Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:11

Қирғизистонда "Жума намози тўғрисида"ги қонун муҳокамага қўйилди


Қирғизистонда ҳайит намозлари марказий майдонларда ўқилади.
Қирғизистонда ҳайит намозлари марказий майдонларда ўқилади.

Қирғизистон парламенти депутатлари “Жума намози тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Мазкур қонун лойиҳасида жума кунлари намозхонлар намозга эмин-эркин бориб келишлари учун тушлик вақтини бир соатга узайтириш ва 12.30-14.30 гача бўлган пайтни тушлик танаффуси, деб ҳисоблаш таклиф қилинган. Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ҳам олиб чиқилади.

Қирғизистон парламенти депутати Тазабек Икрамовнинг айтишича, “Жума намози тўғрисида” ги қонун лойиҳаси энг аввало давлат ташкилот ва идораларида ишловчи хизматчиларнинг намоз ўқишга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.

- Иш берувчи билан ишчи ўртасида жума намозига бориш масаласида тушунмовчиликлар жуда кўп юз бермоқда. Масалан, жума намозига борган одам ишга бир соат кечикиб келади, бунинг ортидан намозхон иш тартиби тўғрисидаги қонунни бузган бўлиб чиқаяпти. Шунинг учун бир ҳафтада бир марта - жума куни тушлик вақтини бир соатга узайтириш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилаяпмиз. Тушлик вақти жума куни бир соатга узайтирилса, бир йилда икки кунга тўғри келар экан. Савболи иш учун мана шу икки кундан воз кеча бўлади,- деди Тазабек Икрамов.

Қирғиз парламентида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини мусулмонлар диний идораси ҳам қўллаб-қувватламоқда.

- Бу қонун лойиҳасидан биз хабардормиз ва уни қўллаймиз. Жума намозига келган жуда кўп одамлар ишга бир соат кеч қолгани учун тушунтириш хатлари ёзишга, баъзилари эса ишдан бўшашга мажбур бўлмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши мана шу каби кўринишларга барҳам берар эди, - деди муфтий ўринбосари Акимжан Эргешов.

Айни пайтда мазкур қонун лойиҳасига қарши чиқаётганлар Қирғизистон дунёвий давлат экани ва алоҳида бир динга ҳукумат томонидан имтиёзлар берилиши бошқа диндагиларнинг ҳуқуқларини бузилишига сабаб бўлишини айтмоқдалар.

Қирғизистондаги ҳукумат идораларида, жумладан, президент маъмурияти ва парламентда ҳам намозхоналар бор. Хусусий ширкатлар ва суппермаркетларнинг ҳар бирида намоз ўқиш учун алоҳида барча шароитларга эга хоналар мавжуд. Қонун лойиҳасига қарши чиқаётганлар фикрича, жума куни намозхон ходимлар мана шу намозхоналарда жамоа бўлиб ибодатни амалга ошириши мумкин.

- Қирғизистон ўзини дунёвий давлат, деб эълон қилган. Бугун “Жума намози тўғрисида”ги қонун қабул қилинса, эртага бошқа диндагилар ҳам ўз ибодатлари учун қонун ишлаб чиқилишини талаб қиладилар. Унда нима қиламиз? Ахир Қирғизистонда мусулмонлардан ташқари православлар, буддистлар, католиклар, сектантлар ҳам яшайди, -деб ҳисоблайди таниқли адвокат Нурдин Асанов.

Қирғизистонда жума намози ва давлат органлари ходимларига намоз ўқиш учун шарт-шароитлар яратиб бериш масаласи бир неча йиллардан бери парламентда кўтарилиб келинади.

Парламент муҳокамаларидан кейин бир неча йиллар олдин парламентда ва бошқа давлат идораларида намозхоналар ташкил қилинган. Айрим давлат идораларида эса ходимлар ташкилот раҳбари имомлигида намоз ўқишлари одат тусига киргани ҳам халқ орасида айтилиб келинади.

Қирғизистон парламентининг бир қатор депутатлари бир неча йиллардан бери жумани дам олиш куни, деб эълон қилиш масаласини кўтариб келади. Бироқ бу ташаббус парламент томонидан қўллаб-қувватланмаган.

XS
SM
MD
LG