Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:03

Тожикистон президентининг қизи сенатор бўлмоқчи


Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмон.
Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмон.

Тожикистон президентининг қизи, президентнинг ижроия девони раҳбари Озода Раҳмон Душанбе шаҳар халқ депутатлари томонидан пойтахтдаги 4-сайлов округидан мамлакат парламентининг юқори палатаси Мажлиси Миллийга номзод этиб кўрсатилди.

Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига маълум қилган манба Озода Раҳмон номзоди депутатлар тарафидан “бир овоздан” қўллаб-қувватланганини қайд этди.

Аввалроқ “Азия-Плюс” ахборот агентлиги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, 4-округдан сенаторликка номзод кўрсатишда Озода Раҳмондан бошқа муқобил номзодлар бўлмаганини хабар қилган.

Душанбедаги мазкур сайлов округидан Тожикистон парламенти юқори палатасига сайлов 29 май куни шаҳар мажлиси ҳамда пойтахтдаги тўрт туман мажлислари депутатларининг қўшма мажлисида бўлиб ўтади.

Авваллари Мажлиси Миллийда 4-округни президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Бахтиёр Худоёрзода тамсил этган. Январь ойи охирида Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси этиб тайинланганидан кейин Худоёрзода сенаторлик ваколатини топширган.

Душанбе шаҳар ҳокимиятидан Озодликнинг тожик хизматига билдиришларича, сенаторликка номзод кўрсатиш эркин бўлиб, депутатлар истаган номзодларини кўрсата оладилар.

Тожикистондаги мавжуд қонунчиликка кўра, парламентнинг юқори палатаси – Мажлиси Миллийга аъзолар парламент қуйи палатаси – Мажлиси Намоёндагон депутатлари каби бевосита сайлов йўли билан сайланмайди.

Сенатнинг 33 аъзосидан 25 нафари Тоғли Бадахшон мухтор округи, Сўғд, Хатлон вилоятларининг вилоят, шаҳар ва туман депутатлари, Душанбе шаҳри ва унинг туманлари депутатлари ҳамда республикага бўйсунувчи туманлар депутатларининг қўшма мажлисларида сайланади. Қолган 8 сенатор эса мамлакат президенти томонидан тайинланади. Тожикистоннинг биринчи президенти Қаҳҳор Маҳкамов Мажлиси Миллийнинг умрбод аъзоси мақомига эга.

Сенатор бўлишга чоғланаётган Озода Раҳмон Тожикистон президентининг учинчи қизидир. Беш фарзанднинг онаси бўлган 38 ёшли Озода АҚШдаги Жоржтаун ва Мэриленд университетини тугатган.

Аввал дипломатик лавозимларда ишлаган Озода Раҳмон шу йил 27 январидан президент маъмуриятининг раҳбари вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Озода серфарзанд президент Имомали Раҳмоннинг тўққиз боласи ичида сиëсий жиҳатдан энг фаоли экани айтилади. Тожикистон президентининг бошқа қизлари, айтилишича, асосан бизнес соҳасида даромад қилиш билан машғул.

Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам мамлакатнинг коррупцияга қарши курашувчи агентлиги¸ Олимпия қўмитаси ва яна қатор давлат ва нодавлат тузилмаларини бошқариб келади.

Тожикистон президентининг бошқа яқинлари ҳам мамлакатдаги бошқа кўплаб юқори лавозимларни эгаллаб турганини айтаётган мухолифатчилар иддаосича, Имомали Раҳмон хархашаларини қонунийлаштириб бериш воситасига айланган тожик парламенти кейинги ойлар давомида мамлакат ҳокимиятини Раҳмонларга хатлаб бериш жараëнини бошлаган.

Шу мақсадда мамлакат конституцияси қайчиланиб, унга Тожикистонни оилавий династия бошқарувига ўтказиш учун эшикларни ланг очувчи ўзгартишлар киритилган.

Аввалига¸ 2015 йил декабрида Тожикистонда Эрон бошқарув тизимидан нусха олингани айтилаëтган президентдан ҳам кучлироқ ва ваколатлироқ бўлган “Миллат пешвоси” деган мақом таъсис этилди ва у Имомали Раҳмонга берилди.

Жорий йилнинг январь ойида парламент конституциядаги бир шахснинг икки мартадан ортиқ президент бўла олмаслигига ўзгартиш киритиш ва президент бўлиш учун белгиланган энг минимум ëшни пасайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилган. Бу ўзгартишларнинг умумхалқ референдуми деган томоша тадбири орқали май ойида конституцияга муҳрланиши кутилмоқда.

Бу ўзгартишлар Раҳмоннинг истаса ўлгунча президент бўлиш¸ истаса ўғлини президент қилиб, ўзи уни назорат қилувчи олий пешво бўлиб яшаши учун замин яратади.

XS
SM
MD
LG