Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

Москванинг турли жойларида меҳнат муҳожирлари отиб кетилди


Сулаймон Саидов шифохонада
Сулаймон Саидов шифохонада

Москва полицияси деразадан панжара бўяётган 19 яшар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини тўппончадан отиб қочган маҳаллий фуқарони ҳибсга олди. 40 яшар бу шахс ўз ҳатти-ҳаракатларини “муҳожирларнинг унинг балкони остида панжара бўяётгани ёқмагани” билан изоҳлади. Бундан бир кун олдин метрода яна бир мигрант кўзидан отилган эди.

Ўзбек муҳожири елкасидан отилди

Шанба, 9 апрель куни эрталаб Москванинг Строгино туманидаги Исаковский кўчасида темир панжараларни бўяш ишларини олиб бораётган коммунал хўжалик ишчиларини шу атрофда яшовчи фуқаро ҳақорат қила бошлайди.

9 қаватли панел уйнинг иккинчи қаватида яшовчи бу шахс уларни “ухлашга ҳалақит бераётганликда” айблади, ваҳоланки соат эрталабки 10:30лар эди.

Деразадан бутилка ва бошқа буюмларни ота бошлаганини кўрган ишчилар полиция чақиртириб, четроққа ўтган. Аммо шу пайт деразадан ўқ овози янгради.

Отилган ўқ 19 ёшли ўзбекистонлик Лочинбек Тўраев елкасига тегиб, уни ярадор қилди.

Озодлик Лочинбек Тўраев енгил яралангани ва аллақачон уйига жавоб бериб юборилганини аниқлади.

- Мен панжара бўяётган эдим, нимадир келиб елкамга тегди. Нималигини аввалига тушунмадим ҳам. Бошлиғимиз полиция ва “тез ёрдамни” чақиртирди ва мени олиб кетишди. Тахминан иккинчи қаватдан отишди,- деди Лочинбек.

Ичкаридан квартирасини ёпиб олган шахс ҳодиса жойига чақиртирилган полицияга эшикларни очмади: полиция ўт ўчирувчилар ёрдамида эшикларни бузиб ичкарига кирди ва 40 ёшли Андрей Стариковни ҳибс этди. Бу сафар у полицияга мигрантлар машинасини бўяб қўйишидан қўрқиб, ўқ отганини айтди.

Кейинроқ қўлга олинган москвалик маҳаллий психоневрология бўлимида қайдда туриши, олдин ҳам бошқа қўшнилар билан жанжаллашиб тургани аниқланди. “Московский комсомолец” нашрининг ёзишича, Стариков қўшнилар ойнасига ва машиналарига ҳам травматика пистолетидан ўқ отган. Терговчилар унинг “Фольксваген” автомобилида 17 дона майда ўқ топди.

Терговчилар “Безорилик” моддаси асосида Андрей Стариковга нисбатан жиноий иш очгани маълум бўлди. Қўйилаётган айбловлар бўйича москвалик 8 йилгача қамоққа маҳкум этилиши мумкин.

Травматдан яраланган муҳожирлар сони кўпаймоқда...

Таъкидлаш зарурки, бу воқеадан бир кун олдин, 8 апрел куни, Москванинг “Калужская” метро бекатида яна бир москвалик икки нафар Тожикистон фуқаросига травматик қуроли билан отган эди.

Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, кечки 18:00ларда кўринишидан рус бўлган йўловчи 19 яшар тожикистонлик Муҳаммаджон Ҳакимовни поезд вагонидан чиқиб кетишни талаб қилади. Унинг ҳимоясига келган йигитчанинг амакиси Сулаймон Саидов жанжал кўтарган россияликни тинчлантиришга уринади, аммо у бирдан “Оса” пневмотўппончасини олиб, Сулаймоннинг бошига қарата бир неча маротаба ўқ узади.

Муҳаммаджон қочади, шунда қуролланган шахс Сулаймонга яна икки маротаба ўқ отиб, ҳодиса жойидан қочиб кетади.

Сулаймон Саидов Москвада
Сулаймон Саидов Москвада

Сулаймон Саидов шифохонага олиб кетилди: врачлар муҳожирнинг бошига иккита ўқ теккани, ўқлардан бири унинг кўзига қадалиб қолганини маълум қилди. Маҳаллий тожик диаспорасида воселик Сулаймон Саидов кўзи операциясига зарур бўлган 120 минг рубль маблағ йиғиш бошлангани айтилмоқда.

Тезкор полиция гуруҳи жиноятчини ташлаб кетилган пистолет бўйича тезда аниқлади ва ҳибсга олди.

Бу шахс 59 яшар Сергей Царев экани маълум қилинди. У 9 апрель куни Черемушки туман суди қарори билан икки ойга ҳибсга олинди. Терговчилар Царёв “қотилликка уриниш” моддаси асосида жиноий жавобгарликка тортилганини хабар қилди.

Тожикистонлик жабрдийда яқинлари эса Тергов қўмитасига “миллий адоват юзасидан” жиноий иш қўзғатилиши талаби билан чиқди.

Айни пайтда, Тожикистоннинг Россиядаги элчилиги Россия Ташқи ишлар вазирлигига тожикистонликларга қилинган ҳужум юзасидан объектив тергов олиб боришни сўраб, махсус нота юборди.

Санкт-Петербургда шу йилнинг 24 мартига ўтар кечаси икки нафари пичоқлаб ва яна бири отиб кетилган муҳожирлар ҳақида Озодлик олдинроқ хабар қилганди.

6 апрель куни эса худди шу шаҳарда яна бир 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси оғир аҳволга госпитализация қилинган эди: шифокорлар номаълум кимса унинг жинсий аъзоларига травматика қуролидан отиб кетганини қайд этди.

XS
SM
MD
LG