Линклар

logo-print

Россияда президентликка беш марта ўз номзодини қўйган миллатчи, рус сиётатчиси Владимир Жириновский 70 ёшга тўлганига бағишлаб, унинг ҳайкали ўрнатилди. "Узун тили" ҳамда парламентдаги муштлашувлари билан ном таратган Жириновский ҳайкални шахсан ўзи очди.

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) етакчисининг ҳайкали 3 метр бўлиб, бронзадан ясалган. Ҳайкал Жириновский 1999 йил асос солган Дунё тараққиёти институти мактаби ҳовлисида қад кўтарди.

Учига чиққан миллатчи ҳамда экспансионизм тарафдори ўлароқ ном чиқарган Жириновский ўзида яҳудий қони борлиги ошкор бўлгунига қадар антисемит ҳам эди. У ўзига ҳайкал ўрнатишларини ҳечам кутмаганини, бу совғадан фахрланишини изҳор қилди. Ҳайкални тбилисилик ҳайкалтарош, Россия бадиий санъат академияси президенти Зураб Церетели ясаган.

Жириновский ўз Instagram саҳифасида “Церетели бу совғани менга олим ёки атлет бўлганим учун эмас, балки сиёсатчи ва партия лидери бўлганим учун тақдим этди. Шунинг учун бу ҳайкални “бронзадан қуйилган ЛДПР иши” дея аташни таклиф қиламан”, деб ёзди.

Жириновский ЛДПР партиясига Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида асос солган. ЛДПР мамлакатнинг илк мухолиф партияси бўлган.

Жириновский ўз фаолияти давомида турли можаролари билан ном чиқарган. Сиёсатчи Россия президентлигига беш марта ўз номзодини қўйган. Кўрсатган энг яхши натижаси 2008 йил қайд этилган. Ўшанда сайловчиларнинг 9,35 фоизи унга овоз берган. ЛДПР партияси бошида яхшироқ натижа кўрсатган: 1993 йилги парламент сайловларида партия 23 фоиз овоз тўплаган. Ундан кейинги йилларда эса ЛДПР яхши натижа кўрсата олгани йўқ.

Сиёсатчи сайлов кампаниялари учун “Жириновский, акс ҳолса ундан баттар бўлади” ёки “Жириновский ва ҳаммаси яхшиланади” каби ўзига хос шиорларни танлайди.

Ҳайкал тақдимотидан кейин россияликлар Twitterда уни мазах қилишди.

“Москвада семиз Жириновский озғин Жириновскийнинг ҳайкалини тақдим этди. Россиянинг маданий ва сиёсий ҳаёти шундан иборат”, деб ёзди @StalinGulag ҳисоби эгаси.

“Ҳайкал ўзингдан аққлироқ чиққан пайтдаги аҳволинг”, деб ёзди @Baturyna_Elena.

Бошқалар эса ҳайкал учун Жириновскийнинг бошқача образини танлаш яхшироқ бўлишини айтди.

XS
SM
MD
LG