Линклар

logo-print

Марказий Осиëдаги иқтисодий инқироз кучаймоқда


Ўзбек иқтисодидаги инқироз¸ хусусан¸ инфляция даражаси шу кетишда давом этаверса¸ ижтимоий тармоқлардаги прогнозга кўра¸ Ўзбекистон Зимбабве аҳволига тушиб қолади.

Ўзбек иқтисодидаги инқироз¸ хусусан¸ инфляция даражаси шу кетишда давом этаверса¸ ижтимоий тармоқлардаги прогнозга кўра¸ Ўзбекистон Зимбабве аҳволига тушиб қолади.

Россия иқтисодидаги кризис кучайган сари¸ Россиядан Марказий Осиë давлатларига юборилаëтган муҳожир пуллари оқими кескин қисқаришда давом этмоқда. Бу эса¸ таҳлилчиларга кўра¸ муҳожир пулига қарам бўлган Тожикистон¸ Қирғизистон ва Ўзбекистондаги аҳволнинг бундан кейин янада оғирлашишини англатади.

Eurasia Net лойиҳаси директори Питер Леонарднинг Озодликка айтишича¸ муҳожир пулига энг кўп қарам бўлган тожик иқтисоди Россия иқтисодий кризисининг энг катта зарбасига учрамоқда. Муҳожир юборадиган пул ялпи миллий маҳсулотининг 50 фоизини ташкил этадиган Тожикистонда¸ Россиядан келаëтган пул жўнатмалари 67 фоизга камайган ва 2014 йилги 3¸8 миллиард доллардан ўтган йил охирига келиб¸ 1¸3 миллиард долларга тушган.

- Энг қаттиқ зарбани Тожикистон бошдан кечирмоқда. Айни пайтда¸ Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам вазият умидга асос берадиган даражада эмас¸ дейди Питер Леонард.

Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари Россиядан юбораëтган пул жўнатмалари 2014 йилда 5,581 миллиард доллар бўлган бўлса¸ 2015 йил охирига келиб¸ 3,05 миллиардга тушиб қолган.

Айрим маълумотларга кўра¸ Россиядан юборилаëтган пул миқдори камайиши билан айни пайтда¸ бу пулларнинг маҳаллий валюталардаги қурбининг ҳам пасайиши Марказий Осиëдаги иқтисодий вазиятни пастга тортмоқда.

Россиядаги иқтисодий инқирознинг билвосита зарбалари минтақада турли кўринишда акс этмоқда.

Иқтисодчиларга кўра¸ булардан бири инфляция даражасининг ошишида кўринмоқда:

- Маҳаллий валюталар ҳам қаттиқ зарба емоқда. Буни фақат муҳожир пули ҳисобига рўзғор тебратиб келганларгина эмас¸ ҳамма сезмоқда. Бугун исталган ўзбекистонлик ўзи олаëтган маошга бир йил аввалгига нисбатан камроқ нарса сотиб олаëтганини кўриб¸ билиб турибди¸ дейди Озодликнинг минтақа бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер.

Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистондаги иқтисодий инқирознинг яна бир кўриниши нақд пул тақчиллигида акс этмоқда.

Таҳлилчиларга кўра¸ Тожикистондаги энг катта банк банкротлик даражасига тушиб қолган ва бу банкнинг ҳозирга қадар расман касод деб эълон қилинмагани ўзига хос мўъжизадир.

Ўзбекистонда эса¸ нафақат ўқитувчи ва врачлар каби давлатнинг оддий хизматчилари¸ балки махсус контингент ташкилоти ходимларига ҳам ойлаб маош тўланмай келинаëтгани¸ ўзбек иқтисодининг оғир аҳволга тушгани тасдиғидир:

- Ўзбек иқтисодининг ҳақиқий аҳволини кўрсатувчи аниқ рақамлар йўқ ҳисоби. Журналистик кузатувлар ва қўлимиздаги бор маълумотдан келиб чиқиб¸ биз ўзбек иқтисодининг ўсиш суръати ҳукумат айтган даражада эмаслигини айтишимиз мумкин. Хитой ва Россиядан импорт ҳажмининг долларда кескин камайгани ҳам иқтисодий аҳвол яхши эмаслигидан даракдир. Нафақат Россиядан юборилаëтган муҳожир пулларининг камайиши¸ балки жаҳон бозорида газ ва пахта нархининг тушиши ҳам бу инқирозни кучайтирмоқда¸ дейди Economist Intelligence Unit таҳлилчиси Алекс Найс.

Минтақанинг энг ëпиқ давлати бўлган Туркманистондан реал вазиятга доир аниқ маълумот олиш деярли имконсиз бўлса-да¸ бу мамлакатда ҳам нақд пул билан боғлиқ муаммо юзага келгани кўринмоқда.

Айтилишича¸айрим давлат хизматчиларига маошларни озиқ-овқат¸ айрим ҳолларда қўй билан тўлаш ҳоллари қайд этилмоқда. Шунингдек¸ Туркманистоннинг энг катта ва сердаромад ҳисобланган газ секторида ишчи-хизматчиларни оммавий тарзда бўшатиш ҳоллари борлиги ҳақида айрим хабарлар мавжуд.

Кузатувчиларга кўра¸ минтақанинг энг бой давлати Қозоғистон ҳозирча бундай муаммоларга чап беришга муваффақ бўлмоқда. Аммо бу инқироз турмуш даражаси баланд бўлган қозоғистонликларнинг янада яхшироқ ҳаëт борасидаги режаларини анча кечиктириши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG