Линклар

logo-print

Аёлни тепган тошкентлик мелиса айбидан тонди


Ерда ётган аёлни тепаётган милиция ходими.

Ерда ётган аёлни тепаётган милиция ходими.

Озодлик ижтимоий тармоқларда тарқалган милиция ходимининг аёл кишини калтаклаётган видеоси тафсилотларини аниқлади. Воқеа 10 апрель куни Тошкентнинг Учтепа тумани Фарҳод маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Видеода 55 ёшлардаги аёлни тепган милиционер эса участка нозири Иззатилла Ҳошимов экани айтилаяпти. Озодлик билан суҳбатда участка нозири Ҳошимов аёлни тепмаганини иддао қилди.

Учтепанинг Фарҳод маҳалласида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, Фейсбукда тарқалган милиционернинг аёл кишини калтаклаётгани акс этган видеода тасвирланган воқеага шахсан гувоҳ бўлган:

“Бу Учтепанинг 23 кварталида, Фарҳод маҳалласидаги 69-домнинг олдида содир бўлди. Якшанба, 10 апрель куни эди. 55 ёшлардаги аёл, руҳан носоғлом бўлса керак, лекин башанг кийинган эди. У кўчада бақириб тўполон қилди. Кейин шу атрофда яшовчи одамлар тўпланди. Одамлар аёлни тинчлантиришга уринди. Лекин у ҳеч ўзига келмагач, кимдир милицияга қўнғироқ қилди”, дея эслайди учтепалик аёл исмини очиқламаслик шарти билан.

Воқеа гувоҳининг айтишича, шу маҳалла нозири Иззатилла Ҳошимов воқеа жойига етиб келган ва аёлга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлиб, уни тепкилаган:

“Участковой мелиса аёлни қандай тинчлантиришни билмади шекилли, машинасидан кир латтани олиб, уни аёлнинг оғзига тиқмоқчи бўлди. Аёл қичқириб, қаршилик кўрсатиб, юз- кўзини ёпмоқчи бўлган эди, участковой аёлнинг юзига оёқлари билан тепди. Кейин участковой уни ўзбекчалаб сўкди. Ҳамма буни кузатиб турди, лекин ҳеч ким индамади. Воқеа 3 соатча давом этди. Кейин машинада яна учта милиционер келди. Тез тиббий ёрдам ҳам етиб келди. Аёлни тез ёрдам машинасига олишмоқчи бўлганида у қаршилик кўрсатди. Шу пайт участкавой яна уни калтаклади. Лекин кейин эшитишимизча, улар воқеа гувоҳларидан ёлғон кўсатма беришни талаб қилишган. Протокол тузилганида, участковойнинг аёлни калтаклаганини ёзишмаган”, дейди учтепалик манба.

Фарҳод маҳалла йиғинидаги фаоллардан бирининг айтишича, бақир-чақир қилган аёл 55 ёшлардаги рус миллатига мансуб бўлиб, у бу маҳаллада яшамайди. Фаолга кўра, аёл руҳан носоғлом бўлиши мумкин, унинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаган, уни тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетган.

Озодлик аёлни тепган, деб кўрилаётган Фарҳод маҳалласи участка нозири Иззатилла Ҳошимов билан телефон орқали боғланиб, воқеа юзасидан изоҳ сўради:

Озодлик: Фарҳод маҳалласи участка нозири Изаттила Ҳошимовми бу?

- Манман.

Озодлик: Мен журналистман. Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Видео чиқиб кетди, аёлни тепаётганингиз акс этган. Шуни сўрамоқчи эдим: Қайси ҳуқуқ билан аёлни тепдингиз?

- У ерда аёл тепилмаган. У аёл кўчада фуқароларнинг тинчлигини, осайишталигини бузиб кўчада бақириб, ёш болаларни қувлаб юрганини ва машинани тагига ўзини ташлаб, машинани капотларига ўтириб олгани ҳақида хабар келган. Ўша хабарга асосан чиқилди. Шахсини, яшаш жойини сўралганда ҳеч қанақа шахсини ҳам, ўзини ҳам танитгани йўқ. Шу билан кейин махсус 103 хабарига асосан врачларни чақириб, бериб юборилган. У йўлда, яна эшитишимиз бўйича, врачларни ҳам уриб ташлаган у аёл.

Озодлик: Йўқ. Сизнинг тепаётганингиз акс этган видео турибдику.

- Йўқ тепмаганмиз уни. Ҳеч қанақа тепилмаган. У ерда фуқароларнинг олдида қанақасига тепиш мумкин уни.

Озодлик. Оёғингиз билан тепаяпсизда энди. Ҳар ҳолда оёғингиз турибди унинг устида.

- Йўқ, йўқ, унақа бўлмаган. У акс эттирилган бўлиши мумкин. Лекин у кўпчиликнинг олдига борган одамни оёғидан тортиб, йиқитмоқчи бўлиб, ҳаракат қилган у аёл. Кейин унга сувлар сепиб, ўзига бир амаллаб келтирганмиз. Бошқа ҳеч қанақа ноқонуний ҳаракат содир этилмаган.

Озодлик: Ҳар ҳолда мен кўрган видеода шундоқ: Сиз тепаяпсизда.

- Мен тепилмаган деяпман сизга.

Озодлик: Қандайдир ҳаққингиз борми, шунақа ҳаракат қилишга- тепишга?

- Ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ,-деди Фарҳод маҳалласи участка нозири Иззатилла Ҳошимов Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Ушбу воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлиб, милиция ходимининг ҳаракатлари қораланди. Жумладан, Alexandra Z никли Фейсбук фойдаланувчиси “нима бўлганда ҳам, бу одамнинг юзига тепиш учун сабаб бўлолмайди”, дея ёзғирди:

“Аёлнинг ҳуши, албатта, жойида эмас, айтилишича, у ўзини ғалати тутган. Аммо участка нозири ундан ҳам баттар экан... Бу вазиятда у ўзини жуда нопрофессионал тутди. Бунақа ходимлар органда ишламаслиги керак”, деб ёзади Alexandra Z. исмли фойдаланувчи.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик тартиб посбонларининг зўравонликлари акс этган видеолар тез-тез тарқатилмоқда. Масалан, ўтган йили охирида Тошкентда милиция ходимларининг трансвеститлар квартирасига бостириб кириши ва уларни калтаклагани акс этган видеотасвир тарқалган, бунинг ортидан бу ишга масъул кўрилган милиция ходимлари ишдан ҳайдалганди.

Озодлик манбаларига кўра, Чилонзор туман милицияси бошлиғи, полковник Абдумажид Шермуҳамедов 11 январь куни махсус мажлис ўтказиб, шахсан ўзи трансвеститни калтаклаган капитан ва катта лейтенант унвонидаги милиционернинг погонларини юлиб ташлаган.

Яна январ ойида Озодлик Тошкентнинг Чорсу бозорида милиция ходимлари тарафидан калтакланган ва бу ҳақда ҳокимият идораларига шикоят қилгани учун туҳматда айбланиб, судга тортилаётганини иддао қилган аёл ҳақида ҳикоя қилган эди.

Март ойи бошида Озодлик муштарийларидан бири Самарқандда икки нафар милиция ходими бир аёлни машина юкхонасига солишга уринаётгани тасвирланган видеони йўллаганди. Муштарийнинг айтишича, ўзи тасвирга олган бу видеодаги ҳодиса 2 март куни Самарқанда шаҳар ички ишлар бўлими ёнида содир бўлган.

Самарқанд вилояти ва шаҳар ички ишлар идоралари ўшанда бундай ҳодиса юз берганини мутлақо инкор қилишган. Аммо Озодликнинг мобил мухбирлари видеода тасвирланган воқеа жойи айнан шаҳар ички ишлар идораси биноси олдида эканини тасдиқлаганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG