Линклар

Ҳукумат ўзбек деҳқонидан мева-сабзавотни бозор нархида олмоқчи. Деҳқонлар ишонмаяпти


Ўзбекистон президенти 12 апрелда имзолаган қарорга биноан, 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этиладиган бўлди.

Президент қарори имзоланишидан олдин Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотни юк машиналарида хорижга экспорт қилишга рухсат берувчи қарори чиққан эди.

Ўзбекистонлик баъзи кузатувчилар кейинги йилларда ҳар икки қарорни амалга оширишнинг ташкилий-технологик базаси яратилганини эътироф этиб турган бир пайтда баъзи мева-сабзавот етиштирувчилар "бу қарорлар бир неча ойдан сўнг яна ўзгариб кетмаслигига кафолат йўқ", демоқда.

Қарорнинг деҳқон ва боғбонга тааллуқли қисми

Президент 12 апрелда имзолаган "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга биноан Давлат буюртмаси доирасида:

маҳсулотларни “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари фермер ва деҳқон хўжаликларидан контрактация шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали сотиб олади;

ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилинади;

Қарорнинг деҳқон ва боғбонга тегишли қисми шулар. Қолгани экспортчига тегишли меъёрлардир.

Қарордан мақсад

Ҳужжат муқаддимасида айтилишича, у “қайта ишлаш корхоналарини хомашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш мақсадида” қабул қилинган.

Хушхабар

Фарғоналик таҳлилчи Абдусалом Эргашев куни кеча Озодлик билан суҳбатда кейинги йилларда мамлакат ички бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдиришнинг ташкилий-технологик базаси яратилганини эътироф этган эди.

- Бундан 5 – 10 йил олдин Ўзбекистон катта ҳажмдаги совуқхоналар қуриш бошланган. Ҳозир бундай совуқ омборлар жуда кўп. Уларнинг фойдаси, албатта, сезилаяпти. Одатда баҳорда қимматлаб кетадиган сабзавот мана бугун арзон, дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғоналик таҳлилчи билан бошқа бир қарор - Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотни юк машиналарида хорижга экспорт қилишга рухсат берувчи қарори муносабати билан гаплашган эдик.

Ўзгарувчан сиёсат

Маълумки, ҳукуматнинг бу соҳадаги сиёсати бир йилга етмаган муддатда бир неча бор ўзгарди. Мева-сабзавотни аввалига фақат самолёт ва поездларда ташишга рухсат берилди, кейин чекланган тарзда автомобилларда олиб чиқишга рухсат бердилар, яъни бу имкониятдан ҳамма ҳам фойдалана олмади. Мана энди халқаро юк ташишга лицензияси бор машиналар ташийверсин, қабилидаги қарор чиқди.

Ҳукуматнинг прогноз қилиб бўлмайдиган бу сиёсатидан кўплаб деҳқонлар зарар кўрди.

Тошкентлик Ғолиббек Холназаров - юқори малакали иқтисодчи, айни пайтда у боғбон-фермер ҳамдир.

- Ўтган йили мева-сабзавотни ташқарига автоуловда олиб чиқишни тақиқлаб қўювди. Шахсан ўзим гувоҳ бўлдим, ёнимдаги боғбон 7 - 8 етиштирган қарийб 1 гектарлик узумзорини бузиб ташлади. Чунки, ўтган йили узумини килосини 300 сўмдан вино заводи ҳам олмади, деди Ғолиббек Холназаров.

Унинг ўзи ҳам ўтган қишлоқ хўжалик йилида фойда кўрмади.

- Ўтган йили боғимиз ҳосил бермади. Олмани совуқ уриб кетди. Узумни зўрға 300 сўмдан вино заводига, Паркент туманидаги Қорақалпоқ жамоа хўжалиги жойлашган ердаги винзаводга 300 сўмдан зўрға топширдик, дейди суҳбатдошимиз.

Қани, ёз келаверсинчи...

Ғолиббек Холназаров Вазирлар Маҳкамаси қарорига ҳам, Президент қарорига ҳам катта скепсис билан қарамоқда.

- Пахта билан буғдойни давлат ўзи белгилаган нархда сотиб оладию? Ўшанга ўхшаб, энди мева-сабзавотни ҳам давлат нархида сотиб олмоқчи бўлишаётгандирда, деди Жанубий Кореяда ўқиб қайтган малакали иқтисодчи, ҳозирда эса боғбон-фермер Ғолиббек Холназаров.

Балки, ёз келгач, давлат фермерлардан мева-сабзавотни сотиб олишни бошлагач, суҳбатдошимизнинг фикри ўзгарар? Ҳар ҳолда Президент қарорида мана бундай дейилган:

Ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG