Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:53

Россия президенти аҳоли билан 14-жонли мулоқотини ўтказди


14 апрель куни Москва вақти билан соат 12да бошланган мулоқотда, асосан, ижтимоий-иқтисодий муаммолар - озиқ-овқат, дори-дармон, нефт нархи ҳамда сифати, маошлар, хусусий фирмалар, ишбилармонлар муаммолари, Қримга сайёҳлик, бундан ташқари Россия ташқи сиёсати - Украина ва Суриядаги вазият, Туркия ва НАТО билан муносабатлар ҳақида саволлар берилди. Путин, одатдагидек, ҳозиржавоблик билан жавоб берди.

Йўллар, ойлик, дори-дармон

3 соату 40 дақиқа давом этган мулоқотда биринчилардан бўлиб Россиядаги йўлларнинг сифатида ёмонлиги ҳақида Омск вилоятидан савол тушди ва Путин йўлларни яхшилашни ваъда қилди.

Илк саволлардан яна бири ойликларнинг озлиги ва вақтида берилмаслиги ҳақидаги видеосавол бўлди. Путин бу муаммони ҳам дарҳол ҳал қилишни ваъда қилди.

Кейинги жиддий савол Россияда ишлаб чиқарилган дори-дармонларнинг арзон, аммо сифатсизлиги ҳақида бўлди. Путин маҳаллий фармацевтика соҳаси тизимини узоқ тушунтирди ва сўнгра аввалдан студияга таклиф қилинган соҳага масъул раҳбарлардан бири танқидларга қалтираб-титраб жавоб берди.

Путин маҳаллий дорини ичади

Шу орада тингловчидан "Сиз ўзимизнинг дориларни истеъмол қиласизми?" деган саволга Путин: "Мен дори ичадиган аҳволгача бормасликка ҳаракат қиламан. Спорт билан шуғулланаман. Грипп мавсумида эмланаман. Умуман олганда, менга қандай дорини беришса, шуни ичаман, афтидан менга ўзимизнинг маҳаллий дориларни беришади", деб жавоб берди.

"Чўкишни истаган" Порошенко ва Эрдўғон

Айни пайтда, россияликлардан тушаётган саволларнинг сезиларлик қисми Суриядаги вазият, Россия ва Туркия муносабатлари ҳақида бўлди. Айниқса, 12 яшар Варя берган: "Агар Эрдўғон ва Порошенко чўкаётган бўлса, биринчи бўлиб кимни қутқарардингиз?", деган саволга жавоб бераркан, Путин: "Чўкишни истаган одамни қутқариш имконсиз. Лекин, ҳамкорларимиз бизга ёрдам сўраб, қўлини чўзса, қайтармаймиз", деди.

Қримга сайёҳлик орзуси

Кейин бошловчи мавзуни Қримга сайёҳлик мавзуига бурди. Қримда ҳозирланиб турган тележурналистлар гуруҳи ярим оролда қурилиши бораётган энг йирик кўприкни намойиш қилди ва Қримда аҳвол кундан-куннга яхшиланаётгани ҳақида маҳаллий расмийлар ҳисоботини эшиттирди. Кейин эса қримликлардан бири Путинни дам олишга Қримга чақирди. У эса: "Бир куни, албатта, бораман. Об-ҳавонинг яхши бўлишини таъминлаб турсангизлар бўлди", деб жавоб берди.

Ғарб санкциялари

Санкциялар ҳақидаги саволларга жавобан Путин, Ғарб санкциялари амалда тураркан, Ғарб давлатларига нисбатан озиқ-овқат эмбаргоси бекор қилинмайди, деди. Шунингдек, Путин яқин-атрофда Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилинишини кутмаётганини ҳам айтди.

Путин Украина президенти Петро Порошенконинг мамлакат ҳудудига ЕХҲТ вакилларини жойлаштириш таклифини қувватлади, лекин Киев раҳбариятини Минск келишуви шартларини бажармаганликда айблади.

Панамагэйт

Жонли мулоқот давомида Путин ғарб матбуотининг оффшор ҳудудлардаги яширин молиявий фаолият ҳақида фош этган маълумотларни ҳақиқий, деб билишини айтди. Айни пайтда, у бу ҳужжатларни сиздирганлар "ҳеч кимни айбламаётгани" ва бу билан гўёки "кенг фазога бармоғини ниқтаган" каби мавҳум иддаоларни илгари сурди, деб таъкидлади. Ўз дўсти виолончелист Сергей Ролдугин ҳақидаги саволларга жавоб бераркан: "Ҳозир Ролдугинда ҳеч нима қолмади, ҳатто қарз бўлиб қолди", деди.

"Ўрмондан чиққан" Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг Россия муҳолифати ҳақидаги зиддиятли баёнотларини шарҳлаган Путин: "Қодиров мураккаб ички эврилишни бошидан кечирди, буни тушунинглар. У бир неча йиллар давомида ўрмонда жанг қилди", деди.

Путинга кўра, Қодиров ва Кавказ минтақасининг бошқа раҳбарлари сиёсий мухолифлари қаршисидаги масъулиятини янада яхшироқ англаши лозим. Айни пайтда, Қодиров каби лидерларнинг муносиб сиёсий даражага кўтарилиши ҳам вақт олишини тўғри тушунишни тавсия қилди.

Бу йилги рекорд

"Интерфакс" агентлиги қарийб 4 соат давом этган бу йилги жонли мулоқотда президент Путин жами 80 та саволга жавоб берганини хабар қилди.

Аммо, Путиннинг амалдорлари президент танбеҳларига муносабати тезлиги бўйича бу йил рекорд ясади. Жумладан, Омск вилоятидан йўлларнинг ҳароблиги ҳақида берилган савол янграшидан бир неча дақиқа ўтиб, маҳаллий расмийларнинг 1 майдан вилоятдаги энг ёмон 21та йўлни тузатиш ваъдаси матбуотда узатилди.

Яна ҳам тезроқ берилган расмий жавоб Шикотан оролида меҳнат қонунлари бузилгани ҳақида бўлди. Путин буни танқид қилишидан бир неча дақиқа ўтиб, оролдаги балиқ комбинати директори устидан жиноят иши очилди.

Ҳозиржавоб Путин

Путин бу йил ҳам саволларга ҳеч ўйланмасдан, қоқилмасдан ҳозиржавоблик билан жавоб берди.

Россия тележурналистлари эса аввалдан ёзиб олинган саволлар ва Россиянинг турли ўлкаларида саҳналаштирилган репортажларни пешма-пеш айлантириб турди.

Аммо, ойлик озлигидан шикоят қилган савол эгасига, кутилмаганда Путин ҳам савол билан юзланиб қолган эди, бошловчилар бу саволнинг аввалдан ёзиб олинганини айтишгач, ҳайрон ҳам қолди.

1 миллионта савол

Кремл тарқатган баёнотга кўра, мулоқот олдидан россияликлардан қарийб 1 миллион савол келиб тушган.

Бу саволларнинг асосий қисми ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид экани айтилди. Бундан ташқари, мулоқотгача йиғилган саволлар орасида "Россия фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари" ҳақида ҳам саволлар кўплиги айтилди.

Шунингдек, бу йил Россия президенти илк бор фуқаролардан видео-қўнғироқларни қабул қилди, россияликлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам савол йўллади.

14-жонли мулоқот

Бу Путининг 14-анъанавий жонли мулоқотидир. Мулоқотлар чоғида, одатан, Россия президенти сиёсати ва унинг атрофида йиғилган амалдорларнинг коррупциясига оид кескин танқидлар, эътирозлар кўтарилмайди.

Бу мулоқотлар залга қўйилган журналистлар ва мамлакатнинг турли шаҳарларидан телекўприк тарзида мулоқотга уланадиган фуқароларнинг саволлари аввалдан ҳозирлангани ва кескин цензура қилингани учун йиллар давомида танқид қилиб келинади.

XS
SM
MD
LG