Линклар

Арманистонда Озарбайжонга қурол сотган Россияга қарши намойиш ўтказилди


Еревандаги намойиш иштирокчилари, 2014 йил 13 апрели.

Еревандаги намойиш иштирокчилари, 2014 йил 13 апрели.

Арманистон пойтахти Ереванда 13 апрель куни юзлаб одам Россиянинг Озарбайжонга қурол-аслаҳа сотишига қарши норозилик намойишига чиқди. Норозилар фикрича, бу олди-сотти 2 апрель куни Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида жанговар ҳаракатлар бошланишига туртки бўлган.

Асосан ёшлардан иборат бўлган намойишчилар Россиянинг Еревандаги элчихонаси олдига келиб, “Шармандалик!” ва “Эркин, мустақил Арманистон” дея қичқирганлар.

Уларнинг айримлари элчихона биносига тухум отган, бу эса ОМОН ходимлари билан қисқа муддатли тўқнашувга сабаб бўлган.

Шундан сўнг тадбир ташкилотчиларидан бири Озарбайжонга Россиядан қурол-аслаҳа етказиб беришни зудлик билан тўхтатиш талаби акс этмиш петицияни ўқиб эшиттирган. Нотиқ Москва Арманистон билан ҳарбий иттифоқчилик тақазо қилган мажбуриятларни бажариши лозимлигини таъкидлаган.

Айтилишича, Россия 2009-2011 йилларда тузилган шартномалар асосида Озарбайжонга умумий қиймати 4 миллиард доллар бўлган танклар, жанговар тикучарлар, тўплар ва бошқа ҳужум қуролларини сотган.

Ўтган ҳафта Ереванда бўлган Россия бош вазири Дмитрий Медведев бу шартномалар “зиддият зонасида ҳарбий мувозанатни мустаҳкамлашга кўмаклашишини айтганди. Медведев иддаосича, Москва Арманистон ва Озарбайжонга қурол-аслаҳа етказиб бермаган тақдирда ҳам, ҳар иккала томон уларни бошқа мамлакатлардан сотиб олган бўларди.

XS
SM
MD
LG