Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:53

Македония полицияси билан тўқнашувда юзлаб қочқин жароҳатланди


10 апрель куни Грециядан Македонияга ўтмоқчи бўлган қочқинлар Македония полицияси билан тўқнашди. Хабарларга кўра, Македония полицияси қочинларга нисбатан кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли гранаталар ҳамда резина ўқлар қўллаган. Қочқинлар ўз навбатида полиция ходимларига тош отиб жавоб қайтарган.

Чегара билмас шифокорлар ташкилотининг хабар қилишича, ташкилотнинг тиббий ходимлари ҳодиса жойида бўлган ва турли ҳил жароҳат олган 300 га яқин одамга ёрдам кўрсатган. Камида олти одам шифохонага олиб кетилган.

Македония полицияси 23 полициячи жароҳатлангани, уларнинг 5 нафарининг аҳволи оғир эканини билдирди.

Македония полицияси ва қочқинлар ўртасидаги тўқнашув Грециядаги Идомени қочқинлар лагери яқинида бўлиб ўтди. Бу ерда айни дамда 11 мингдан кўпроқ қочқин яшамоқда.

Болқон давлатлари Европанинг тараққий этган мамлакатларига ўтмоқчи бўлаётган қочқинларнинг йўлларини жорий йилнинг февралида тўсиб қўйган эди.

Хабарларга кўра, тўқнашувлар 500 га яқин қочқин чегара очилгани ҳақидаги миш-мишга ишониб, Македония томон отланганидан кейин бошланган.

Македония полицияси бу миш-мишни рад этганидан кейин юздан ошиқ қочқин, жумладан, болалар чегарадаги тўсиқ устидан ошиб ўтишга уринган. Полиция ходимлари бунга йўл бермаган. Тўқнашувлар тушликкача давом этган.

Шамол кўздан ёш оқизувчи газларни Идомени томон учириб борган. Натижада полиция билан бевосита тўқнашмаган қочқинлар ҳам жабр кўрган.

Греция полицияси тўқнашувларга аралашмай, кузатиб турган.

Греция ҳукуматининг миграция масалалари бўйича идорасининг матбуот котиби Георгос Кирицис Македония полициясининг куч қўллаганини “хавфли ва ачинарли ҳолат” деб баҳолади.

Греция расмийларининг ҳисобларига кўра, мамлакатда ҳозирда 53 мингга яқин муҳожир бор.

Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасида эришилган янги келишувга кўра, 20 мартдан бошлаб Туркиядан Грецияга ўтган қочқинлар Туркияга қайтарила бошланди.

Грециядан депорт қилинган ноқонуний муҳожирларнинг ҳар бири эвазига Европа Иттифоқи Туркиядаги суриялик қочқинларга бошпана беради.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу келишувни кескин қораламоқда.

XS
SM
MD
LG