Линклар

Туркиялик журналистлар президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонни матбуот эркинлигини аёвсиз равишда бўғишда айбламоқда. Истанбулда судланаётган икки журналист - Жан Дундар ва Эрдем Гул ҳимоясига бирлашган турк журналистлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар Европа Иттифоқини қочқинлар бўҳронидан қутулиш эвазига бундай босимга кўз юмишда айбламоқда.

Туркиялик тележурналист Бону Гуван ўз президентининг CNN бошловчиси Кристиан Аманпурга берган интервьюсига муносабат билдираркан: "Президент Эрдўғон бу гал жуда хушмуомала бўлди. Туркияда эса бундай саволни берадиган журналистга ундан интервью олиш имкони берилмайди, ҳатто", деди.

Бону Гуван шу кунда Истанбулда судланаётган икки журналист ҳуқуқини поймол этмасликни талаб қилаётган туркиялик фаоллардан биридир.

1 апрель куни икки журналист - Жан Дундар ва Эрдем Гуллар судланди. Уларга Сурияга қурол-яроғ контрабандасига алоқадорлик айби қўйилди. Аммо, маҳаллий матбуотда бу судлов туркиялик журналистлар устидан сиёсий босимнинг яққол ва аёвсиз кўринишидан бири сифатида танқид қилинмоқда.

Журналистларга қўйилган айблов исботини топса, уларга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Жан Дундар муҳолифатга қарашли Cumhuriyet газетасининг бош муҳаррири, Гул эса айни газетанинг Анқара бўлими раҳбаридир.

Айни газетада ўтган йили май ойида эълон қилинган мақолада Туркия махсус хизматлари инсонпарварлик ёрдами ниқоби остида Сурияга қурол-яроғ олиб кирди, деган иддао босилган эди. Ушбу мақолада Туркия Суриядаги исёнчи гуруҳларни қўлламоқда, бу гуруҳларнинг айримлари эса "Исломий давлат"га алоқадордир, деган иддао ҳам бор эди.

Ўшанда шахсан Эрдўғоннинг ўзи баёнот берган ва бу юк машиналарида инсонпарварлик ёрдами ташилган ҳамда бу ёрдам Суриядаги туркманларга олиб борилганини айтган эди.

Кейинчалик бу икки журналист ҳибсга олинди ва улар хориж давлатлари фойдасига жосусликда айбланди.

Ўтган ҳафтада Эрдўғонни интервью қилган CNN журналисти Кристиан Аманпур бу судловни назарда тутар экан: "Тушунолмаяпман, нега сиз матбуотга қарши уруш очдингиз?" деб сўради.

Эрдўғон эса мутлақо сокин оҳангда: "Мен матбуотга қарши уруш қилаётганим йўқ. Менинг давлатимда қонунлар ишлайди. Агар матбуот ходими ёки муҳаррири жосусликка алоқадор бўлса, дунёга давлат сирларини фош қилса ва бу ҳаракатлари маҳкамагача борса, маҳкама тегишли қарорни беради", деб жавоб берди.

Бону Гуван эса февраль ойида ҳибсдан қўйиб юборилган икки журналистдан IMC TV каналида интервью оларкан, Эрдўғон ҳукуматининг бу ҳаракатини кескин танқид қилди ва натижада, ушбу телеканал кўрсатув чоғидаёқ Turksat сунъий йўлдошидан узиб ташланди.

"Европа Иттифоқи Туркиядаги матбуот аҳволига бефарқ бўлмаслиги шарт", дейди Гуван.

2007 йилда инглиз тилидаги Today's Zaman газетасини очган Бюлент Кенес шу йилнинг 4 мартида ишхонасида юзлаб полициячи иштирокидаги рейд жараёнида қўлга олинган, бир кун ўтиб қўйиб юборилган яна бир турк журналистидир.

Бунга қадар у Эрдўғонни Twitter тармоғида ҳақорат қилганлик айби билан 21 ойга ҳибсга қилинган.

"Мен ўз ишим билан бемалол шуғуллана олмадим, чунки ҳар куни, ҳар ҳафтада полиция ва прокуратурага қатнаб, тушунтириш хати бердим", дейди Бюлент.

У судланаркан, полиция унинг паспортини олиб қўйди, у ишлаган таҳририятдан яна бир неча журналист қувилди.

Twitter ижтимоий тармоғи берган ҳисоботга кўра, 2015 йил давомида Анқара расмийлари у ёки бу постни тармоқдан олиб ташлашни сўраб, 450та суд ҳукмини йўллаган. Бу эса айни мазмунда дунё бўйлаб маъмуриятга келиб тушган жами сўровларнинг 93 фоизига тенгдир.

Айни пайтда Туркияда Эрдуғон ҳукуматининг бундай ҳаракатларини оқлаётган зиёлилар ҳам бор.

Булардан бири - Эрдўғон билан бир маҳаллада катта бўлган таниқли фотограф Сўнер Овчиўғли: "Дунёдаги ҳамма қудратли давлатлар бошқа кўплаб давлатларга, уруш бўлаётган минтақаларга қуролини ўтказади. Биз ҳам шу ишни қилишимиз мумкин ва Туркия махсус хизматлари буни ошкор қилмаслиги керак", деб ҳисоблайди. У журналистлар - Дундар ва Гулни Туркиянинг душманлари, деб атади.

1 аперль куни Россиянинг БМТдаги вакили Виталий Чуркин Туркия ҳукуматини ўз махсус хизматлари орқали "Исломий давлат"га алоқадор гуруҳларга 1 миллиард 900 миллион доллар миқдорида ёрдам берганликда айблади.

Туркия томони эса бу айбловни "Сурияда Россия ҳаво кучлари томонидан тинч аҳоли ўлдирилаётгани, мамлакат вайрон қилинаётганидан жамоатчиликни чалғитишга уриниш" дея шарҳлаб, рад этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG