Линклар

logo-print

Ўзбекистонда нейрохирургия соҳасида кадрлар танқис бўлиб қолмоқда. Жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштирган “Қишлоққурилишбанк” мансабдорлари ушланди. Қамоқдаги “ҳизбут-таҳрирчи” фарзандларига мактуб ёзди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ўзбекистонда нейрохирургия соҳасида кадрлар танқис бўлиб қолмоқда

Ўзбекистонда нейрохирургия соҳасида кадрлар танқислиги ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда (“Оила даврасида”, 14 апрель). Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёровга кўра, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон энг оғриқли нуқталар саналади. Сурхондарёда нейрохирург мутахассислар билан таъминланганлик 57,9 фоизни, Қорақалпоғистонда эса 82,2 фоизни ташкил этмоқда. Қайд этилишича, муаммонинг сабабларидан бири тиббиёт йўналишида контракт асосида ўқиган талабаларнинг аксари Тошкентдаги ихтисослашган марказ ва поликлиникаларда ишлаб қолмоқда, фақат давлат гранти асосида таълим олганларгина кадрга эҳтиёж юқори ҳудудларда фаолият бошламоқда.

“Қишлоққурилишбанк” мансабдорлари жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштирган

“Қишлоққурилишбанк” Бухоро вилояти минтақавий филиали бошқарувчиси Шуҳрат Муртазоев ва яна бир неча мансабдор жуда катта миқдордаги маблағни ўзлаштиргани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 14 апрель). Банк мансабдорлари муайян фирмаларга кредит ажратиб, маблағни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштириб келган. Тергов хулосасига мувофиқ, 460 миллион сўмга яқин кредит маблағи талон-тарож қилинган. Мазкур жиноий ишда “Қишлоққурилишбанк”нинг Бухоро вилояти бошқарувчиси Ш. Муртазоев билан бирга, Гала-Осиё филиали бошқарувчиси Т. Шеров, кредитлаш бўлими бошлиғи Ш. Қурбонов ва мутахассис Х. Ходжаевлар ҳам иштирок этган. Қайд этилишича, айбланувчилар етказилган зарарни тўла қоплагани боис, суд томонидан уларга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Тошкентлик “ҳизбут-таҳрир”чи қамоқдан фарзандларига мактуб ёзди

“Ҳизбут-таҳрир” диний-экстремистик оқимига аъзолиги учун озодликдан маҳрум этилган тошкентлик Ботиржон Рашидов қамоқдан оила аъзоларига мактуб ёзди (“Даракчи”, 14 апрель). “Ҳизбут-таҳрир” йўлини тўғри деб билиб, 12 йилдан ортиқ вақт давомида ҳақ йўлдаман деб, бутун борлиғимдан айрилганимни кеч тушуниб етдим, алданганимни, “ҳизб”ни деб бутун ҳаётим барбод бўлганини тушундим. “Ҳизбут-таҳрир”! Мени ва фарзандларимни хўрлаганинг, оиламни барбод қилганлигинг учун сендан нафратланаман!” дейилади мактубда. Қайд этилишича, Б. Рашидов 1966 йилда Тошкентда туғилган. 2004 йилда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтда Зарафшон шаҳрида жазо муддатини ўтамоқда.

Қаршидаги оилавий поликлиника бош шифокори ярим миллиард сўмни талон-тарож қилди

Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиника бош шифокори Нурмамат Дўстқобилов давлат маблағлари ва ўзгаларга тегишли ризқни юҳодай домига тортди, деб хабар беради “Ҳуқуқ” нашри. 2005 йилдан бери бош шифокор бўлиб ишлаб келган Н. Дўстқобилов 507 миллион сўмдан ошиқ маблағни талон-тарож қилган. Ярим миллиард сўмлик маблағнинг каттагина қисми поликлиникада ишламаган шахслар номига очилган карточкаларга пул ўтказиш йўли билан ўзлаштирилган. Бу борада бош шифокорга поликлиника бош ҳисобчиси ва хазиначиси ёрдам берган. Уч судланувчига ҳам тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

Интернет кафеда компьютер ўйнаётган, бозорда арава тортаётган ўқувчилар мактабга қайтарилди

Наманган вилоятида дарсга қатнашмай, кўча-кўйда бемақсад юрган, тиланчилик, аравакашлик қилаётган ҳамда интернет кафеларга кирган ўқувчиларни аниқлаш бўйича “Ўқувчи” тадбири ўтказилди (“Постда”, 9 апрель). Тадбир давомида бозорда арава тортаётган 2 нафар, савдо қилаётган 32 нафар, интернет кафеда компьютер ўйнаётган 31 нафар ўқувчи аниқланиб, дарс машғулотларига қайтарилган. “Тун” тадбири рейдларида эса 14 нафар ўқувчи ота-онаси кузатувисиз тунда кўнгилочар масканда бўлгани аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан уларнинг ота-онаси ва кўнгилочар масканлар эгаларига нисбатан маъмурий иш очилган.

Тоҳир Малик айрим клипларни ҳайвонот боғига ўхшатди

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик Фейсбук саҳифаси орқали шоу-бизнес вакилларига кинояли муносабат билдирди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, ёзувчи кайфияти ёмон бўлган пайтда телевизорда ашулачиларнинг клипини овозини ўчирган ҳолда томоша қилишини айтган. “Чунки ашулаларининг сўзларини эшитсам, тепа сочим тикка бўлиб кетади. Овозни ўчириб, уларнинг ҳаракатларини кўрсам, кулгим келади. Сиз ҳам бир тажриба қилиб кўринг. Баъзиларида худди ҳайвонот боғида очиқ эшиклар куни ўтказилаётганга ўхшайди. Баъзи ашулачиларнинг қорни бураб оғрияптию ҳожатхона эшиги олдида навбат кутиб қийналаётганга ўхшайди”, деган ёзувчи Тоҳир Малик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG