Линклар

logo-print

Сўнгги олти ой ичида Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилоятида ИШИДга алоқадорликда гумон қилиниб ушланган фуқароларнинг кўпчилиги терговга ҳамкорлик ва сукут сақлаш шарти билан қўйиб юборилмоқда. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ушланганларнинг яқинлари маълумот бермоқдалар. Озодлик ўтган йилнинг октябрь-ноябрида ва бу йилнинг январида ушланганлар тақдирига оид маълумотларни аниқлашга уринди.

Озодлик Тошкент шаҳри, Фарғона вилоятидаги фаоллар ёрдамида ўтган йили кузда ва бу йил баҳорда Ўзбекистонда ИШИДга алоқадорлик гумони билан қўлга олинган ўнлаб шахс қўйиб юборилгани ҳақидаги маълумотларни олмоқда.

Хусусан, 13 апрель кунги мулоқотлар натижасида Тошкент шаҳрининг Себзор маҳалласида шу йилнинг январида қўлга олинган 14 диндордан 3 нафари озод қилингани маълум бўлди.

Бироз аввал Фарғона вилояти Сўх туманида ИШИДга алоқадорлик гумони билан январь ойида ушланган ва Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-моддалари асосида айблов эълон қилинган 12 йигитнинг озод қилингани маълум бўлган эди.

Ўтган йилнинг октябрь-ноябрида Тошкент шаҳри ҳамда вилояти, бундан ташқари Фарғона водийсидаги айрим шаҳарларда, январь ойида эса Тошкентнинг қатор туманларида хориждан қайтган диндор кишилар ҳибсга олингани қайд этилган эди.

Улар, асосан, турли диний радикал оқимлар ёки ИШИДга мойиллик, алоқадорлик гумони билан ушлангани айтилган эди.

Терговга ҳамкорлик

Ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ҳибсга олишлар Тошкент шаҳри ва вилоятида, январь ойидаги ҳибсларнинг аксарияти эса Тошкент шаҳрида кузатилган.

Тошкентнинг Себзор маҳалласида истиқомат қиладиган фаоллардан бири исмини айтмаслик шарти билан у ердаги вазиятни тилга олди:

- Бизнинг маҳалламизга қўшни маҳаллада январь ойида, адашмсам, 3 нафар ёш йигитни олиб кетишган эди. Улар 15 кун ўтиришди, қўйиб юборишди. Лекин, улардан олинган маълумот асосида 13 кишини олиб кетишди, 15 суткадан кейин уларни ҳам кўпчилигини қўйиб юборишди. Кейин яна учинчи потокни олиб кетишди. Шуларнинг орасидан ҳақиқатда ИШИДда мойиллиги исботланганларни ушлаб қолишганини эшитдим. Булар шу ёнимиздаги домлардан бирида яшаган шоир йигит ва маҳаллалардан бирида яшаган диндор аёл, дейишди. Лекин, мен уларни шахсан танимайман. Чиққанларни ўзлари жим, бировга оғиз очмаяпти, менимча, - дейди тошкентлик аёл.

МХХ ва ИИВ чархпалаги

Озодлик январь ойида Тошкентнинг Ракат, Салом чойхона, Себзор, Жар Ариқ маҳаллаларида яшовчи, илгари АҚШ ва бошқа хорижий давлатларда ишлаб қайтган 14 киши ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Ҳибсга олинганларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, АҚШнинг Флорида ва Виржиния штатларида ишлаб қайтган 31 яшар Шерзод Абдуллаев, 37 яшар Дониёр Аҳмедов, 35 яшар Мансур Шомансуров, 42 яшар Нодир Туробов, 30 яшар Анвар бўлган.

Хусусан, Себзор маҳалласидаги ҳибслар ҳақида АҚШдан туриб хабар берган ўзбекистонлик муҳожир Мирраҳмат Мўминов ҳам ушланганларнинг кейинги тақдиридан тўлиқ хабар ололмаётгани, улардан фақат 3 нафарининг тақдирини била олганини айтади:

- Ўтган йили кузда ушланган Шавкат, деган йигитни жуда катта пора эвазига чиқаришганини аниқладик. Унинг Америкада фирмалари бор эди. Лекин, унга Ўзбекистондан чиқмайсан, деган. Ҳозир унинг Америкада оиласи, болалари қолиб кетди. Январда ушланган йигитлардан икки нафари - Шомансур Мансуров ва Шерзод Абдуллаевлар қўйиб юборилган. Уларнинг яқинлари ҳам сукутда. Икки нафарини 5 ва 7 йилга қамади, деб эшитдик. Лекин, кимлиги аниқмас. Лекин, инсоф билан айтиш керак, Ўзбекистон ҳозир ушланган диндорларга унақа узоқ муддатлар бериб, қамаб юбориш тактикасидан бироз чекингани кузатилмоқда. Ҳозир энг оғир жавзо 7 йилдан ошмаяпти, - дейди Мирраҳмат Мўминов.

Сукут сақлаш ҳақида тилхат

Матбуотга 200 ортиқ киши ушланганига оид маълумотни берган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи шу кунга қадар бу шахсларнинг кейинги тақдирига оид бирор расмий маълумот олишнинг имкони бўлмаганини айтмоқда:

- Биздаги маълумотларга кўра, ҳибсга олинганларнинг яқинларидан бу ҳақда матбуотга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига маълумот бермаймиз, адвокатга мурожаат қилмаймиз, мазмунида тилхат олинган. ИИВ ва МХХ ҳозир шу йўлга ўтиб олди. Тилхат эвазига ИИВ ёки МХХ уларни қийноқларга солмаётган бўлиши мумкин, чунки унақа қийноқлар ёки ноҳақ қамалди, деган шикоят билан бизга ҳеч ким келмади шу кунгача, - дейди гуруҳ раҳбари Суръат Икромов.

Аммо, норасмий маълумотларга кўра, ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги терговга ҳамкорлик қилиш ва ҳуқуқий ҳимоя сўраб, турли ташкилотларга мурожаат қилмаслик шарти остида қўйиб юборилган.

Суръат Икромов бу қадар кенг кўламдаги ҳибслардан сўнг бу қадар узоқ давом этган "сукунат"га илк бор гувоҳ бўлаётганини айтмоқда:

- Бунақасини аввал кўрмаганман, шу даражада қўрқиб қолишган одамлар. Ичкаридаги яқинларимизни қийнашмаса бўлди, қўйиб юборишса бўлди, деб қолишган. Сўрасам ҳам айтишмайди, бизга келишмайди. Қизиғи, Тошкент вилоятидаги Зангиота туманида айрим ҳибсга олинганлардан Суръат Икромовга бормайсиз, деб талаб қилишган, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Фаолнинг яқинларига босим

Мирраҳмат Мўминов Тошкент шаҳридаги ИШИДга алоқадорлик гумони билан ушланган диндорлар ҳақида нисбатан кўп ва аниқ маълумот берган фаоллардан биридир.

Унинг айтишича, ана шу маълумотлари ортидан унинг Тошкентдаги оиласи - онаси ва сингилларига босим кучайтирилган:

- Сўнгги 40 кун ичида икки бор уйидан олиб кетиб, жуда кучли босим, таҳдидлар билан сўроқ қилишган, пасткашлик қилишган. Саҳарлаб машинага солиб олиб кетишган, Олмазор туман ИИБга. 4 соатга яқин гаплашишган. Телефонларидан менинг, болаларимнинг суратларимни олишган, шахсий ҳаётимга оид маълумотларни сўрашган. Айниқса, онамни қўрқитишган: "Ўғлингизни Америкадан депорт қилдирамиз, ўғирлаб келамиз, бизга ҳеч ким қаршилик қилолмайди", деб қўрқитишган. Мен буни шахсий ҳаётимга тажовуз, деб ҳисоблайман ва буни шундай қолдирмайман, тегишли ташкилотларга мурожаат қиламан, - дейди АҚШдаги ўзбекистонлик муҳожир Мирраҳмат Мўминов.

Расмийлар сукутда

Ўзбекистонда сўнгги 6 ой ичида ИШИДга алоқадорлик гумони билан амалга оширилган ҳибслар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идоралари бирор аниқ расмий маълумот бергани йўқ.

Неча киши ҳибсга олинган, қаерларда ҳибсга олинган ва уларга конкрет қандай айбловлар қўйилгани ҳақида ҳозирга қадар расмий баёнот берилгани йўқ.

Шу кунга қадар бу ҳибслар ҳақида матбуотга маълум бўлган хабарлар ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳибс қилинган ёки қисқа муддатга ушланганларнинг яқинларидан олинган маълумотлардир.

Аммо, сўнгги ойларда Ўзбекистон расмий матбуоти мамлакатнинг турли вилоятларида айнан ИШИДга алоқадорликда айбланган шахслар устидан маҳкамалар, терговларга оид маълумотларни бермоқда. Бундан ташқари, Сурияга бориб-қайтган конкрет ўзбекистонликлар тақдири ҳикоя қилинган ҳужжатли фильмлар намойиш қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG