакатда Президент кунини байрам қилиш ғоясини қўллаб чиқишди. Бу масала юзасидан депутатлар парламент қуйи палатасининг 13 апрель куни ўтказилажак мажлисида овоз бериши кутилмоқда.

Тожикистон парламенти матбуот хизматининг қайд этишича, эндиликда “Байрам кунлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига ҳар йили 16 ноябрь Президент куни сифатида нишонланишига оид ўзгартиш киритилади.

Озодликнинг тожик хизмати манбасига кўра, қонунга тузатиш лойиҳаси “Жаноби Олий, Тожикистон республикаси президенти, Миллат пешвоси, муҳтарам Имомали Раҳмоннинг мамлакат давлатчилигини шакллантириш, миллий давлатчиликни тиклаш, тинчлик ва бирдамликни таъминлаш, Тожикистон обрў-эътиборини халқаро майдонда мустаҳкамлаш йўлидаги беқиёс ҳиссасини эътиборга олган ҳолда” тайёрланган.

Имомали Раҳмон 2015 йил декабрида “Тинчлик ва миллий бирдамлик асосчиси – Миллат пешвоси тўғрисида”ги қонунни имзолаш орқали “Миллат пешвоси” мақомига эга бўлганди.

Бу мақом уни ҳукмронлик даврида содир этган ишлари учун ҳар қандай масъулиятдан халос қилади ҳамда лавозимини тарк этганидан кейин ҳам унга ўз таъсирини сақлаб қолиш имконини беради.

16 моддадан иборат қонунда “Миллат пешвоси” тушунчасига таъриф берилган, бу шахснинг ваколатлари, дахлсизлиги, хавфсизлигининг таъминланиши, унга берилган ижтимоий кафолатлар баён қилинган.

Мазкур қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, Миллат пешвоси – Имомали Раҳмон ордени ва “Миллат пешвоси – Имомали Раҳмон” давлат мукофоти таъсис этилган.

Бу орденнинг таъсис этилишини танқидчилар Тожикистонда шахсга сиғинишнинг яна бир намунаси ўлароқ баҳолаганлар.

Пайғамбар ёшига етган президент Имомaли Рaҳмон Тожикистонни сўнгги 23 йилдaн бери бошқaриб келaди. Россиянинг яқин иттифоқдоши бўлмиш Имомали Раҳмоннинг мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарилиши унинг 1988 йилда Данғара туманидаги Ленин номли совхоз директорлигига сайланганидан сўнг бошлангани айтилади.

Жорий йилнинг 22 май куни Тожикистонда конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун умумхалқ референдуми ўтказилиши кутилаяпти. Бу референдумда Имомали Раҳмоннинг бир умр президент бўлиб қолиши, президентликка номзодлар ёшининг пасайтирилиши назарда тутилган ўзгартишлар умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Кузатувчилар фикрича, бу референдум билан тожик президенти ўзини ва оиласини бир умр ҳокимиятда қолишини таъминлаши мумкин.

Тожикистон минтақада Президент кунини жорий этаётган биринчи давлат эмас. Қозоғистонда беш йилдан буён 1 декабрь Тўнғич президент куни сифатида нишонлаб келинади. Бу куни, яъни 1991 йил 1 декабрида қозоғистонликлар ўзларининг биринчи (ва ҳали ҳам амалдаги) президентини сайлагандилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG