Линклар

logo-print

Чодирхаёл: Ромео ва Ҳамлетни ўйнаган ўзбек актери билан суҳбат


Рашид Шадат

Рашид Шадат

Бу йил Уильям Шекспир ҳаётдан кўз юмганининг 400 йиллиги муносабати билан “Шекспир барҳаёт” кампаниясига старт берилди. Бу кампания доирасида Шекспир ижоди ва ҳаëтига оид турли тадбирлар уюштирилади. Озодлик радиоси Уильям Шекспир ижодининг ўзбек театр санъатига таъсири ҳақида туркум мақолалар тайëрлади. Ана шундай мақолалардан биринчисига Шекспир асарларидаги Ромео ва Ҳамлет ролларини ўйнаган ўзбек актери Рашид Шадатни танлади.

Шу кунларда Лондондаги театрлардан бирида ишлаëтган 40 яшар Рашид Шадат ўз ҳаëти Шекспир боис буткул ўзгариб кетганлигини айтади.

Озодлик билан суҳбатда Рашид Шадат Шекспир драмасидаги Ҳамлет ролидан парча ижро қилиб берди.

Ўзбеклар кашф қилган Шекспир

Шекспирнинг ўзбек томошабини томонидан кашф этилиши 1935 йилда — “Ҳамлет” трагедиясининг Ҳамза номидаги драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да саҳналаштирилиши билан бошланган. Шундан кейин Ўзбекистондаги ўзбек ва рус театрларида Шекспирнинг “Отелло”, “Ромео ва Жульетта”, “Юлий Цезарь”, “Қирол Лир”, “Кориолан”, “Вероналик икки йигит”, “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, “Ёз тунидаги ғаройиб отлар” сингари асарлари катта муваффақият билан қўйилди.

Ўтган йили Алишер Навоий номли опера ва балет театрида режиссер Фирудин Сафаров Жузеппе Верди басталаган “Отелло” операси саҳнага қўйилган бўлса¸ бу йил Қашқадарëдаги театрда “Отелло” спектакли томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Ўзбекистонлик 33 яшар театр режиссери Жўрабек Рўзметовнинг айтишича, Шекспир ижоди билан 1996 йили мактабда ўқиган вақтида танишган:

- Шекспир асарларини ўқиш давомида мен театр санъатига қизиқдим. Айнан Шекспирни мутолаа қилиш асносида визуал санъат бўлган саҳна сирларига ошно бўлдим, дейди суҳбатдош.

Шекспир мутаржимлари

Шекспир асарларини таржима этишда Ғафур Ғулом, Яшин, Уйғун, Шайхзода, Туроб Тўла, Қодир Мирмуҳамедов каби ёзувчи ва таржимонлар иштирок этдилар.

Сўнгги йилларда Жамол Камол Шекспир асарларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди.

Чўлпон қаламига мансуб «Ҳамлет»нинг таржимаси эса ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади.

Шекспирнинг 1592—1600 йилларда ёзилган “Сонетлар” китоби Уйғониш даври нафис санъатидан илҳом олган тарзда дунëга келгани айтилади.

Шоир Хуршид Даврон таржима қилган Шекспир сонетларидан бири “Эртанги қуëшга пешвоз чиққан буюк йўлчи” образида ўз ҳаëтини тасвирлайди:

Олов тожли бошин кўтариб аста,

Ëтоғидан оқ тонг қўзғалади бот.

Зиё тангрисини эҳтиром ила

Таъзим этиб қарши олар мавжудот.

Чошгоҳда қудрати ошиб мислсиз

Офтоб юксаклардан сочаркан зиё, —

Олтин гардишига миллион-миллион кўз

Шавқу ҳаяжонда боқур маҳлиё.

Манзилларин ўтгач, сафари қариб

Ҳорғин қуёш аста ботар экан оҳ,

Унга сиғинганлар юзларин буриб

Тамом тескарига ташларлар нигоҳ.

Ёшлик ўтар, фарзанд қолдирганинг соз,

Эртанги қуёшга у чиқур пешвоз.

XS
SM
MD
LG