Линклар

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тожик расмийларига сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинган шахсларни озод қилиш ҳамда сиёсий мухолифларга ўз фаолиятини эркин юритиш имкониятини беришни тавсия қилди.

Ташкилот 2015 йил сентябридан 2016 йил апрелигача бўлган даврни қамраган янги ҳисоботида Тожикистонда инсон ҳақларига оид вазият ёмонлашгани юзасидан ташвил билдирган.

Ҳисобот муаллифлари ҳозирда тақиқланган Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг ўнлаб аъзоси ҳибсда сақланаётгани, расмийлар эса хориждаги танқидчиларини таъқиб қилиб, уларнинг қўлга олиниши ва ватанига экстрадиция қилинишига жаҳд қилганларини қайд этади. Human Rights Watch ўтган давр ичида Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 200 чоғли аъзоси қўлга олингани, партия сиёсий кенгашига кирган 13 киши устидан суд эса ёпиқ эшиклар ортида ўтганини урғулаган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу маҳкама жараёнига яқин қариндошлардан ташқари на фуқаролик жамияти, на журналистлар ва на дипломатлар қўйилган, адвокатлардан эса судга оид ва ҳимоясида бўлган шахслар соғлиғига оид маълумотларни очиқламаслик ҳақида тилхат олинган.

Human Rights Watch тожик расмийлари адвокатлар, журналистлар ва ижтимоий тармоқларда ҳукумат ҳақида танқидий фикрлар билдирган оддий фуқароларни ҳам таъқиб қилаётганини эътибор қаратади.

Бу HRWнинг жорий йилда Тожикистондаги инсон ҳақларига оид вазият ҳақида чиқарган иккинчи ҳисоботидир. Аввалги ҳисоботда тожик расмийлари ноҳукумат ташкилотларига босимлар, сиёсий мухолифлар таъқиби ва сўз эркинлиги вазиятининг ёмонлашгани учун танқид қилинганди.

XS
SM
MD
LG