Линклар

Тожикистон Маданият вазирлиги бу йил Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режаланмаганини маълум қилди.

Аввалроқ “Азия-Плюс” агентлиги ҳукуматдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, Тошкент Душанбенинг маданият кунлари ўтказиш бўйича расмий сўровига жавоб бермагани, шунинг учун ҳам бу тадбир режаланмагани ҳақида хабар қилганди.

Бироқ Тожикистон Маданият вазирлигининг Халқаро алоқалар бўлими мудири Абдуғаффор Абдужабборов Озодликнинг тожик хизматига бу йил Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш вазирлик режасида умуман бўлмаганини билдирди.

- Бу йилги режамизда мамлакатимизда Ҳиндистон, Қирғизистон маданияти кунларини ўтказиш бор, шунингдек, Беларусь ва Эронда Тожикистон маданияти кунларини ўтказмоқчимиз.Ўзбекистон борасидаги масала муҳокама қилинмаган, - деди Абдуғаффор Абдужабборов.

Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари сўнгги бор бундан 19 йил аввал, яъни 1997 йилда ўтказилган. Тошкент ва Душанбе ўртасида алоқалар совий бошлаганидан кейин икки қўшни мамлакат орасида Маданият кунлари ўтказиш масаласи ҳам кўтарилмаган.

Маданият вазирлиги мулозимига кўра, ўтган йилнинг июнь ойида Тошкентда ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият вазирларининг мажлиси бўлиб ўтган, унда маданият вазири Шамсиддин Ўрузбекзода бошчилигидаги тожик делегацияси ҳам қатнашган.

- Душанбе ва Тошкент орасидаги маданий ҳамкорлик масаласи келажакда ўтказиладиган шу каби учрашувларда муҳокама қилинса, ажаб эмас, - деди Абдуғаффор Абдужабборов.

Жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Унда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Юқори даражадаги учрашувлар доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари алоҳида учрашув ўтказишлари тахмин қилинмоқда. Экспертлар бу музокаралар чоғида ўзбек-тожик алоқалари ривожига тўсқинлик қилаётган муҳим масалалар ҳал бўлишига умид қилмоқдалар.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқалар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан совий бошлаган. “Ўзбекистон исломий ҳаракати” жангарилари хуружидан сўнг Ўзбекистон бир томонлама Тожикистон билан чегарани миналаштирган. Ўша пайтда икки мамлакат ўртасида жорий этилган виза тартиби ҳозирга қадар кучда қолмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги тортишув 2010 йили Душанбе ўз кучи билан Роғун ГЭСини қуришга қарор қилганидан кейин авж олди.

Ўзбекистон раҳбарияти бу тўғон қурилиши минтақада урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.

Сув, транзит ва бошқа сабаблар туфайли вақти-вақти жиққамушт бўлиб турадиган Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар ўтган йили бироз илигандек бўлди. Декабрь ойида Тожикистон пойтахтида икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликларининг консультациялари бўлиб ўтган. Учрашувда томонлар МДҲ ва ШҲТни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилганлар ҳамда бу каби сиёсий консультацияларни ўтказиш орқали кўплаб икки томонлама муаммоларни ҳал қилиш йўлини топиш мумкин, деган хулосага келганлар.

XS
SM
MD
LG