Линклар

Россияда 22 йилга озодликдан маҳрум қилинган украин учувчиси Надежда Савченко тиббий кўмакка муҳтож бўлиб, уни зудлик билан шифохонага ётқизиш зарур. Бу ҳақда бугун Надежданинг опаси Вера Савченко Фейсбук саҳифаси орқали маълум қилди.

7 апрель куни адвокат Марк Фейгин Савченко украин ёки немис шифокорлари уни текширишини талаб қилаётгани ҳақида хабар қилди.

Украина шарқида 2014 йили россиялик икки журналистнинг ўлимига алоқадорликда айбланган Надежда Савченко шу йилнинг 22 март куни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Ҳукм 5 апрелдан кучга кирган. Эртасидан бошлаб у қуруқ очлик эълон қилди.

Савченко ўзига қўйилаётган айбловни инкор қилган ҳамда ўзининг ҳибс этилиши ва судланишига норозилик ифодаси ўлароқ аввал ҳам бир неча марта очлик эълон қилган.

Учувчининг адвокатлари олдинроқ Савченко ўзига нисбатан жиноят ишининг қонуний эканини тан олмагани учун суд ҳукми устидан шикоят аризаси ёзмаслигини билдиргандилар.

Савченко 2014 йил июнида Украина шарқида айирмачиларга қарши кўнгиллилар батальонида жанг қилаётган пайтда қўлга олингани ва Россияга ноқонуний равишда олиб келинганини айтиб келади. Украина президенти Петро Порошенко Киев Савченкони россиялик маҳбусларга алмашишга тайёрлигини билдирган, бироқ Кремль учувчи аёл қамоқ муддатини Россияда ўташини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG