Линклар

Россияда мартабасидан туширилган руҳоний ҳайдовчини дўппослади


Новосибирск шаҳри полициясининг билдиришича, собиқ руҳоний ҳайдовчини аёвсиз дўппослаётгани акс этган видео ўрганилмоқда.

42 сония давом этувчи видео 10 апрель куни кеч ёзиб олинган. Видео аввалига VKontakte ижтимоий тармоғида тарқалди. Кейинроқ у “Вести” ҳамда бошқа хабар сайтларида ҳам пайдо бўлди.

Видеода бири костюм кийиб олган, бири православ руҳонийларга хос кийиниб олган икки кишининг учинчи бир шахсни йўл бўйидаги тўсиққа тираб, боши ва бетига мушт тушираётганини кўриш мумкин.

Бу тўқнашувга нима сабаб бўлгани видеода кўрсатилмаган.

“Вести” тарқатган маълумотга кўра, руҳоний бир йил аввал мансабидан туширилган.

Gazeta.ru сайти руҳонийнинг исми Александр Черникин экани, у бир йил аввал тижорий ишларга аралашгани ва черков ичида айирмачиликка чақиргани учун черковдан четлатилгани ҳақида хабар берди.

Костюм кийиб олган шахс Черникиннинг укаси экани айтилмоқда.

Видео йирик савдо маркази яқинида ёзиб олинган. Видеога олаётган шахсни ака-ука Черникинларни бас қилишга чақираётганини кўриш мумкин.

Gazeta.ru тарқатган хабарда ёзилишича, жабрланувчининг исми Вадим Мальцевдир. Мальцевнинг таъкидлашича, можаро руҳоний ва унинг укаси миниб олган машина йўлнинг бир бўлимини тўсиб, бир неча дақиқа жойидан силжимагани учун бошланган.

Мальцев автомобилидан чиқиб, йўлни тўсиб олган машина ҳайдовчиси – руҳонийнинг укасидан йўлни бўшатишни сўраган. Бунга жавобан Черникин ва унинг укаси Мальцевни ҳақорат қилган.

Бунинг ортидан Мальцев ҳайдовчининг бош кийимини ерга улоқтриган ва унинг кўз ойнагини тортиб олган. Ўша пайт Черникин машинадан тушиб, Мальцевга ҳужум қилган.

Черникин отвёртка ушлаб олган Мальцев укасини жароҳатлашидан хавотирланганини айтган.

“Уни тинчлантириш учун ёқасидан ушлаб, қўлларини қайирдим ва тўсиққа тирадим”, деган Черникин.

Полиция ходимлари бу ҳодисани кўриб чиқмоқда.

Gazeta.ru тарқатган маълумотга кўра, Черникин тақинчоқ олиб-сотгани ҳамда Новосибирскда миллий черковдан мустақил черков очишга чақиргани учун мансабидан туширилган.

XS
SM
MD
LG