Линклар

logo-print

13 апрель куни Москванинг Молодежная метро бекати ёнидаги ётоқхонада асосан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан Москвага борган юздан ортиқ меҳнат муҳожири овқатдан заҳарланиб, шифохонага тушди.

Москва шаҳридаги туркларга қарашли қурилиш ширкатларидан бирида ишлаётган 140қа яқин муҳожир кечки овқатга берилган картошка пюре ва товуқ гўштидан заҳарлангани тасдиқланди.

Озодлик Москванинг турли қурилиш майдончаларида ишлаётган мигрантларга тайёр овқатларни Боязид исмли турк фуқаросига қарашли “Анадолу Групп” ширкати етказиб бериб турганини аниқлади. "Ярцевская 36" манзили бўйича жойлашган ётоқхонада асосан Рублевка шоссесидаги кўп қаватли уй-жой қурилишида ишлаётган бригада ишчилари заҳарлангани маълум бўлди.

Ширкат қурилиш объектлари муҳофазаси бўлими бошлиғи Дмитрий Телецин Озодликка ётоқхона полиция, тергов ва прокуратура ходимлари томонидан текширилгани, барча хоналар дезинфекция қилинганини билдирди:

- Кеча ходимларимиз овқатдан оммавий заҳарланди. 60 яқин одам шифохонада қолмоқда, жавоб олганлар аста-секин ётоқхонага қайтиб келаяпти. Бизга айрим компаниялар буюртма асосида озиқ-овқат етказиб беради. Кеча сифатсиз егулик олиб келишган, кўринади. Ишчиларга тушликка товуқ ва картошка-пюре, макарон берилди: мана шу пюре ва товуқни еганлар заҳарланибди. Ётоқхона камчиликлар тузатилгунига қадар ёпилиши эҳтимоли бор, - деди Дмитрий Телецин​.

Қурилиш ширкати вакили ҳозирда ўта оғир аҳволда бўлганлар деярли қолмаганини маълум қилди. Дмитрий Телецин шифохонага ётқизилганлар қурилиш компанияси ҳисобига даволанишини ҳам қўшимча қилди.

Москва Соғлиқни сақлаш департаментининг билдиришича, шифокорларга мурожаат қилган 140 кишидан 58 нафари шифохонага ётқизилди, қолган 80дан зиёд ишчи тиббий муолажадан кейин қўйиб юборилди. Овқатдан заҳарланганларнинг аксар қисми 25дан 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари эканини шу ётоқхонада яшовчи ўзбек муҳожирларидан бири тасдиқлаб берди:

- Ҳа, картошка билан товуқдан заҳарланди. Ётоқхонада 300 зиёд одам яшайди. Ўзбекистоннинг асосан Хоразмнинг Шовот, Гурлан ва бошқа туманларидан, Бухородан келган болалар ҳам бор,- деди ўзини таништирмаган ўзбек муҳожири.

Москва шаҳар Бош тергов бошқармасида оммавий заҳарланиш ҳодисаси юзасидан текширув ишлари бошлаб юборилганини маълум қилишди.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка вазиятни тушунтириб берган ўзбек муҳожирларидан бири ишчиларнинг қурилиш ширкатига эътирози йўқлигини билдирсада, раҳбарият сўраганга "товуқ гўштини "Ашан"магазинидан ёки шаурмачилардан сотиб олиб едик" дейишни буюрган:

- Бу ширкат ётоқ беряпти, еб-ичарини беряпти: ҳеч кимнинг бу ишидан айрилгиси келмайди. Эшитишимизча, овқатни тайёрлаган катта-катта "Ашанга" ўхшаган магазинлардан сроги ўтган маҳсулотларни сотиб олиб, пиширган, деган фикрга бораяпти кўпчилик. Ўша куни 3 "Икарус" одам олиб келган шифохонага. Ўзидан кетиш ҳолатларигача бўлган! Болларга "товуқни "Ашан"дан олиб келдик" деб айтинглар", деган. Лекин болларга ваъдаларни берган, кўпчилки судга бермасин деб. Ойликларни вақтида беради, шароитларига чидаса бўлади, деди ўзбек муҳожири.

Россиядаги турли ширкатларга ёлланган меҳнат муҳожирлари, одатан, жуда оғир гигиеник шароитларда ишлаши, уларга элементар нормаларга жавоб бермайдиган даражада хизмат кўрсатилиши танқид қилиб келинади.

2013 йилда Москва Сити қурилишида ишлаётган 78 нафар меҳнат муҳожирлари ҳам овқатдан оммавий заҳарланиб, шифохонага тушгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Ўша йилнинг августида Санкт-Петербургда “Пулково” аэропорти қурилишида ишлаётган 400дан зиёд ишчи ҳам сифатсиз егуликдан заҳарланган эди. Бу муҳожирларнинг 70 фоизи Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Иркутск шаҳридаги Юбилейний микрорайонидаги қурилишлардан бирида 11 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири овқатга солинган натрий нитритидан заҳарланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG