Линклар

logo-print

Каримов давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини парламент назоратига ўтказди


12 апрелдан кучга кирган янги қонунга кўра¸ Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари¸ улар мансабдор шахсларининг қонунга қанчалик амал қилаëтганини назорат қилиш парламент ваколатига ўтди. Президент имзо чеккан янги қонун¸ айни пайтда¸ “тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг муайян материаллари” парламент назоратидан ташқарида қолдирилди.

Бош назоратчи - парламент

11 апрель куни президент Ислом Каримов имзолаган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида 12 апрель куни эълон қилиниши билан кучга кирди.

Қонуннинг 1-моддасига кўра¸ унинг “мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат”.

28 моддадан иборат янги қонунга кўра¸ Қонунчилик палатаси ва Сенат депутат ва аъзолари¸ шунингдек¸ парламентдаги фракция ва гуруҳлар¸ шунингдек¸ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда улар мансабдор шахслари фаолияти қонунийлигини назорат қилади.

Айни пайтда¸ “тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ва судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас”.

Парламент назорати дер экан¸ қонун Давлат бюджетини тасдиқлаш¸Вазирлар Маҳкамаси ва Бош вазир маърузаларини тинглаш¸ Ҳисоб палатаси¸ Бош прокурор¸ Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ва Марказий банк раисининг ҳисоботини эшитишни кўзда тутилади.

Янги қонун билан танишиб чиққан сиëсатшунос Камолиддин Раббимов¸ янги қонун шу пайтга қадар Ўзбекистон қонунчилигида алоҳида-алоҳида мавжуд бўлган модда ва бандлар эндиликда алоҳида қонунга жамланганини қайд қилади:

- Шу пайтгача¸ “Парламент назорати тўғрисида” алоҳида қонун йўқ эди. Янги қонунни қонунчиликдаги эски модда¸ банд ва ғояларни тартибга солиш¸ дейиш мумкин. Биргина янгилик¸ гарчи катта бўлмаса-да¸ бу қонунда прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш учун махсус комиссия тузилишидир¸ дейди Раббимов.

Изчил ислоҳот?

Президент Каримов парламент ваколатларини кенгайтириш сифатида тақдим этилаëтган бундай ўзгартишларни 2010 йил 12 ноябридан бери муттасил қонунчиликка киритиб келмоқда.

2011 йил 18 апрелида имзоланган қонун асосида ижроия ҳокимияти аппаратини тузиш ва уни бошқариш ҳамда Ўзбекистон Бош прокурорини тайинлаш ваколатлари гўë президентдан парламентга ўтказилган эди.

2013 йил декабрида қилган чиқишида Каримов “Олий Мажлис юқори палатаси - Сенат ҳамда қуйи - Қонунчилик палатаси ролини янада кенгайтириш, фақатгина қабул қилинган қонунлар ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституциямизга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади”¸ деган эди.

Бу таклифдан кўп ўтмай¸ 2014 йил 17 апрель куни Ислом Каримов президент¸ бош вазир ва парламент ваколатлари бўйича мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритишга қаратилган қонунни имзолаган эди.

Янги қонунни туғдирган эҳтиëж

Парламент ваколатини кенгайтириш иддаоси билан қилинаëтган бу ўзгартишлар¸ Камолиддин Раббимов таъкидича¸ аслида Ислом Каримовнинг ўз қолган обрўсини йўқотмаслик учун қилаëтган сиëсий юришидир:

- Ëши 78 дан ошган Каримов сиëсий экспериментлар ўтказмайди. Биз биламиз¸ 90-йилларнинг биринчи ярмида Каримовнинг умри мустақил парламент билан курашиб ўтди. Каримов ҳозирга келиб парламентни мустақил қилиш¸ ҳокимиятнинг аксар тизимларини назорат қилувчи тўлақонли парламентга айлантириш вазифасини олдига қўйган эмас¸ аксинча. Каримов учун асосий муаммо бугун репутацион муаммо. Яъни фақатгина президент ҳокимияти бошқа ҳокимият тармоқларини жазолайвермасин¸ энди бу ишни парламент қилсин¸ деган мақсад бор бу қонунда¸ дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос Раббимов.

Ҳокимиятнинг бошқа органларини назорат қилувчи парламент кимнинг назоратида?

Ўзбекистон қонунчилигига кўра¸ умумхалқ сайлови орқали сайланиши керак бўлган парламент депутатларининг¸ амалда шахсан президент тасдиқлаган рўйхат орқали тайинланиши айтилади.

Шу боис¸ депутатларнинг халқ эмас¸ айни президент ва унинг девонига ҳисоб бериши¸ парламентнинг эса¸ мустақил ҳокимият тизими эмас¸ ижроия ҳокимиятининг қўғирчоғи айлангани кузатилади.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон парламентнинг ўзи¸ ундаги ҳар бир депутат ва улар мансуб партиялар президент ва президент девонига қарамлиги боис¸ 12 апрелдан кучга кирган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун¸ давлат бошқаруви моҳиятини мутлақ ўзгартирмайди.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва тўлдиришлар парламент ваколатини оширганига қарамай¸ таҳлилчилар¸ депутатларнинг бу ваколатдан фойдаланишига шубҳа билдирмоқда:

- Агар ҳар бир депутат президент девонига битта-битта чақиртирилиб¸ битта гап етмаса¸ ўриб-сўкиб¸ фалон органни текшириб¸ фалон хулоса чиқарасан¸ деб топшириқ берилмаса¸ парламентдагиларнинг ўзича қонунга таяниб¸ МХХ ëки прокуратура фаолиятини текширишига ишониш қийин¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG